Сотувчи баҳони пастроқ қилишда ва ўлчашда саховатли бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Харидор ҳам қаттиқ шартларни талаб қилиб туриб олмайди. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса, саховатли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», – дедилар». Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Мадина аҳлига қаҳатчилик етди. Ҳаттоки, шаҳар аҳолисига ҳалокат ета бошлади. Ўша вақтда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг карвонлари мингта туя устида буғдой, зайтун ва майиз тўла қоплар олиб келди. Савдогарлар карвондаги мол ва озиқ-овқатларни кўриб, ҳарид қилиш учун шошилдилар. Савдогарлар айтдилар: “Келган моллар ва озиқ-овқатларни бизларга сотгин, албатта, бу нарса инсонларга жуда зарур. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Ким менга бу моллар учун кўпроқ фойда қолдира олади?” – дедилар. Савдогарлар: “Бир дирҳамлик молни икки дирҳамга оламиз” – дедилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Бу ҳақдан зиёда қиладиган борми?”, дедилар. Савдогарлар: “Бир дирҳамлик молни тўрт дирҳамга оламиз”, дедилар. – Бу ҳақдан зиёда қиладиган борми? – Бир дирҳамлик молни беш дирҳамга оламиз. – Бу ҳақдан кўпроқ берадиган борми? – Эй Абу Амр! Мадинада биздан бошқа бирор савдогар бундан зиёда қила оладими? – Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир дирҳам молга ўн ҳисса зиёда қилиб беради, сизлар бундан зиёда бера оласизларми? – Йўқ. Аллоҳга қасамки, ушбу карвондаги молларнинг барчаси Аллоҳ йўлида камбағал мусулмонлар ва мискинларга, садақа қилиб бердилар. Қасам ичишдан четда бўлиш Савдо пайтида ўз гапини тасдиқлаш учун қасам ичмаслик керак. Чунки, бу нарса бараканинг қочишига сабаб бўлади. أبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآله وسَلَّمَ يَقُولُ:الحَلِفُ مُنَفِّقَةٌ لِلسِّلْعَةِ، مُمْحِقَةٌ لِلْبَرَكَةِ متفق عليه. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», – дедилар». Имом Муслимнинг ривоятида: «Савдода кўп қасам ичишдан ҳазир бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган. Кўп садақа қилиш. Савдо пайтида бўладиган баъзи камчиликларнинг ювилиши учун тожир одам кўпроқ садақа қилиб туриши лозим. Қайс ибн Абу Ғазара розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида «даллол» деб аталар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар: «Эй тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас, уни садақа ила аралаштиринглар», – дедилар». 4-курс талабаси Меҳриддин Баҳодиров 438
Тиб ҳақида сўз кетганда, албатта, жарроҳлик масаласига дуч келамиз. Зеро, бугунги кунда мазкур масалага оид ҳукмлар долзарб ҳисобланади. Шунинг учун мазкур мақолада айнан жарроҳлик борасидаги бирламчи маълумотларни келтириб ўтамиз. Луғавий маъноси: “Жароҳат” араб тилида “جرح” сўзидан олинган бўлиб, “урилгандан кейин қоладиган асорат”га айтилади. Ушбу сўз касб маъносида ҳам ишлатилади, масалан ояти каримада келади: ويعلم ما جرحتم بالنهار “(Аллоҳ) кундузида қилган амалларингизни биладигон зотдир”. Шунингдек “жароҳат” сўзи “айблаш”, “камситиш” маъносида ҳам келади, масалан: “тили билан жароҳатлади”, дейилганда “айблади” нуқсонли санади маъносини билдиради. Яъни ҳақиқий маънодаги бирор моддий нарса билан жароҳатлаш эмас. Бу ўринда “жароҳат” лафзи мажозий маънода ишлатилмоқда. Истилоҳий маъноси: “Инсон баданининг ҳолатига қараб уни текширадиган ҳамда ташқи ва ички аъзоларга бўлган таъсирни ўз ўрнида туриб даволайдиган касб”. Қадимда жарроҳлик илми жуда ҳам тор доирада бўлган. Ҳозирги кунда бизнинг замонавий жарроҳлик илми ривожланиб кетгани туфайли бу таъриф билан чеклана олмаймиз, шунинг учун унинг замонамиздаги таърифини ҳам келтирамиз. Жарроҳликнинг замонавий таърифи: “Инсон баданига етган зарарни кетказиш ёки тикиш, йирингни ёки бемордаги зарарли моддани чиқариб ташлаш мақсадида тешиш ёки бирор аъзони олиб ташлаш мақсадида қилинган иш жарроҳликдир”. Шунингдек, жарроҳлик амалиёти билан узвий боғлиқ бўлган аъзоларни кўчириш илмий истилоҳда “трансплантация орган” деб номланади. “Транс” лотин тилидан олинган бўлиб, “кўчириш” маъносини англатади. “Плантация” еса лотин тилида “экиш” деган маънони билдиради. Ислом тиббиёти шомил, комил, чуқур ва равнақ топган тибга эга бўлган. Мусулмонлар тибнинг турли соҳалари ва доришунослик бўйича етук мутахассисларга эга бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ўша пайтларда мусулмон ўлкаларидаги каби ажойиб шифохоналар ер юзининг ҳеч қайси нуқтасида бўлмаган. Уламоларнинг мазкур мавзуга оид илмий баҳслари тиб ва жарроҳликнинг қай даражага етганини ўз-ўзидан айтиб турибди. Соғлиқни сақлаш илми ҳам ислом оламида олий даражада эди. Лекин бошқа динларда ушбу ҳолат тескари бўлган. Тиб илмининг ривожланиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди. Ҳатто, бировни даволаш айб саналадиган жамиятлар ҳам бор эди. Ёки касални ёки гуноҳкор деб ёки азобдан фориғ қиламиз, деб ўлдириб қўя қолишарди. Ислом дини кўрсатмасига кўра, касалликларга муолажа қилувчи кишилар табиблар бўладими ёки медицина ходимларими диний билимлардан ҳам хабардор бўлишлари лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада ҳам қилган тавсиялари ва кўрсатмалари бу шариат кўрсатмасидир. Касалликларга шифо излаб дори-дармонларни қўллаш, жарроҳлик амалиётини ўташ қадарга иймон келтириш ва таваккул ҳақиқатига асло зид келмайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари даволанганлар ва бошқаларни ҳам баъзи муолажа ёки тавсиялари билан даволаганлар. 4-курс талабаси Акрам Бузурханов 396
Баъзи бир кишилар даволаниш сабр ва таваккал қилишга қарши ва қазои қадарга тан бермасликка олиб борувчи нарса, деган даъвони қиладилар. Бу нотўғри фикрни нафақат ихтилофли бўлган аъзоларни кўчириш борасида, балки умуман барча касалликларга боғлаган ҳолда гапиришади. Аслида эса бу фикр тамомила нотўғридир. Зеро, даволаниш жоизлиги ҳақида келган ҳадиси шарифлар шуни кўрсатадики, бу даъво пуч ва илмсизликнинг оқибатидан юзага чиққан лағвдир. Даволаниш қазои қадарни тан олмаслик эмас, балки ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Шундай экан, бу борада қўйидагича тавсияларни тақдим қилиш мумкин: Парҳез давонинг бошидир, дейди мусулмон табиблар. Улар бу ҳикматни Пайғамбаримизнинг муборак ҳадиси шарифларини ўрганиб, қасд қилинган маъноларни чуқур таъаммул қилиб, сўнгра зикр қилганлар. Ҳаром ила даволаниш жоиз эмас, дейдилар фуқаҳолар жумҳури. Аммо бу гапнинг тафсилоти бор. Ана ўша тафсилотни синчиклаб ўрганмаган одам бу масалани тушунмайди. Дам солиш ҳақида одамлар орасида ҳар хил гаплар юради. Ўша гаплар бир-бирига тамоман зид бўлишини яхши биламиз. Лекин Қуръон ила шариатимизга мувофиқ дам солиш жоиз ва ҳам жисмоний ҳам маънавий касалликларга шифодир. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ “Ҳадис ва ҳаёт” номли китобларида “Тиб соҳасидаги Ислом мўъжизаси”, “Исломий тибга ўхшаш тиб борми?”, “Табибларни имтиҳондан ўтказиш”, “Мусулмонларнинг тиббий кашфиётлари”, “Мусулмонларнинг тиббий китоблари”, “Доришунослик” каби мавзулар орқали аввалги мусулмонлар ўз динлари таълимотларига амал қилиб, бу соҳада эришган ютуқлари ҳақида сўз юритади. Ушбу маълумотларни ўқиш ҳар бир мусулмонда мавзу доирасида бир қанча илмга эга бўлишини таъминлайди. Замонавий тиббий муалажаларнинг барчаси ҳам шаръий эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, даволаниш борасида диний соҳа ходимлари билан маслаҳат қилиш ёки ислом тиббиёти масалалари ёритилган ўзбек тилидаги адабиётларни ўқиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, банда ўз саломатлиги билан ҳам синалади. Ана шундай ҳолатда ҳам шариат буюрган амалларни қилиб, қайтариқларидан четланган ҳолатда йўл тутиш дунё ва охиратда соадат топиш учун ёлғиз чорадир. Инсон тана аъзоларини бировдан бошқасига кўчириб ўтказиш бугунги кунда энг долзарб саналган масалалардан бири ҳисобланади. Чунки бундай масала Пайғамбаримиз замонларида бўлмаган, нафақат Пайғамбаримиз замонларида балки яқин даврларгача бундай тиббий амалиёт мавжуд эмас эди. Лекин ислом шариати мукаммал ва унда барча замонларда юзага келадиган масалаларга, албатта, ечим топилади. Фақатгина, бунинг учун Қуръон ва суннатни теран англаш ва олим-у уламоларнинг меросини чуқур ўрганиш талаб қилинади. Инсон тана аъзоларини бировдан бошқасига кўчириб ўтказиш мавзуси доирасидаги пластик жарроҳлик ёки тиш қўйдириш каби масалалар ҳам бугунги кунда замонамиз уламолари томонидан ечими топилган масаладардир. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни бандадан энг аввал сўраладиган неъмат, унга, сенинг жисмингни сиҳатли қилган эмасмидик, сени совуқ сув ила сероб қилган эмасмидик, дейилишидир”, деганлар. Бу ҳадис барча умматга саломатликни сақлашнинг шариатимиз буюрган иш эканлигини билдиради. Аллоҳ таоло Ўз бандасига берган неъматлар ичида энг аҳамиятлиларидан бири бўлгани учун ҳам соғлиқ неъмати ҳақида охиратда биринчи бўлиб сўралади. Шундоқ экан, банда бу нарсанинг қадрига етмоғи керак. Ундоқ неъматни берган зотга шукр қилмоқ керак. Неъматнинг шукри эса, уни берувчи зотга мақтов сўзлари айтиш ва неъматни неъмат берувчини рози қиладиган йўлда сарфлаш билан бўлади. Соғлиқ-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туришни амр этганлар. 4-курс талабаси Акрам Бузурханов 327
Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг. Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг. Бу кечани ибодат билан ўтказаётганда тавба қилишга азм қилиш. Барча мўминлар ва мўминалар учун истиғфор ва дуони кўпайтиринг. Бутун аъзоларингиз билан Аллоҳга юзланинг, ҳаттоки, ақлингиз ва қалбингиз У Зотдан бошқасидан узилсин. Жанжал ва тортишувлардан узоқда бўлинг, сизнинг ҳаққингизни поймол қилганларни кечиринг. Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб, юз ракатни тугатиб қўйишни фойдаси йўқ. Дуо ва ибодатда ихлосли бўлиш қалбингиз Аллоҳдан бошқаси билан машғул бўлиб ракатларни кўпайтиришдан муҳимроқ. Қадр кечасида имкон борича таҳоратли бўлишга ҳаракат қилинг. Дуоингиз ижобат бўлишига аниқ ишонинг. Чунки ижобат бўлишига ишонмаслик дуонинг орасига тўсиқ пайдо қилади. Аллоҳ дуоларингизни қабул қилиб, ижобат қилишига ишончингиз комил бўлсин. Дуода бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради. Ҳар бир гуноҳингиз учун Аллоҳ таолога истиғфор айтинг, У Зот сизни афв қилишини сўранг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оилаларига кўп саловот ва саломлар айтинг, саҳобаларга Аллоҳдан розилик сўранг (яъни “Розияллоҳу анҳу” деб айтиш). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб ортидан: “Аллоҳумма иннака аъфуввун, туҳиббул аъфва фаъфу аннаа” (яъни: “Эй Аллоҳ, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт”), дуосини кўп айтинг. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни дўзахдан озод қилишини кўп сўранг. Ҳалол ризқни осон қилиб беришини ва ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилиш. Ўтган ота-оналарингизнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўранг. Дуо қилганда ушбу дуоларни ҳам айтиш: “Роббанаа ҳаб ланаа мин азважинаа ва зуррияатинаа қуррота аъюн”, (яъни, Эй Роббимиз, бизларга жуфти ҳалолларимиздан, фарзандаларимиздан кўз қувочнчлари бер). Эр ёки хотин бир-бирининг ҳақига гўзал ҳолат, нафс ва фикрнинг роҳатини тилаб дуо қилиши керак. Сажда қилган ҳолатингизда кўп дуо қилинг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир. Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”. Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Чунки, илоҳий раҳмат ва шаббодалар бу тунда очик бўлади. Қодир бўлганингизча Қуръон ўқинг. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади. Аллоҳ таоло сизни бу кечани ибодат билан ўтказишга муваффақ қилганига шукрлар айтинг, сиздан бошқа қанча-қанча кишилар бу бахтдан бебаҳра қолди. Қадр кечасида имкон қадар садақа беришни унутманг. Чунки бу кечада қилинган ҳар бир амалнинг ажри улуғ. “Ҳадис ва ислом тарихи” фанлари кафедраси мударриси Муҳаммадяҳё Низомиддин тайёрлади 424
Давоми. Муаммо нимада? Муаммо сафга беэътибор бўлиб, хонақоҳ тўлмасдан ҳовлига чиқиб намоз ўқилаётганида. Шундай ҳолатда адо қилинган намознинг ҳукми қандай? Шу мавзудаги уламоларнинг турли фикрларини ўрганиб, хулоса қилган ҳолда, қуйидагиларни айтиш мумкин: Сафга қаттиқ эътибор қаратишни таъкидлайдиган, сафларга бепарво бўлишдан қайтарадиган ҳадисларнинг кўплигидан уламолар хулоса қилиб: “Сафларнинг жипс бўлиши, унга эътибор қаратиш вожиб бўлади десалар, баъзилари бу ҳадислар вожибликка далолат қилмаса-да, таъкидланган суннат дея, ким сафни бузиб, унга бепарво бўлса, гуноҳкор бўлади, бироқ масжид ичида шундай ҳолат бўлса, намози дуруст бўлаверади”, деганлар. Масжид ҳовлисини масжиднинг ичи деб олсак, уларнинг намози ҳам макруҳ билан дуруст бўлади. Ана энди масжид ташқарисидагиларнинг намози нима бўляпти?! Нима бўлганда ҳам имом-хатибларимиз бу ҳолатга кўпроқ эътибор қаратиб, янги намозхонларга саф борасидаги ҳадисларни ўргатишлари, такбир айтилишидан олдин шошилмай сафга эътибор қаратишлари, саф мукаммал бўлгандан кейингина намозга қулоқ қоқишлари лозим бўлади. Шунда намозхонларга имкон қадар шароит қилиб берган бўладилар. Зеро, ҳадиси шарифларда имом-хатиб ўз ортидан эргашган намозхонларга жавобгар эканлиги таъкидланади. Имом домлаларимиздан бундай ҳолатга янада кўпроқ эътибор қаратишларини, бепарволикка йўл қўймай, юзлаб намозхонларнинг намози бузилишига тўсқинлик қилишларини илтимос қилардик. Зеро, сафларнинг бузилиши мусулмонларнинг бирдамлигига, Ислом биносига путур етказади, фикр айирмачилиги, ўзаро тотувликнинг бузилиши, бир-бирига қарама-қаршиликни келтириб чиқаради. Ҳурматли намозхонлар, азиз мўмин-мусулмон биродарлар! Имом домлаларимизни тўғри тушунган ҳолда, уларга кўмакчи бўлайлик. Ичкари иссиқ бўлса ҳам, мушкулотга сабр қилинган ибодатда савобу ажрлар улкан бўлишини умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчадан-қанча ҳадисларига амал қилайлик ва асосийси, ИСЛОМ БИНОСИ – мусулмонларнинг ҳар томонлама бирдам бўлишининг сабабчисига айланайлик!!! Бу ҳолат Рамазон бошидан бери бизни ташвишга солиб, қийнаб келаётган эди. Алҳамдулиллаҳ, Яратганнинг амри билан ҳаво анча совиб қолди. Натижада, масжидлардаги сафларимиз ҳам анчагина тартибга келиб қолди. Бу ҳам кишини Аллоҳ таолога ҳамд айтишга илхомлантиради. Азизлар, доимо бирдам бўлайлик, турли ихтилофларга бархам берайлик, мана шундай оддий кўринса-да, аслида қалбларнинг тарқоқ бўлишига олиб келадиган ҳолатларга бепарволик қилмайлик! Сўзимиз сўнгида шуни таъкидлашни жоиз деб билдикки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам диний кўрсатмаларнинг бирортасини ўзларидан келиб чиқиб айтмаганлар, балки буларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинган ёки илхом орқали айтилган. Сафга бепарволик қалбларнинг тарқоқлигига олиб келади дея марҳамат қилдиларми, демак шундай бўлмай қолмайди. Сафларимиз тўғри бўлишига интилайликки, қалбларимиз жипслашсин, ўзаро улфат бўлсин, бир-бирига мувофиқ келсин! Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин, Рамазондан қалбларимизни бир-бирига улфат, мувофиқ бўлиб чиқишини таъминласин! Ўзи рози бўлмайдиган ҳар қандай ихтилофларга барҳам берсин!!! ТИИ ўқитувчиси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ 297