Американинг Бостон шаҳридаги Т.Х.Чан номли Ҳарвард жамоат саломатлиги мактаби олимларининг аниқлашларича, даврий равишда оч қолиш ҳужайралардагии қувват алмашинувини яхшилайди. Илмий тадқиқот натижалари ҳақида EurekAlert портали хабар қилмоқда. Тадқиқотчилар Caenorhabditis elegans нематодалар организмидаги моддалар алмашинувини ўрганишди ҳамда қаришнинг сабабларидан бири бу — митоходриал тармоқларнинг фаолият юритиши бузилиши эканини аниқлашди. Бу тармоқлар эса физиологик бошқарув ва қувват алмашинувида муҳим ўрин тутади. Вақт ўтиши билан тармоқлар яроқсиз ҳолатга келади ва ҳужайраларни заҳарловчи ҳамда метаболизмни бузадиган эркин радикалларни ишлаб чиқара бошлайди. Айни шу жараён кексалик хасталикларининг пайдо бўлиши сабабларидан биридир. Биологларнинг аниқлашларича, истеъмол қилинаётган калорияларни камайтириш митохондриал тармоқлар фаоллигига самарали таъсир кўрсатади ва узоқ вақт мобайнида “яхши ҳолат”да қолишни таъминлайди. Шу билан вақти-вақти билан оч қолиш ёшга доир ўзгаришларни секинлаштиради ва умрни узайтиради, деб ҳисобламоқда олимлар. “Бизнинг изланишларимиз кексалик билан боғлик хасталиклар масаласи билан шуғулланаётганлар учун янги имкониятлар очмоқда”, — дея ҳикоя қилади олимлар жамоаси раҳбари Ҳизер Вейр. Унинг сўзларига кўра, тадқиқотнинг навбатдаги босқичида таомланишни чеклаш сут эмизувчилар митохондриал тармоқлари “эгилувчанлиги”га қанчалик ёрдам беришини аниқлаш бўлади. kun.uz 351
Ҳиндистоннинг Телингана вилояти Бош вазири Кай Чандра Сехар Рао Ҳайдаробод шаҳрида Халқаро Ислом маданияти маркази барпо этилишини маълум қилди. Кай Чандра Сехар Рао мазкур марказ биноси келгуси уч ҳафта ичида тугалланишини таъкидлади. Марказ тўлиқ ишга туширилгандан сўнг, ташкилий ҳайъат томонидан меҳмонлар таклиф этилиб, улар учун Ислом таълимоти ва маданиятига оид турли хил дастурлар ишлаб чиқилади. Бош вазири Кай Чандра Сехар Рао Телингана вилоятидаги кам сонли мусулмонлар жамоасининиг турмуш тарзини бошқа жамоалар турмуш турзи билан яқинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабдан у зарур бўлган иш ўринларини яратишда мазкур вилоятдаги камсонли мусулмонлар раҳбарларига имтиёзли маблағлар ажратилиши бўйича фармон берди. Маълум бўлишича, 45 миллион кишидан иборат бўлган Ҳиндистоннинг Телингана вилояти аҳолисининг 12,5 фоизини мусулмонлар ташкил этади. 2017 йил статистик маълумотларига кўра, Телингана вилоятидаги мусулмонларнинг тенг ярми Ҳайдаробод шаҳрида истиқомат қилади. Аҳолиси бир миллиардга яқин бўлган Ҳиндистонда жами мусулмонларнинг сони 180 миллион кишини ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича Ҳиндистон дунёда Индонезия ва Покистондан кейинги ўринларни эгаллайди. Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг! 363
Қуръони каримда мўминлар ўзаро бир-бирларига дўсту биродар экани баён қилиниб, «Албатта, мўминлaр динда ўзаро биродардирлар…» дейилган (Ҳужурот сураси, 10-оят). Ислом дини инсонларни бир-бири билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Зеро, инсон табиатан киришимли қилиб яратилган, яъни у жамиятдан ажралиб, алоҳида яшай олмайди. Шундай экан, мўмин киши диний ва дунёвий ишларини тўғри йўлга қўйишда солиҳ дўсту ёрларни танлаши лозим. Агар бу дўстлик Аллоҳ учун бўлса, у яна ҳам мустаҳкам бўлади, чунки Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстликка ҳеч қандай дунёвий ғараз аралашмайди. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий ишлар юзасидан сен-менга бориб қолган тақдирда ҳам, уларнинг дўстлигига путур етмайди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳеч қандай соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа инсонларга Ўзининг Арши соясидан жой беради. Улардан бири Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашган инсонлардир», деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Аллоҳ йўлида дўстлашган инсонлар учун охиратда нурдан минбарлар барпо қилинади. Уларни кўриб, ҳатто пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар», деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Дарҳақиқат, аҳли солиҳ кишилар билан ошно бўлган инсон ҳеч қачон панд емайди. Бундай кишилар билан дўстлашиш нафақат дунёда, балки охиратда ҳам фойда бериши Қуръони каримда баён қилинган (Зухруф сураси, 67-оят). Шунингдек, бетавфиқ, нодон инсонлар билан дўстлашиш дунёда шармандалик, охиратда эса ҳасрату надомат келтириши ҳам очиқ-равшан баён этилган (Фурқон сураси, 27, 29-оятлар). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Киши ўз биродарининг динида бўлади», деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда: «Сен ўзинг дўстлашаётган одамнинг хулқ-атвори, унинг қандай одам эканига эътибор бергин», деб марҳамат қилганлар. Халқимизда ҳам «Сен менга дўстинг кимлигини айт, шунда мен сенга қандай одам эканингни айтаман», деган бир гап бор. Дарвоқе, бирор инсонга баҳо беришда унинг ёру биродарлари қандай одамлар эканига қаралади. Агар улар дину диёнатли кишилар бўлса, ўзгалар наздида унинг ҳақида ҳам шундай фикр пайдо бўлади. Борди-ю, ошнолари Худо бехабар, бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган, муттаҳам кимсалар бўлса, уларнинг касофати уриб биродари ҳам ёмонотлиқ бўлиши табиий. Шундай экан, мусулмон киши дунё ва охирати учун манфаатли бўлган инсонлар билан ошно бўлишга эътибор бермоғи лозим. Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ, Тошкент ислом институти ўқитувчиси 420
Энг кўп кўзимиз тушадиган ҳашаротлардан бири чумолидир. Ана шу ҳашаротнинг ҳаёт кечириш тарзига диққат қилсак, кўп ажойиботларга дуч келамиз. Чумоли – уйқу нима, тиним нима билмайдиган меҳнаткаш жонзот. Унинг инсонларга фойдали жиҳати шундаки, кўп хонали уя қилгани боис дарахтлар ва ўсимликларнинг илдизлари атрофи бирмунча очилиб у ерга кислород кириши яхшиланади. Бу эса ўсимликлар ривожига ижобий таъсир қилади. Чумолилар ақлли жонзот ҳам саналади. Улар уясига ташиб олган арпа-буғдой бошоқларини иккига бўлиб қўяди. Шундай қилса, дон нам тортиб кўклаб кетмаслигини билади. Шунга ақли етганига ҳайрон қолаётган одам уларнинг кашнич уруғини тўртга бўлиб қўйишини, агар бу уруғ иккига бўлинса ҳам кўклаб кетиши мумкинлигини эшитса, ҳайрати янада ошади. Негаки, кашнич донининг икки бўлакка ажратиб қўйилса ҳам кўклаб кетишини унча-мунча деҳқон ҳам билмайди. Чумолиларнинг қатъий интизомини кўрганда эса ҳайратдан ёқа ушлаб қолишимиз тайин. Чумоли тўдаларида мустаҳкам иш низоми мавжуд ва ҳар бир чумоли ўз зиммасига юкланган вазифани росмана фидокорлик билан бажаради. Биз чумолиларни кўрганда ҳаммасини бир хил деб ўйлаймиз. Лекин улар бажарадиган вазифалар турли-туман бўлади. Масалан, тўдадаги бир қисм чумолиларнинг вазифаси уянинг эшигида қоровуллик қилмоқдир. Эшикбон чумолиларнинг бошининг катталиги уянинг оғзи билан бир ўлчамда бўлади. Уя оғзига махсус мўлжалланган бу бош структураси унинг уяга ўзининг киришига ҳам, бошқаларнинг киришига ҳам тўсқинлик қилади. Эшикбонлар кун узоғи ҳеч қимирламасдан уянинг оғзида қаққайиб туради. Бу чумолилар уяга фақат ўз тўдасидан бўлган чумолиларни киритади, бошқаларни уя оғзига йўлатмайди. Шунинг учун бирор хатар туғилса, душманга биринчи бўлиб дучлашадиганлар – эшикбон чумолилар бўлади. Чумолиларнинг бир қисми эса тадқиқотчи чумолилардир. Улар уядан чиқиб атрофни айланиб егулик ахтаради. Бирор егулик манбасини топгани заҳоти қорнини мумкин қадар овқатга туйдиради ва бошқа чумолиларга хабар бериш учун жадаллик билан уяга қайтади. Қайтиб келаётганда ҳар-ҳар ерга қорнини ишқалаб кимёвий белги қўйиб келади. Уяга қайтар-қайтмас ҳамма чумолига хабар бериб, уларнинг орқасидан юришини айтади. Шу тариқа тадқиқотчи чумоли қолган чумолиларни белги қўйиб келган йўлидан юриб ўзи топган озуқага манбаига бошлаб боради. Чумолиларнинг антеннага ўхшаган аъзолари таъм билиш, ҳид сезиш, намлик ва кимёвий моддаларни фарқлаш вазифасини бажаради. Чумолилар ана шу антенналар ёрдамида бошқа чумолилар тўдаси қолдирган кимёвий ишоратни англайди ва улар билан мулоқотга киришади. Аллоҳ таоло чумолиларга егулик ташийдиган, уя қурадиган ва уяларини ҳимоя қиладиган, жуда кучли жағ ато қилган. Агар инсоннинг жағи чумолиникидек бақувват бўлганида тишлари билан бемалол юк машинасини судрай олар эди. Чумолининг олдинги жағлари бажарадиган ишларига ихтисослашган. Барг кесувчи чумолининг олдинги жағлари қайчи каби кескин қиррали; жангчи чумолиларни эса ўткир бўлиб, душманнинг бошини қимирлатмайдиган даражада кучлидир. Баъзиларининг жағлари эса аррага ёки тегирмон тошига ўхшайди. Айрим чумоли турларининг оғзида бошқа чумолиларни кўчириш ёки личинкалар ҳосил қилиш учун моддаларни сақлайдиган митти чўнтаги ҳам бўлади. Чумолилар ниҳоятда фидокор ва топганини баҳам кўришни севадиган сахий ҳашаротлардир. Мабодо, бир тўдадан икки чумоли дучлашиб қолса, улардан бири оч ва чанқаган бўлса; иккинчисининг оғзида чайналган ёки ярим ҳазм бўлган егулик бўлса, эҳтиёжи бўлган чумоли егулик талабида бўлади. Овқати бор чумоли ҳеч қачон уни рад этмайди ва ўзидаги егуликни у билан баҳам кўради. Чумолилар личинкаларини ўзларининг озиқ-овқатлари билан боқадилар. Ҳатто аксаран ўзларига бошқаларни меҳмон қилганидан кам егулик айиради. Чумоли тўдасидаги бир қисм чумолининг вазифаси эса уяни ҳимоя қилмоқдир. Бу вазифага махсус тайёрланган чумолилар уяларини ҳимоя...
Бир одам Каъбатуллоҳда туриб: – Эй тўғриларга ёрдам этувчи, ҳаромдан қочганни қурувчи! – деб дуо қилаётган эди. Унга одамлар “шундан бошқа дуони билмайсанми?” дейишди. Шунда у нега бундай дуо қилаётганининг сабабини қуйидагича изоҳлади: – Мен Байтул шарифни тавоф этарканман, оёғимга теккан қандайдир нарсани эгилиб олдим. Қарасам, ичи олтинга тўла ҳамён экан. Шу ондаёқ шайтон ва иймоним мужодала этишни бошлади. “Минг тилло ҳазилакам пул эмас, кам-кўстингнинг бутлаб оласан”, деди шайтон. Иймоним эса “бу сенга ҳаром, бировнинг пули, уни кўтариб юрма, эгасини топиб топшир”, деди. Ана шу мужодала ичида эканман, қулоғимга бировнинг “Шу орада бир олтин тўла ҳамён йўқолди. ким топиб олган бўлса, олиб келсин, ўттиз тилло мукофоти бор”, дея чақириб юргани чалиниб қолди. Минг ҳаромдан ўттиз ҳалол афзал дедим-да, ҳамённи эгасига топширдим. У хурсанд бўлиб менга ўттиз тилло санаб берди. Ўттиз тиллони чўнтакка уриб мисгарлар бозорини айланиб юрган эдим, бир араб қулнинг бир тиллога сотилишини эшитиб қолдим ва шартта уни сотиб олдим. Орадан қанчадир вақт ўтиб, қулимнинг ёнида бир тўда араблар пайдо бўлди ва улар сирли равишда шивирлаша бошлади. Ажабланиб қулимдан нимани гаплашганларини сўрадим. У яшириб ўтирмасдан тўғрисини айтди-қўйди: – Мен мағриб султонининг ўғлиман. Отам ҳабаш султони билан жанг қилиб мағлуб бўлди. Душманлар мени ҳам асирга олиб бу ерларга олиб келиб сотдилар. Отам бу одамларга эллик минг тилло бериб юбормишларки, мени сотиб олиб борсинлар. Сен менга кўп яхшилик қилдинг, ўз фарзандингдек меҳрибон бўлдинг. Мен сендан жуда ҳам мамнунман. Улар мени сотиб олмоқчи бўладилар; ҳеч ҳам камига рози бўлма, эллик минг тиллога сот мени. Унинг айтганидек бўлди. Қулимни эллик минг тиллога сотдим. Шу қадар катта пулга хийла мол олиб Бағдодга бордим. У ерда бир дўкон очдим-да, молларимни сота бошладим. Кунларнинг бирида бир танишим келиб, у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтирди-да, “Машҳур бир тужжор бор эди, вафот этди. Ой каби гўзал қизи етим қолди. Юр сенга ўша қизни сўраб борамиз”, деб қолди. Мен ҳам рози бўлдим. Қизнинг васийларига ҳам маъқул бўлдим ва қизни никоҳимга олдим. Уйдаги жавонга териб қўйилган сандиқчалар ичида олтинга тўла ҳамёнлар бор эди. Уларнинг ҳаммасининг устига “минг олтин” деб ёзилган, фақат биттасининг устида “тўққиз юз етмиш” деб ёзиб қўйилган эди. Нега бундайлигини сўраганимда қизгина: – Отам шу ҳамённи Ҳарами шарифда йўқотиб қўйган экан. Бир ҳалол одам топиб олиб қайтариб берибди. Отам ўша одамга суюнчи деб ўттиз танга берибди, қолгани шу, ичидагилар, – деди. Унинг гапларини эшитиб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, шукрлар қилдим. Зеро, буларнинг ҳаммаси тўғриликнинг, озгина яхшиликнинг беҳисоб барокати эди. Бўлган воқеаларни қизгинага батафсил сўзлаб бердим, бахтиёрлигимиз янада зиёда бўлди… Туркчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси (muslim.uz) 386