Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан шу кунларда Рабийъул аввал ойи бошимизга соябон бўлиб турибди, эзгулик шаббодалари ҳамда вужудимизни майин чулғаётган муҳаммадий ифорларни олиб келган бу ой инсоният тарихидаги энг буюк санани, энг буюк воқеани ёдимизга солмоқда. У ҳам бўлса, икки жаҳон сарвари, Одам боласининг саййиди, арабу ажамнинг улуғи бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг дунёга келишларидир. Бу шундай оламшумул воқеа-ки, у тарих оқимини ўзгартириб юборди. Инсониятни жаҳолат зулматларидан маърифат ва ҳақиқат нурига олиб чиқди. Мавлиди шарифни бутун ер юзида мусулмон аҳли бирдек муносиб нишонлаш мақсадида, турли хил тадбир ва маросимлар ташкил қилишмоқда. Шу анъанага мувофиқ, жорий йилнинг 22 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талаба қизлари ўртасида “Сийрат ва ислом тарихи” фан ойлиги муносабати билан “Расулга муҳаббат” мавзусида синф хоналарини байрам шукуҳи асосида безаш мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақани баҳолашда Дин ишлари бўйича қўмита Диний маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи С.Шерхонов ва Тошкент ислом институти ректори У.Ғофуров иштирок этдилар. Мазкур беллашув тўрт шарт: Безакларни мавзуга оидлиги; 2. Ғояларнинг креативлиги; 3. Қўл меҳнатидан фойдаланганлиги; 4. Шарҳлашдаги моҳирлик бўйича баҳоландилар. Танлов натижаларига кўра олий ўринни 303-гуруҳ, 1-ўринни 208-гуруҳ, 2-ўринни 209 ва 3-ўринни 103-гуруҳларнинг талаба қизлари эгаллашди. Ғолиблар жорий йилнинг 29 ноябрь куни талаба қизлар иштирокида бўлиб ўтадиган “Муборак мавлид” байрам тадбирида Тошкент ислом институти томонидан тақдирланади. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи, З.Суярова 855
Ҳурматли форум иштирокчилари! Хонимлар ва жаноблар! Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг барча иштирокчилари ва меҳмонларини қадимий Самарқанд шаҳрида қутлаш ҳамда Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги билан табриклаш менга катта мамнуният бағишлайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гутерришга бизнинг минтақамизда биринчи марта бўлиб ўтаётган ушбу форумни ўтказиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун самимий ташаккур билдираман. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, бошқа ҳамкор ташкилотлар, Осиё мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг юқори мартабали вакиллари, шунингдек, кўзга кўринган хорижий давлат ва жамоат арбоблари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги етакчи экспертлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссия раҳбарлари ушбу форумда иштирок этаётганидан миннатдорман. “Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусида ўтказилаётган мазкур анжуманнинг долзарблиги ана шу асосий ҳужжатнинг ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати билан белгиланади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет хоним таъкидлаганидек, “биз юксак адолат ва тенглик сари ҳаракат қилган тақдирдагина янада барқарор тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётга эришмоғимиз мумкин”. Мен бу муҳим принципни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Тарих шундан далолат берадики, дунёдаги барча цивилизациялар, маданият ва динлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги таянч тушунчаларнинг шаклланишига асос бўлган инсонпарварлик ғоялари таъсирида вужудга келган. Масалан, бундан 2700 йил муқаддам Осиё ҳудудида яратилган энг кўҳна ёзма ёдгорлик – “Авесто” китобида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари негизида барпо этиш ғоялари муҳим ўрин тутади, зўравонлик ва адолатсизлик рад этилади. Шунингдек, Шарқнинг буюк ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний XII асрдаёқ ўзининг “Ҳидоя” асарида ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини сақлаш зарурлиги тўғрисида муҳим ғояни илгари сурган эди. Ана шу муқаддас қадриятлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ва мазкур форум кун тартибига ҳамоҳангдир. Таъкидлаш жоизки, 70 йил аввал қабул қилинган Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси бутун дунёда демократия ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш борасида янги имкониятлар очди. Афсуски, бугунги кунда биз барчамиз ана шу ижобий жараёнга тўсқинлик қилаётган мураккаб ва зиддиятли тенденциялар кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу ўринда жаҳонда, жумладан, Жануби-Шарқий Осиёдан тортиб Яқин Шарққача бўлган маконда қуролли тўқнашувлар кучайиб, ўзаро ишончсизлик ва низолар, миллатлар ва конфессиялараро ихтилофлар чуқурлашиб бораётгани, барқарор тараққиётга қарши бошқа глобал таҳдид ва хатарлар ҳақида сўз бормоқда. Иложсиз ҳолда ўз юртини ташлаб кетаётган кишилар ва қочқинлар сони тобора ортиб бораётгани, таълим ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти йўқлиги, одам савдоси ва мажбурий меҳнат, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, қашшоқлик ва очликка барҳам бериш зарурати билан боғлиқ муаммолар мураккаблашиб бораётганига биз четдан томошабин бўлиб қараб туролмаймиз. Шу маънода, бизнинг қатъий ишончимизга кўра, жами 4,5 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Осиё минтақасининг келажаги кўп жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга тайёр бўлишга, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали минтақавий механизмни шакллантиришга боғлиқ. Ҳурматли форум иштирокчилари! Бугун биз Ўзбекистон миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган бир даврда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган бош тамойилга амал қилмоқдамиз. Айнан ана шу тамойил 2021 йилгача Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегиясини амалга...
Бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис”ва “Араб тили” фанлари бўйича ижодий имтиҳонлар бошланди, дея хабар бермоқда ЎМИ Матбуот хизмати. Қабул имтиҳони жараёнлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида ўтказилмоқда. Имтиҳонлар бошланишидан олдин Қуръон тиловати ва дуо-и хайрлар қилинди. Сўнгра Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов кириш сўзи билан бошлаб, мактабнинг Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилгани, Ҳадис мактабининг мақсад ва вазифалари, талабаларга қўйилаётган юқори даражадаги талаблар ҳақида тушунтириб берди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерҳонов Муфтий ҳазратларининг табрикларини абитуриентларга етказиб, қабул имтиҳонларининг тартиб-қоидаларини тушунтириб берди. Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қабул ҳайъати томонидан тайёрланган, махсус қопларлардаги имтиҳон материаллари абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида очилди. Ижодий имтиҳонларга Ўзбекистон ҳалқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институтининг тажрибали педагог-ўқитувчилари жалб қилинди. Абитуриентларни саралаб олишда араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга қобилияти бўлган, Қуръони каримни ёд олганлик каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қабул жараёнлари учун Тошкент ислом институтида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Эслатиб ўтамиз, Ҳадис илми мактабига абитуриентларни қабул қилиш бўйича тест синовлари жорий йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент ислом институти биносида ўтказилади. 946
“Рабиул-аввал – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой” яъни, мавлид ойи эканлиги муносабати билан Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида “Оламларга раҳмат Пайғамбар” номли тадбир ташкил этилди. Тадбир Қуръони карим тиловати ила бошланди. Сўнгра “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир домла Неъматов барчани мавлид ойи билан қутлаб тадбирни очиб бердилар. Сўнгра тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди. Дастлаб, 3 «Г»-гуруҳ талабалари А.Султонмаҳмудов, С.Бузрукхонов ва Т.Хурсанмуродовлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфлари ҳақида турк ва араб тилида нашида ва саловатлар айтдилар. Сўнгра, 2 «Г»-гуруҳ талабаси М.Мардонов Ҳазиний қаламига мансуб “Ул Расули мустафо” деб бошланадиган мухаммасни ўқиб эшиттирди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Абдулазим домла Сайдаҳмедов мавлиднинг нишонланиш тарихи, ривожланиш босқичлари, уламоларнинг мавлид хусусида айтган фикрлари ҳақида сўзлаб, талабаларнинг бу борадаги илмлари ошишига ҳисса қўшдилар. Сўнгра, 1-курс талабаларидан А. Мадаминжонов ва И.Шаробиддинов, 2-курс талабаларидан Ш.Нурмаматов ва И.Қамбаров ҳамда 3-курс талабаси С.Муҳаммадсолиевлар, Имом Барзанжий қаламига мансуб “Мавлиди шариф” қасидасини ўқиб бердилар. Мавлиди шариф ўқиб эшиттирилгач, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Жалолиддин домла Ҳамроқулов Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳоба-и киромларга муҳаббат қилиш ҳақида мавъиза қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни янада яқинроқ танитишга, бу билан тадбир иштирокчилари қалбларида У зотга нисбатан янада муҳаббат уйғонишига сабабчи бўлдилар. Тадбир сўнгида, барча мўмин-мусулмонлар, хусусан институтимизда хизмат қилиб ўтган ва ҳозирда хизмат қилаётган устоз-ходимлар, толиби илмлар ҳақларига дуо-и хайрлар қилинди. “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси кабинет мудири Э.Ахматқулов 923
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: «Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» (3-оят). Диннинг мукаммал қилингани, неъматнинг батамом этиб берилгани ва Исломни дин деб рози бўлингани тўғрисидаги хабар фақат ўша замон мусулмонлари ёки умуман, мусулмон уммати учунгина эмас, балки бутун инсоният учун катта шараф ва башорат эди. Бу улкан хурсандчилик хабари инсониятнинг узоқ тарихи давомида саодат излаб қилган ҳаракат ва уринишларига тож кийдириб, гўзал натижалар берган эди. Инсонларни яратган холиқи Аллоҳ таоло уни аста-секин тарбия ҳам қилиб борди. Барча авлодларга Исломни дин қилиб берган бўлса ҳам, ҳар замон ва маконга ўзига хос шариат берди. Илк пайғамбар Одам Атога берилган шариат ўша даврдаги содда ҳаётга мос ва ўша замон воқеълигини ҳисобга олган содда шариат эди. Кейинги даврларда ҳам Аллоҳ таоло худди шу қоида асосида ҳар замоннинг, маконнинг ва жамиятнинг ўзига хос ҳолатларини эътиборга олган ҳолда шариатлар юбориб турди. Табиийки, кейин келган шариат олдингисидан мукаммалроқ бўлар эди. Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юбориларди. Уларнинг пайғамбарликлари, шариатлари маълум муддатга, маълум маконга ва маълум жамият ёки қавмга хос эди. Шу тариқа кўплаб пайғамбарлар, шариатлар юборилди. Ниҳоят, инсоният айни камолга етган пайтида Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломга самовий китобларининг сўнггиси Қуръони каримни нозил қилди ва у орқали жамики инсоният учун ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли Ислом шариатини жорий этди. Бу эса инсоният учун улуғ шараф эди. Ана шу охирги шариатнинг мукаммал таълими ва татбиқи йигирма уч йил давом этди. Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бошланган бу оламшумул таълим Мадинаи мунаввара ва унинг атрофларида давом этди, видолашув ҳажи чоғида – ушбу биз ўрганаётган оятнинг нозил қилиниши билан мукаммал бўлди. Ва ниҳоят, оламларнинг Робби Ўзининг мўмин-мусулмон бандаларига «Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим», деб хитоб қилди. Ушбу хитоб Ислом дини инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи шомил низом эканини кўрсатади. Дин эътиқод масалаларини ҳам, шу билан бирга, одоб-ахлоқ, муомала, маънавиятлар, таълим-тарбия, ижтимоий масалалар, ибодатлар, ҳалол-ҳаром ва бошқа муаммоларни ҳам ўз ичига олади. Мазкур ишларда шариат ҳукмига амал қилганлар Аллоҳнинг амрига итоат этган бўлишади. Ким Ислом шариатини ўз ҳаётига дастур қилиб олса, илоҳий дастурни, баркамол дастурни қўллаётган бўлади. Унинг ақийдаси комил, маънавий ҳаёти баркамол бўлади. Таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, ижтимоий ҳаёти, турли алоқалари камолига етган бўлади. Икки дунёдаги бахт-саодати тўкис бўлади. Борлиқни яратган Қодиру Зулжалол шу борлиқнинг халифаси этиб инсонни ҳам яратган. У Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки дунё саодатига эришишини ҳам Ўзи яхши билади. Азалий ва чегарасиз илми ила бандалари учун риоя қилиниши лозим бўлган одобларни ҳам жорий қилган. Биз ушбу китобимизда мазкур одобларнинг бир йўналиши бўлмиш ижтимоий одоблар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Асосий мавзуга киришдан олдин одоб, унинг таърифи ва Исломнинг унга бўлган муносабати борасида қисқача сўз юритиб олиш фойдадан холи бўлмас, деган умиддамиз. Одобнинг таърифи Тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида яхшиликка чақиришни англатади, у «маъдаба» ўзагидан олинган. Маъдаба эса одамларни яхшиликка, маънавий зиёфатга чақиришни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба», яъни зиёфат бўлгани учун шу номни олган. Демак, одоб яхшилик демакдир. «Фалон киши одобли экан» дейилгани ўша одамнинг яхшилиги кўп...