Соч инсон зотига берилган катта неъматлардан бири ҳисобланади. Бош ва қошдаги туклар эркакка ҳам, аёлга ҳам баробар зийнатдир. Сочнинг саломатлик учун ҳам фойдаси бисёр. У ёзда бош терисини қуёшдан келадиган ва тери учун ҳалокатли таъсирга эга бўлган ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилса, қишнинг совуқ кунларида бошни совуқдан асрайди.
Бугунги кунда турли-туман сабаб ва омиллар туфайли жумладан, атроф-муҳитнинг бузилиши, витамин етишмаслиги, кимёвий чиқиндилар таъсири, нотўғри овқатланиш, танада мавжуд бўлган паразитлар, доимий стресс, ирсий омиллар ва бошқа хил сабаблар туфайли кўплаб эркаклар ва баъзи аёллар соч тўкилиши ва калликдан азият чекмоқда.
Сочнинг бошнинг маълум бир қисми ёки аксар қисми буткул кал бўлиб қоладиган даражада шиддат билан тўкилиши инсон руҳиятида салбий из қолдиради, уни ҳар хил асабий зўриқишларга дучор қилади. Шу билан бирга у инсоннинг ташқи кўринишига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, уни хунуклаштиради.
Замонавий тиббиётнинг тараққий этиши натижасида соч тўкилишини даволаб, калликка барҳам берадиган турли хил воситалар пайдо бўлди. Улардан бири бемор танасидаги сочдан холи бўлиб қолган жойларга жарроҳлик йўли билан соч экиш амалиётидир. Бунда беморнинг энса қисмидан керакли миқдорда соч илдизлари (пиёзчалари) олиниб, касалланган ҳудудга тегишли жарроҳлик усулида ўтқазилади.
Хўш, бу ишнинг шаръий ҳукми нима? Жоизми, ножоизми? Жавоб шуки, соч тўкилиши ва калликни даволаш мақсадида соч эктириш жоиз. Мазкур амалиёт муваффақиятли амалга оширилса, бошнинг кал бўлиб қолган қисмида сочлар қайтадан ўсиб чиқади. Бинобарин, бу даволаш ва муолажа қилиш қабилидан бўлиб, асло Аллоҳ яратган шаклу шамоилни ўзгартириш бобига кирмайди. Балки, Аллоҳ яратган гўзал хилқатни аслига қайтариш ҳисобланади. “Дарҳақиқат, инсонни энг гўзал суратда (хушбичим қилиб) яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Саҳиҳайнда Бани Исроил қавмида яшаган уч нафар баданида айби бўлган кишилар ҳақида ибратли бир ривоят келтирилади. Улар мохов, кал ва кўзи ожиз кишилар бўлиб, Аллоҳ таоло уларни синаш мақсадида олдиларига инсон қиёфасидаги бир фариштани юборади. Фаришта юқоридаги мажруҳ кишиларнинг ҳар бирига йўлиқиб, нимани хоҳлашини сўрайди. Уларнинг ҳар бири одамларнинг улардан жирканишига сабаб бўлаётган ўзларидаги айбдан халос бўлиш истагида эканлигини билдиради. Фаришта уларнинг баданини масҳ қилганда улардаги хилқий айблар барҳам топади. Жумладан, калнинг баданини силаганда унинг каллиги йўқолиб, бир зумда чиройли соч ато этилади.
Ривоятнинг мавзуимизга тааллуқли жойи шундаки, кал бўлиб қолган киши қайтадан соч ўстиришга ҳаракат қилиши ножоиз бўлганда фаришта бу ишни қилмаган бўларди. Агар бу иш ўтган қавмларда жоиз бўлиб, бизнинг умматга ножоиз бўлган тақдирда ҳам Набий алайҳиссалом шу ҳадисни айтган вақтларидаёқ буни баён қилган ва асло маъқулламаган бўлардилар. Зеро, “баённи эҳтиёж вақтидан кечиктириш жоиз эмаслиги” мўътазила мазҳабига хилоф ўлароқ жумҳур уламолар томонидан баён қилинган ва иттифоқ қилинган бир масаладир. Яъни, усулул фиқҳ уламоларига кўра, шариатни жорий қилувчи тараф (яъни Аллоҳ ва Унинг Расули) бирор масаланинг ҳукми ёки кайфиятини баён этмасдан туриб, ўша масаланинг кайфияти тақозо қилган ҳолат бўйича амал қилишни талаб қилмайди, чунки бу тоқатдан ташқари нарсани талаб қилиш бўлиб қолади ва бу эса динимиз моҳиятига зид бўлган ишдир. Ҳанафий мазҳаби усулул фиқҳ (фиқҳ асослари) мактабида машҳур бўлган шарҳут талвиҳ алат тавзиҳ китобида шундай дейилади:
“وَلَا يَجُوزُ تَأْخِيرُ الْبَيَانِ عَنْ وَقْتِ الْحَاجَةِ ؛ لِأَنَّهُ تَكْلِيفٌ بِمَا لَا يُطَاقُ”
Яъни, “тегишли ҳукм баёнини амал қилишга эҳтиёж туғилиш вақтидан кечиктириб юбориш мумкин эмас. Чунки, бу тоқатдан ташқари нарсага буюриш бўлиб қолади” (2-жилд: 412-саҳифа).
Машҳур муҳаддислардан Абу Довуд ривоят қилишича, Арфажа ибн Асъад ас-Саъдий исмли саҳобий ҳали Исломга мушарраф бўлишидан олдин жоҳилият даврида Кулоб куни деган ном билан танилган машҳур урушда бурнидан жароҳатланади ва ўзига кумушдан бурун ясаттиради. Лекин, вақт ўтиб, кумуш унинг бадани билан чиқиша олмай, бурни йиринглаб кетади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тилладан бурун қўйдиришни буюрадилар.
Ушбу ҳадис ҳам шифо талабида ва айбни кетказиш учун хилқатни асл ҳолатига қайтаришга уриниш жоизлигига далолат қилади.
Кўплаб фиқҳий академиялар қарорларида ҳам зарурат ва эҳтиёж доирасида, турли сабаблар натижасида бой берилган аъзоларнинг ўз вазифаларини қайта тиклаш мақсадида пластик ва пардоз жарроҳлиги амалиётларини ўтказиш жоизлиги ва хусусан, соч тўкилиб кетганда уни экиш жоиз иш эканлиги айтилади.
Аммо, сочлари тўкилиб кетмаётган киши ўзининг табиий ва гўзал сочлари бўла туриб, яна ҳам чиройли кўриниш мақсадида сочларининг зичлиги ва қуюқлигини ошириш учун соч эктирса, уламоларимиз бу ишнинг ножоиз эканлигини айтадилар. Зеро, бу Аллоҳ яратиб берган шаклу шамоилни ўзгартириш ва ношукрлик бўлиб қолади.
Шунингдек, сочларни шунчаки ёпиштириб, гўё табиий сочдек кўрсатиб юриш ҳам жоиз эмас, зеро, бунда одамларни алдаш бор ва ҳеч қандай даво ва муолажа йўқ. Жоиз бўлган нарса юқорида айтилганидек, калликни соч экиш орқали даволашдир, валлоҳу аълам.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев