islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Ақида

Бўлимлар

Муҳкам ва муташобиҳ оятлар

عن عائشة رضي الله عنها قالت: تلا رسول الله صلي الله عليه و سلم هذه الاية {هو الذي انزل عليك الكتب منه ءايت محكمت هن ام الكتاب و اخر متشبهت} الي قوله {و ما يذكر الا اولوا الالبب} قالت: قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: فاذا رايت الين يتبعون ما تشابه منه فاولئك الذين سمي الله “فاحذروهم. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятни тиловат қилдилар: “У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор …” то мана бу сўзигача “Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар”. Яна Оиша онамиз гапларини давом эттириб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар муташобиҳ оятларни ковлаб юрадиган (унга эргашадиган) одамларни кўрсанг, бас улар – Аллоҳ: “Улардан сақланинглар” , деб номлаган кишилардир”. Фатҳул Борийда бу ҳадис 4547-рақам остида келган. Ҳадиснинг нави марфуъдир. “Муҳкам” сўзи “маҳкам”, “очиқ-ойдин”, “бошқа ёққа буриб бўлмайдиган” деган маънони англатади. “Муташобиҳ” сўзи эса, “ўхшаш”, “бирини-биридан ажратиш қийин”, “бир неча маъноларни англатадиган” деган маъноларни билдиради. Қуръони карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади. Бу ояти кариманинг аввалида юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган Аллоҳ: “У сенга китобни нозил қилган зотдир”, деб Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилмоқда. Китобдан мурод – Қуръони карим. “Унда муҳкам (ойдин) оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир. Ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор …”. Қуръони каримда келган муҳкам (ойдин) оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон. “Улар китобнинг аслидир”, яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қиладилар. Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ (бир-бирига ўхшаш) маъноларни билдирадиган, турлича маънога бориш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қиладилар. “Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир”. Бу оятнинг давоми. Демак, аслида бузуқ ниятли кишиларни фош қилишда муташобиҳ оятлар иш берар экан. Қалбида касали бор, ҳидоятдан оғган бундай кишилар ақида ва шариатнинг нозик усулларини очиқ-ойдин баён қилиб берган муҳкам оятларни қўйиб, ғойибдан эшитиш орқали собит бўладиган хабарларга, турли маъноларга далолат қиладиган муташобиҳ оятларга фитна қўзғаш, уни таъвил қилиш мақсадида эргашар эканлар. Хулоса: Ҳадиснинг охирида бундай кимсалардан сақланиш айтилмоқда. 3-курс талабаси Ривожиддин Жўраев 681

Ислом динида ўз жонига қасд қилиш гуноҳи кабирадир

Маълумки, Ислом дини тинчлик, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи диндир. Унинг таълимотида ер юзини обод қилиш, эзгу амаллар билан машғул бўлиш, ато этилган неъматлардан фойдаланиб шукрона келтириш улкан савобларга сабаб бўлувчи солиҳ амаллар ҳисобланади. Аксинча, ер юзида фисқу фасод қилиш, ноҳақ қон тўкиш, қолаверса, ўз жонига қасд қилиш кабилар қораланиб, улар оғир гуноҳлар эканлиги таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсоннинг шаънини баён қилиб: “Биз одамзотни азизу мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни сувда ҳам, қуруқликда ҳам юрадиган қилиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато этиб, уларни бошқа ҳамма махлуқотдан афзал этдик[1]”– деб марҳамат қилган. Мазкур оят инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканлигини очиқ-ойдин кўрсатади. Парвардигор одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса, ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим бўлади. Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи Ислом динининг асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси, ақли ва эътиқодига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади. Қуръони каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишидан ман этилиб: “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар[2]”– дейилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан, бир ҳадисда: Жундуб ибн Абдуллoҳ рoзияллoҳу анҳу ривoят қиладилар: «Пайғамбар сoллаллoҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жарoҳатланди. Бeсабрлик қилиб пичoқ oлди-да, қўл(тoмири)ни кeсиб ташлади ва кўп ўтмай, қoн йўқoтиб, вафoт этди. Аллoҳ: «Бандам жoнига қасд этди, унга жаннатни ҳарoм қилдим», дeди[3]». Ўз-ўзини ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканини шундан ҳам билиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишни қилган кишига жаноза намозини ўқимаганлар. Шунга кўра, исломий манбаларда ўз-ўзини ўлдирган кишига масжид имоми жаноза намози ўқиши дуруст эмас, дейилган. Бугунги кунда ўзларини гўёки мусулмонлардек кўрсатиб, одамларни динга “даъват” қилиб юрган, асл мақсадлари эса, жангарилик ва ноҳақ одам ўлдиришдан ўзга нарса бўлмаган кимсаларни бутун жаҳон кўрмоқда. Ҳозирга келиб буларнинг фаолиятига ҳар томонлама нуқта қўйилганда, улар ўзларини мужоҳид деб эълон қилиб, ўлсак шаҳид бўламиз, деб айюҳаннос соладилар. Аслида эса бу Ислом динига мутлақо зиддир.   3-курс талабаси Ажинияз Жиемуратов  [1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: Шарқ, 2004. Исро сураси, 70-оят. [2]  Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: Шарқ, 2004. Бақара сураси, 195-оят. [3] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Байрут: Дару ибн Касир. 1987. 301

Қазо ва қадар масаласи

Мўмин инсон динида билиши  зарур ҳисобланган эътиқодий билимлар бор бўлиб, даставвал ана шуларни пухта ўрганиб, комил ақидага эга бўлиши лозимдир. Қазо ва қадар – яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолоданлигига иймон келтириш ҳам шулар жумласидандир. Баъзи инсонлар яхшилигу ёмонлик Аллоҳдан деганида Аллоҳ азалда фалон-фалон иш бўлади, деб ёзгану, банда эса уларни амалга оширишга мажбур, деган тушунчага боради. Бу аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зиддир. Уламоларимиз қазо ва қадарни таърифида шундай дейишган:   Аллоҳ таолонинг келажакда махлуқотларида содир бўладиган нарсани билиши қадар дейилади. Яъни Аллоҳ таоло махлуқотларнинг хаётию мамоти, соғлиғию касаллиги, кенгчилигию фаровонлиги, барча ҳолатларини олдиндан билиши  қадар ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг илмида вужудга келиши олдиндан аниқ бўлган нарсани вужудга келтириши қазо дейилади.[1] Яъни Аллоҳ таоло махлуқотлари борасида  олдиндан билган нарсасини Ўзи белгилаб қўйган вақтида Ўз илмига мувофик юзага чиқариши қазо ҳисобланади. Уламоларимиздан Хаттобий рахматуллоҳи алайх  қуйидагиларни айтадилар: «Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни Аллоҳ таоло томонидан Ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга бандани қаҳр ила мажбур қилиш, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. Қазо ва қадарнинг маъноси, бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ томонидан муқаддам билиб турилишидир». Демак, бандаларнинг амалларига казо ва кадарнинг ҳеч таъсири йўқ экан. Қазо ва қадар фақатгина Аллох таолонинг азалда келажакда нималар содир бўлищини билиши ҳам уларни билганидек яратишидир. Бу ерда яна бир нарсага эътибор бериш керакки, Аллох таоло бандага ихтиёр қилиш неъматини берган бўлиб, банда ҳар доим ўз ишларида қилиш ва қилмаслик танловида бўлади. Мисол тариқасида, фараз қилинг, устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади. Имтиҳонга киришдан аввал фалончи «аъло» баҳо олади, пистончи «яхши» баҳо олади, деб айтди. Имтиҳон натижаси устоз айтганидек чиқди. Шогирдлар устоз айтган гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими? Албатта, Аллоҳ таолога ҳеч қандай ўхшаш йўқ. Лекин тушуниш учун келтирилган шу мисолдан ҳам қазои қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур. Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун қудратли Аллоҳ – чексиз илм соҳиби бўлган зот, азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак? Аллоҳдан фойдали илм ҳамда унга амал қилиш бахтини сўраб қоламиз. 4- курс талабаси Муҳаммадали Хайитбоев 541

Оламнинг ҳодислиги ва шаъни буюк бўлган Яратувчининг борлиги тўғрисидаги сўз

Олам Аллоҳ таолодан бошқа нарсаларнинг исмидир, чунки у яратувчисининг борлиги учун белгидир. Олам  икки қисмга бўлинади: аён ва араз. Аён ўзи мустақил бор бўлиб турадиган нарсадир ва унинг маҳалсиз, ўринсиз бор бўлиб туриши саҳиҳ ҳисобланади(Аённи бошқа нарсаларсиз мавжуд бўлиб туриши саҳиҳ ҳисобланади). Араз эса, албатта, бошқа билангина туради. Сўнгра аён икки қисмга бўлинади: биринчиси, ёлгиз бўлади ва бу аён жавҳар деб аталади, у қисмларга бўлинмайди( чунки энг охирги бўлинган энг охирги қисм) ва иккинчи қисми мураккаб, бошқа нарсалардан ташкил топгани жисм дейилади. Жисмларнинг энг ками иккита қисмда ташкил топган бўлади. Файласуфлар ва баъзи мўътазилалар қисмларга бўлинмайдиган жузнинг борлигини инкор этадилар. Уларнинг бу гаплари бузуқ, нотўғри гапдир, чунки бундай дейиш ҳардал донининг қисмлари тоғнинг қисмларига тенг дейиш билан тенг бўлиб қолади. Ҳардал дони ҳам, тоғнинг қисми ҳам тугамасдан бўлиниб борадиган бўлса, иккиласи ҳам тенг деган хулоса келиб чиқади. Чунки иккиласи (ҳардал дони билан тоғнинг қисми) ҳам тугамайдиган бўлиб қолади. Агар бирор нарса тугамайдиган бўлса, у бошқа бир тугамайдиган нарсага тенг бўлиб қолади. Чунки жисмнинг ичидаги қисм(жуз)ларидаги жамланиш вақтики, Аллоҳ таолонинг яратиши билан бўлган экан, у ҳолда биз бундай деймиз: чунки жисм дегани икки ва ундан кўп қисмлардан таркиб топган нарса, ўша қандай шундай таркиб топиб қолган дейилса, Аллоҳ таоло шундай яратган деймиз. Шундай экан биз бундай деймиз: Аллоҳ таоло жисмлардаги ажралишни яратишга қодирми(Яъни жисм икки ва ундан ортиқ бўлакчалардан ташкил топиб турган эди, шуларни яратган Зот уларни жамланмас, балки ажратиб юборишга ҳам қодирми деб айтамиз)? Агар шу саволга иккита жавоб бор холос(Иккаласи ҳам Аҳли суннанинг эътиқоди тўғри эканлигини исботлайди). Биринчиси, агар сиз шу саволга Аллоҳ таоло қодир бўлмайди десангиз, демак, бу билан Аллоҳ таолони ожизлик сифати билан сифатлаб қўйилган бўлади ва бу орқали диндан чиқиб кетиб қолади. Агар қодир бўлади деса, Аҳли сунна айтаётган бўлинмайдиган жуз бор, деган нарса собит бўлиб қолади. Мана шу илзом(бошқа томонни мулзам қилиб қўйиш)дан хулоса шуки, қайси бир нарсанинг борлиги тасаввур қилинмайдиган бўлса, ўшандан қудратни инкор қилиш ожизликни собит қилиб қўймайди ( Яъни қайси бир нарса аслида йўқ деса, ўша йўқ нарсага қудратнинг таъсири йўқ дейиш ва қудрат ожиз эканда деган нарсани тақозо қилмайди, чунки нариги нарсанинг ўзи қудрат боғланишига салоҳиятли эмас). Балки қудрат унга таъсир қилади, деб ҳам васф қилинмайди, чунки қудратнинг унга боғланиши муҳол ҳисобланади. Йўққа боғланмайди. Бу ердаги илзом маъносида биз айтамизки, ўша жуздаги бўлиниш (биз у ҳақида тортишаётган) жоизми ёки жоиз эмасми деб сўраймиз. Агар ўша ерда жоиз аслидаю, лекин бўлинмайди десангиз, унда сиз Аллоҳ таолонинг қудратини ўша нарсага таъсири билан васф қилишингизга тўғри келиб қолади, чунки ҳар бир жоиз нарсага Аллоҳ таолонинг қудрати боғланади деган қоида бор. Агар йўқ муҳол унинг бўлиниши десангиз, биз даъво қилаётган нарса собит бўлиб қолади, яъни бўлинмайдиган жуз бор, деган нарса чиқиб қолади. (Ҳозир биз бўлинмайдиган жуз бор деб даво қиляпмиз, нариги томон эса ҳар бир нарсани бўлиш мумкин деяпти. Шунда Аҳли сунна уламолари айтяптики, ҳар бир нарсани тўхтовсиз бўлиб юбориш дегани – бу ақл жиҳатдан ҳам нотўғри нақл жиҳатдан ҳам нотўғри: биринчи нақл жиҳатдан нотўғрилиги ОЯТ. Ақлий жиҳатдан олиб қараладиган бўлса, кичкина кунжутнинг уруғи билан тоғнинг катталиги иккаласи тенг ёки кунжут тоғдан кичкина эмас дейишга...

НУРИДДИН СОБУНИЙ БУХОРИЙ

Дунё тамаддуни бешигини тебратган буюк шарқ юзлаб, минглаб уламоларни етиштиргани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур уламоларнинг кўпчилиги Марказий Осиёда, хусусан, Мовароуннаҳр диёрларида яшаб ижод қилгани ҳам инкор қилиб бўлмас тарихга айланган. Ана шундай уламолардан бири Нуриддин Бухорийдир. Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан ҳисобланадиган Нуриддин Собуний раҳматуллоҳи алайҳнинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр Собуний Бухорийдир. У кишининг ҳаёти ҳақида манбаларда етарлича маълумотлар келмаган. Шунинг учун ҳам алломанинг туғилган сана ва жойлари ҳақида аниқ, ишончли маълумотлар йўқ. Лекин шунга қарамай баъзи манбалар унинг Бухоро шаҳрида туғилганилигига ишора қилади. Зеро, кам бўлса ҳам, маълумотлар у кишининг ҳаждан бошқа ҳеч бир жойга сафар қилмаганлиги, унинг тахминан ҳижрий 500 йилларда, Бухорода туғилиб, шу ерда яшаб ижод қилганлигини билдиради. Нуриддин Собуний ҳар хил китобларда турлича исмлар билан зикр қилинади. Жумладан, “Нуруддин”, “Имом”, “Имом Нуруддин Собуний”, “Нуруддин Собуний”, “Бидоя соҳиби”, “Кифоя соҳиби” кабилар. “Собуний” нисбаси Имом Собунийнинг собун ишлаб чиқарганлиги ёки совун сотиш билан шуғилланганлиги учун берилган, деган фикрлар бор. Чунки алломанинг аждодлари Найсабурда собун иши билан танилган бўлган. У киши аслий ватанига нисбатан Бухорий нисбати билан ҳам зикр қилинади. Аксарият манбаларда куняси “Абу Муҳаммад” бўлгани келтирилади. Баъзи тарихчи олимлар эса “Абу Бакр” дея куняланган дейишади. “Кашфуз зунун” асари муаллифи эса, У зот “Абу Маҳамид” кунясини олган дейийди. Чунки исмлари Аҳмад, отасининг исми Маҳмуд ва ўғлининг исми Муҳаммад бўлган. Шунинг учун ҳам силсилаларидаги бу учта исмни жамлаган ҳолда “Абу Маҳамид” дея зикр қилинган, деган эҳтимол ҳам бор. Уламолар Нуриддин Собунийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида жуда ҳам кам маълумот сақланиб қолганини айтганлар. Бу зот ҳанафия мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлган шамсул аимма Кардарий билан бир даврда яшаб ижод қилган. Нуриддин Собунийнинг Кардарийнинг устози ёки шогирди бўлгани тўғрисида ихтилоф қилинган. Шунингдек, Нуриддин Бухорийнинг ҳаёти ҳақида сўз юритган уламолар ашъарий мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлган Фахриддин Розий билан у зот ўртасида бўлиб ўтган илмий баҳсларга, албатта, тўхталиб ўтадилар. Бу баҳслар ҳақида Нуриддин Бухорийдан ҳам, у зотнинг шогирларидан ҳам бирорта хабар айтилмаган. Шунга кўра, мазкур баҳслар фақат бир томондан, яъни Фахриддин Розийнинг берган хабарлари асосида баён қилинган. Яъни Фахриддин Розийнинг “Мовароуннаҳр диёрида бўлган мунозаралар” китобида зикр қилишича, Нуриддин Бухорий умрининг охирларида ҳаж сафарларига чиққан ва шу сафар асносида Хуросон ва Ироқда бу икки олим ўртасида мунозаралар бўлиб ўтган. Бу мунозаралар натижасида Нуриддин Бухорийнинг мотуридий ва ҳанафий олим эканлиги маълум бўлади. Ҳақиқатдан ҳам олимнинг тасниф қилган китобларига чуқур назар ташласак, Имом Собунийнинг Имом Мотуридий ва Имом Насафийларнинг фикрларига таржиҳ беришларини ва ўзи ёндашган масалаларда ҳам Мотуридия мазҳаби имомлари билан мувофиқ равишда маълумотларни келтирганини кўриш мумкин. Фиқҳий масалаларда билдирган фикрлари ҳам Нуриддин Собунийнинг ҳанафийлик мазҳабида бўлганини кўрсатади. Буюк мутафаккир, мутакаллим олим Нуриддин Собуний Бухорий умрининг охирги қисмини ватани Бухорода ўтказади ва шу ерда вафот этади. 4-курс талабаси Муродбек Худойқулов 529
1 16 17 18 19 20 25