“Ҳидоя – шарҳу бидоятул мубтадий” китобининг муаллифи имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳдир. У зотнинг тўлиқ исмлари Шайхулислом Бурҳониддин Абул Ҳасан Алий ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Фарғоний Марғиноний бўлиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлганлар. Шайх Абдулҳай Лакнавий айтишларича, у киши ҳижрий 511 йил Ражаб ойининг 8-куни душанбада аср намозидан кейин туғилганлар. 593 йил Зулҳижжа ойи 14-куни чоршанбада Самарқанд шаҳрида вафот этганлар. Илм таҳсили. Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ аҳли илм оиласида дунёга келдилар. Оталари ва она томондан боболари у зотни илм ўрганишга қизиқтиришган. У зот ёшлигиданоқ оталарининг қўлида илм таҳсилини бошлаганлар. Боболари ҳам фиқҳий масалаларни ўргата бошладилар. Улар доимий равишда илм таҳсилида бардавом бўлишни, олий ҳиммат соҳиби бўлишни насиҳат қилиб боришарди. У зот Соид ибн Асъад Марғинонийдан ҳадис илмларини ўрганадилар. Илм талабида Бухоро, Марв, Насаф ва бошқа шаҳарларга сафар қилиб, у ернинг олимларидан илм ўрганганлар. Имом Марғиноний фақиҳлар наздида. У зот зоҳид, тақводор, кўп ибодат қилувчи зот бўлганлар. Рўза тутишда бардавом бўлганлари ривоят қилинади. Ҳикоя қилинишича, “Ҳидоя” китобини 13 йил давомида ёзган бўлсалар, ана шу муддат давомида доимий рўза тутганлар. Шу билан бирга у зот рўзаларидан биров хабар топмаслигига интилар, хизматчилари таом олиб келса, талабаларга яширинча садақа қилиб юборардилар. Хизматчи эса, таомни у зот едилар, деб ўйларди. Бироқ Аллоҳ таолони жорий қилган одатига кўра, эзгу амал гарчи ҳар қанча яширин бўлса-да, зоҳир қилиб, инсонларни бохабар қилиб қўяди. У зотнинг ихлоси, тақвоси баракасидан “Ҳидоя” китоби уламолар наздида мақбул китобга айланди. “Қозихон” номи билан машҳур бўлган фақиҳ Ҳасан ибн Мансур (у зотдан 1 йил олдин вафот этган), имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар, “Муҳит”, “Захира” китобларининг муаллифи Бурҳониддин Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазиз, “Фатово Зоҳирия”, “Фавоидуз зоҳирия” китобининг муаллифи Заҳируддин Бухорий каби у зотга ҳамаср бўлган буюк олимлар у зотни илм, фазл ва даражаларини эътироф этганлар. Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ у зот ҳақларида шундай деганлар: “Ҳидоя” китоби муаллифининг фиқҳдаги даражаларига “Дуррул мухтор” муаллифининг мингтаси ҳам тенг кела олмайди. Зеро, “Ҳидоя” китоби муаллифининг илми қалбида эди…”. Имом Заҳабий: “У зот аллома, Мовароуннаҳрнинг олими – Бурҳониддин Абул Ҳасан Алий ибн Абу Бакр бўлиб, илмнинг томирларидан эди”, дея таърифлаган. Интернетдаги маълумотлар асосида “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчи-стажёри Абдуллоҳ Қосим тайёрлади. 391
Ер-юзида инсон зоти ҳаётини бошлабдики, тиним билмай йуксалиш ва тараққиёт сари одимлайди. Лекин бу ўз-ўзидан, кенг ва равон йўлдан бориб етиладиган манзил эмас. Бу йўлда одамзодга ғов бўладиган, оёғидан тортиб, чалғитадиган иллатлар ҳам бор. Шундай хатарлардан бири бу-коррупциядир. Тилимизга оид луғатларда ёзилишича, коррупция лотинча сўз бўлиб, “бузиш”, “айниш” деган маъноларни англатади ва бирор мансабдор шахснинг қонунчиликка ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлари мақсадида фойда олиши, деб изоҳланади. Коррупциянинг энг кенг тарқалган турларига порахўрлик, фирибгарлик ва товламачилик киради. Бундай жиноятларнинг содир этилиши биринчи навбатда иқтисодиётни заифлаштириб, бошқарувни издан чиқаради. Қолаверса фуқароларни давлат бошқарувига нисбатан ишончини поймол қилиб, илм-фан ва меҳнат орқали ҳалол йўл билан мақсадга эришишга тўсқинлик қилади. Инсон тараққиётини асоси шак-шубҳасиз бу илм ва унинг ортидан келиб чиқадиган натижалардир. Бу жиркан жиноятни таълим йўналишига кириши у ёқда турсин, бу сохага яқинлашишида унинг мислсиз оқибатлари яққол намоён бўлади ва бу келажак авлод тараққиёти ва йуксалишига ғов демакдир. Бу иллатга ер юзидаги барча давлатлар ўз ҳудудидаги ҳолат ва шароитдан келиб чиқиб турли усуллар орқали кураш олиб борадилар. Мисол учун Хитойда бу жиноятга ўрни келганда ўлим жазоси ҳам қўлланиши мумкин. Мамлакатимизда ҳам бу турдаги жиноятчиликни олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Юртбошимиз ҳам ўз фаолиятларини даставвал мана шу иллатга қарши курашиш билан бошладилар ва бу умумхалқ иши эканини қайта-қайта таъкидлаб келмоқдалар. Чунки бу иллатни йўқотмагунча ҳеч қандай иқтисодий, сиёсий ва маънавий юксалиш бўлмаслиги барчага ойдек равшан. Одам боласани бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахту-саодат ва тўғри йўлга йўллайдиган муқаддас динимиз таълимотларида ҳам коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб бориш лозимлиги такрор-такрор таъкидланган. Савбон розияллоҳу анҳу айтдилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам ва иккиси орасидаги ўртакашни ҳам лаънатладилар”. Одатда биз кўпинча пора олувчини ёмонлайверамиз, лекин ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, фақатгина пул ва бошқа матолар орқали ўзи ҳақли бўлмаган нарсаларга эришишга уринаётган берувчи ва пора еб, мансабидан фойдаланаётган олувчини ўзи эмас, балки бу иккисини қовуштираётган, келиштираётган, учраштираётган, таништираётган ва ўзича бу иши билан “яхшилик қилаяпман, инсонларни ҳожатини чиқаряпман”, деб ўйлаётганларнинг барчалари лаънатда баробар бўладилар. Кишини лаънатда қолиши эса энг катта бахтсизликдир. Яна бир ҳадиси шарифда “Қайси бир қавмда пора олди-бердиси очиқ-ойдин бўлса қўрқинч уларни эгаллаб олади”, дейилган. Қўрқоқлик барчага, хусусан эркак кишига лойиқ бўлмаган сифатдир. У Ватани ва жамиятини ҳиммоя қилиш у ёқда турсин, ўзи ва оиласини ҳам ҳимоя қилишга ярамайди, “пашша учса яширинади”. Ҳадислардан келиб чиқадиган хулоса битта, у ҳам бўлса бу иллат бевосита иштирокчиларнинггина зиёни эмас, балки бутун қавм, бутун жамиятни зараридир. Демак, коррупция ва порахўрликка қарши ҳар биримиз курашмоғимиз шарт. Бунинг учун бизлар қонун ва давлат ҳимоясидамиз. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчи-стажёри, Халқаро ислом академияси магистри Содиқжон Қурбанов 255
Ўзбек халқининг тарихи шавкатли шарафли ва буюкдир. Шундай бўлишлигида буюк аждодларимизнинг ҳиссаси каттадир. Улуғ бобокалонларимизнинг ҳаётлари буюк бир мактаб, катта ибрат, ўзлари буюк устоз эдилар. Нафақат тарихимиз, балки дунё тамаддунида уларнинг улкан ҳиссалари бордир. Шунинг учун нафақат биз ўзбек халқи, балки дунё халқлари улар билан фахрланадилар. Биз авлодларнинг улар олдидаги бурчимиз улар билан фахрланибгина қолмай, балки уларга муносиб ворис авлод бўлишликдир. Устозларимиздан бири шундай ҳикоя қилади: Мустақилликнинг илк йилларида Миср Араб Республикасидаги Азҳар университетига ўқишга бордим. Дарснинг илк куни ҳар доимгидек устоз талабалар билан танишишдан бошлади. Навбат менга келганида исм-шарифимни айтиб, Ўзбекистонданман дедим. Шунда устоз Покистон деб тушуниб Покистондан Номози Шарифданмисиз деб сўради. Мен йўқ, Ўзбекистонданман, Бухорийни юртиданман, Бухорийнинг авлодлариданман деб ўзимни қайтадан таништирдим. Устоз мени олдиларига чақирди. Мен ёнларига бордим. Устоз ўрнидан туриб пешонамдан ўпдилар ва талабаларга қарата сизлар ҳам дарс тугагандан кейин мени кўрсатиб, бу шеригингизнинг пешонасидан ўпиб қўйинглар деб буюрди ва менга сиз биздан кўра Бухорийга яқинроқ экансиз, Бухорий хақида бизга гапириб беринг дедилар. Мен Олий маъҳадни тамомлаган эдим, араб тилида оз-моз сўзлаша олар эдим. Бухорий ҳақида тўлқинланиб гапира бошладим. Гапира туриб имом Бухорийнинг “Сахихи жомиъ” деган китоблари бор ва у Қуръондан кейин иккинчи ўринда туради деб айтган эдим ҳамки, устоз мени тўхтатдилар. Мен ҳам Бухорийнинг китобларини Қуръонга тенглаштириб қўйдиммикан деб қўрқиб кетдим. Устоз мени койиб Бухорийнинг саҳиҳлари Қуръондан кейин иккинчи ўринда туради демагин! Унда Бухорийнинг китоблари даражасини тушуриб қўясан, балки биринчидан кейинги биринчи деб айтгин дедилар. Қуръон мусулмонларнинг биринчи китоби бўлса Қуръондан кейинги биринчи китоб имом Бухорийнинг китобларидир дедилар. Мен ичимда имом Бухорийнинг зуриёди эканлигимдан фаҳр ва ғурур туйдим. У зот туғилиб ўсган, яшаган диёрда дунёга келганлигимдан жуда хурсанд бўлдим. Минг йиллар олдин яшаб ўтган бобомизнинг ҳурматини қарангки, гўёки бобомиз ҳали ҳам яшаётгандек. Биз авлодлар у зотларнинг ҳурматидан иззату-икром кўриб келмоқдамиз. Бир шеърда келади: Улуғ аждодлар каби бўла олмасангиз ҳам, Уларга ўхшашга ҳаракат қилинг. Уларга ўхшашликка ҳаракатнинг ўзи, Буюк бир олийжанобликдир. Гулистон тумани “Кўнчи” жомеъ масжиди имом хатиби Мирзамиддинов Аслиддин 2 372