Бизларга Ўз розилиги ва тоати йўлларини очиқ кўрсатиб берган Аллоҳ таборака ва таъолога ҳамду санолар бўлсин. Шу йўлдаги вазифани мукаммал адо қилган, бу ишларда юксак намуна бўлган ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, Ул Зотга ҳақиқий уммат бўлган барча саҳобалар, тобеъинлар, табъа тобеъинлар ва жумла мусулмонларга салоту саломларимиз бўлсин. Аммо баъд: Қадр кечаси – бу Аллоҳ Ўз элчиси ва суюкли Пайғамбарига Каломи Шарифини нозил қилишни бошлаган, Рамазон ойи кечаларидан бир кеча. Бу кеча Қуръони Карим нозил бўлгани учун белгиланган осмону ердаги мавжудодлар байрам кечаси. Бу кеча омонлик, бардавом неъмат, том яхшиликлар, олий мукофотлар ва юксак мақтовларга эга кечадир. “Лайлатул қадр” дегани: а) улуғ ва шарафли; б) қазо қадарлар тақсимланувчи кеча, деган маъноларда тушунилади. Бу кечада дуолар ижобат бўлиши, офатлар кўтарилиши, ғам қайғулар кетказилиб хурсандчилик ёйилиши учун осмон эшиклари очилади ва бу қадр кечасининг нақадар буюк ва фазилатли эканига далолат қилади. Агар сиз ҳақиқатда қадрини билмоқчи бўлсангиз бу кеча махлуқотлар таниган барча улуғ кечалардан шараф ва қадр жиҳатидан минг чандон устун келадиган кечадир. Бу фақат адад жиҳатидан бир қарашгина холос. Қуръони Каримдаги бу таъбирдан(минг ойдан яхши) узоқ муддат қасд қилинган маълум муддат эмас, деган фикрлар ҳам бор. Бу кеча жами инсоният учун хайрият боши бўлган кечадир. Чунки, Қуръони Карим нозил бўлгани сабаб инсонларнинг кўзи очилди, оқу қорани ажрата ва қулоқлари эса ҳақни эшита бошлади ва Ўз Роббисининг каломини фаҳмлай кетди. Абу Бакр Варроқ айтадилар: “Бу кечани “лайлатул қадр”, деб номланишининг сабаби шуки бу кечада юксак қадрли Китоб олий қадрли фаришта тилида умматларнинг энг яхшиси учун баланд қадрли пайғамбарга нозил қилина бошланганидир. ” Азиз биродарим! Юқоридагилар сабаб бу кеча минг кечадан афзал ва яхши бўлди. Минг ой дегани бу саксон уч йилу тўрт ойга тенг. Ва бу миқдор инсоннинг ғолибан дунё ҳаётидаги умр миқдори бўлади. Шундай экан бу бир инсонниг бутун умридан, ўтганию қолганидан яхши ҳисобланди. Мана шунинг учун Қатода роҳимаҳуллоҳ жуда ажойиб сўзни айтдилар: “Аллоҳ таъоло маҳлуқотлари ичида пок бандаларини танлаб олган. Фаришталари ва бандалари орасидан элчиларини танлаб олган. Каломлар ичида Ўз зикрини танлади. Ердан эса масжидларни танлади. Ойлар ичидан Рамазон ойини ва уруш ҳаром қилинган ойларни танлаб олди. Кунлар ичидан жумъа кунини танлади. Кечалар орасидан қадр кечасини танлади. Шундай экан эй мусулмон жамоаси Аллоҳ улуғлаган нарсаларни қадрини жойига қўйиб азизланг!” Аллоҳ барчамизни шу ишларни ҳақиқий ихлос билан бажарувчи ва ниҳояда Ўз розилигига эришувчи бандаларидан қилсин! Омин! Имом Валиюддин ибн Ҳофиз Зайниддин Ироқийнинг «Шарҳис содр бизикри лайлатил қодр: фазоил ва аломату лайлатил қодр (Лайлатул қадр зикри ила қалбни хурсанд қилиш: унинг фазилатлари ва аломатлари)» китобидан Абдуллоҳ Охунд таржимаси. 495
Қарз масалалари ҳар қандай даврда ва маконда ўзининг аҳамиятини йўқотмайди. Зеро, инсон бошқалар билан иқтисодий алоқа қилар экан албатта, бунда қарз олди-бердиси муҳим ўрин эгаллайди. Шунинг учун ҳам ислом шариати мазкур масалани батафсил баён қилиб ҳукмларни жорий қилган. Қарз масаласида Қуръони каримда “Бақара” сурасининг 282-283-оятларида зикр қилинади: Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқасининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир. Мана шу оятлар тафсирида Мустафо Зуҳайлий “Тафсирул мунир” китобида бундай дейди: “Эй иймон билан сифатланганлар! Агар молий маблағни ёки бирор нарсани қарзга берганларингиздек салам ва ҳар хил байларда муомала қилсанглар, бас, ўша муомалаларингизни маълум бир кун, ой ёки йилини баён қилиб, ёзиб қўйинглар. Номаълум бўлиб қолмасин. Чунки ёзиб қўйиш хотирада сақлашдан ишончлироқ ва низони кетказувчироқдир”. Аллоҳ таоло ёзиш суратини баён қилди ва унга масъул инсонни ҳам тайин қилдики, у ишончли, одил, фақиҳ ва икки тарафдан бирига мойил бўлмай, ҳақни биладиган инсон ёзсин. Бу шахс қарздор ва ҳақдор ўртасидаги қози каби инсонлар каби бўлади. Сўнгра мана шу оят тафсири давомида гувоҳларни баён қила туриб, имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳни ривоятини келтирадики: гувоҳлар қуйидаги сифатларга эга бўлиши керак: ҳадни вожиб қиладиган фаҳш ишлардан саломат бўлмоғи; фарзларни адо қилувчилардан бўлмоғи; яхши ишлари кичик гуноҳларидан кўп бўлмоғи, чунки банда гуноҳдан холи эмас, яхши хулқларидан гуноҳи кўп инсондан эса гувоҳлик қабул қилинмайди; қимор ўйнамайдиган бўлмоғи; ҳаммомга ички кийимсиз кирмаслиги; жамоатни менсимай 5 вақт намозни қолдирувчи бўлмаслиги; кўп ёлғон қасам ичувчи бўлмаслиги; бесабаб бомдод суннатини тарк қилишда доимий бўлмаслиги; равшан каззобликда танилмаслиги; саҳобийларни очиқ-ойдин сўкмаслиги; инсонлар ва қўни-қўшниларини сўкмаслиги; фисқу фужурда инсонлар билан тортишмаслиги ва ҳоказолар. Аллоҳ таоло қарзни ёзишликдаги ва гувоҳ келтириб қўйишдаги ҳикматларни баён қилиб берди. Бу баён Аллоҳ таолонинг ҳукмларидаги собитқадамлик аломатларидир. Ҳукмда собитқадамлик эса ишончга яқин, хиёнатдан узоқдир. Қолаверса, икки тараф ўртасидаги адолатни жорий қилади, қҚарзнинг жинсини, навини тайин қилиш борасидаги шаклларни ҳам зоил қилади. 4-курс талабаси Жамолов Нодиржон 586
Қарз олди-бердилари қадимдан буён инсонга зарур бўлган асосий муомалалардандир. Чунки инсон жамоавий шахс бўлиб, бир ўзи яшаш инсонга қийинчилик туғдиради, шу боисдан ўз биродарига муҳтож бўлади. Шунинг учун инсонларнинг баъзиси баъзиларидан қарз олиб туради. Замон ўзгаргани сайин бу муомаланинг кўринишлари аста ўзгариб борди. Ҳозирги кунга келиб эса бунинг кўринишлари ўзгача бир кўриниш касб этди. Айрим қарздорлар қандай йўл билан бўлмасин, олган қарзини қайтармаслик илинжида бўлиб қолган, шунингдек молдор инсонлар ҳам қарз беришдан қочган. Бунинг оқибати яхши бўладими, ёки йўқми, бу уни мутлоқ қизиқтирмайди. Араб мамлакатларида “қарз” ҳамда “дайн” сўзлари мавжуд бўлиб, “пулни қарзга олмоқ” маъносида “қарз” сўзини, “бирор таварни қарзга олмоқ” маъносида эса “дайн” сўзини ишлатишади. Бизнинг диёрларда эса битта “қарз” сўзи ишлатилади. “Қарз” луғатда арабча “اَلْقَطْعُ” яъни “кесмоқ” маъносини англатади. Бу “қарз”нинг аслий маъноси ҳисобланади. Бундан ташқари “қарз” “إِحْسَانٌ” “яхши” ёки “إِسَاءَةٌ” “ёмон” маъноларида ҳам ишлатилади. Агар бир одам “Фалончига қарз бердим” деса, бундай ҳолда “Фалончига ўз молимдан маълум миқдорини кесиб, унга мулк қилиб бердим” деган маънода айтган бўлади. Бундан ташқари “қарз” сўзини бошқа бир неча маънолари ҳам мавжуд бўлиб, жумладан: “чақмоқ”, “кемирмоқ”, “ўймоқ”, “олдини олмоқ”, “барҳам бермоқ”, “қирқмоқ”, “тўқимоқ” ва ҳоказолардир. Ислом шариатида эса қарзнинг таърифи бундай «Аллоҳ йўлида, маълум муддатга, қайтариб беришни ният қилган, ундан фойдаланадиган одамга молни бериш»дир. Демак, қарзга олинган нарса қарзга олувчининг мулкига айланади. Уни хоҳлаганича ишлатади. Қарз берувчига эса бадалини берса бўлади. “Дурарул-ҳуккам фи шарҳи мажалладил-аҳком” китобида эса “қарз” бундай таърифланади: “Қарз деб – қарздорга берилган молнинг бадалини кейинчалик қайтариб олиш шарти билан берилган молга айтилади”. Қарз – қийматли (ўлчамли) ва мислий (бир-бирига ўхшаш) нарсаларда бўлади. Шунга кўра қарз “мақруз-қарз берилган нарса” деган маънони ҳам билдиради. Қарзнинг шаръий маъноси: «Бошқа кишига мислий (бир-бирига ўхшаш) молни унинг мислини қайтариб олиш шарти билан топшириш ва беришдир». Бу таърифда “мислини қайтариб олиш шарти билан” деган жумланинг қайд этилиши билан қарз доирасига омонот, ҳиба, садақа, ория каби тасарруфлар кирмайди. Ҳиба ва садақага берилган нарсаларнинг айни ўзини ҳам эвазини ҳам қайтариб бериш шарт бўлмасада, лекин омонат ва орияга берилган нарсаларни айни ўзини қайтариб бериш вожиб бўлади. 4-курс талабаси Жамолов Нодиржон 495
Меҳрибон ва раҳмли бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин у зот яхшилик қилишга ва ҳакларни адо килишга буюрди. Адолатсизлик, зулм, ўжарликни харом килди. Карамли ахлоқларни мукаммал килиш учун юборилган, қариндош уруғлик ришталарни узишдан қайтарган, силаи рахмни боғлашга буюрган зотга уларни аҳли оилаларига,сахобалари ва тобеинларига киёмат кунигача саловат саломлар бўлсин. Бу имом ал-муборак Мухаммад Ибн Исмоил ал-Бухорийнинг «Биррул валидайн» китобини Аллоҳ мусулмонлар учун мухофаза қилсин. “Биррул волидайни” яъни Ота-онага яхшилик қилиш бирикмасининг тўлиқ маъноси қуйидагичадир. ”Бирр” сўзи бизнинг тилимизга яхшилик дея таржима қилиниб, “фазилат”, “содиқлик”, “тоат” ва “солиҳлик” каби маъноларни ифода этади. Уламолар истилоҳида “Бирр” юмшоқ ва латофатли сўз ила яхшилик қилиш ва нафратга сабаб бўлувчи қўпол сўздан четда бўлишдир. Айни пайтда “бирр” шафқат меҳр-муҳаббат асосида молиявий амаллар билан яхшилик қилишни ҳам ифода этади. “Волидайн” ота-она. Бу сўз бобо ва момоларни ҳам ўз ичига олади. “Бирр” одамларга яхши ахлоқлар ила муомалада бўлиш уларга яхшилик қилиш раҳм кўрсатиш ва содиқ бўлиш ҳамда Аллоҳ Таоло билан бўладиган муомалада У зотнинг буйруқларини лозим тутиш ва қайтариқларидан қайтишдан иборатдир. Шунингдек, гуноҳлардан холис бўлган доимий амалга ҳам “бирр” дейилади. Аллоҳ Таолонинг гўзал исмларидан бири “Барр” дир. Яъни улуғ яхшилик қилувчи. Қуръони Каримда яхшилик ҳақида бир қанча оятлар келган. Аллоҳ Таоло Бақара сураси 177- оятда шундай марҳамат қилади. “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир”. Одатда одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани, бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун тургувчи жиҳат белгилаши керак. Ислом динида “яхшилик” Аллоҳ яхши деган нарсалардир. والد арабчада “ота” деган маънода ишлатилади. والدين иккилиги бўлиб иккита ота деган маънодадир. Тағлийбан шундай ишлатилади. Арабларда иккита нарсани биттада ишлатиб юбориш одати бор. امين демасдан والدين деди. Мисол учун: Хурмо билан сувни ҳам اسودين деб айтишади. Тилло билан кумушни ҳам اصفرين деб айтадилар. Имом Бухорийнинг “Биррул валидайн” асарларида 76 та ҳадис келтирилган. Машҳур саҳобалардан мисол учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан 13 та ҳадис ривоят қилинган. Абдуллоҳ ибн Масъуддан 7 та ҳадис, Абдуллоҳ ибн Амрдан 4 та ҳадис, Анас ибн Моликдан 2 та, Ойша розияллоҳу анҳодан 3 та ҳадис, Саъид ибн Абу Ваққосдан 1 та ҳадис ривоят қилинган. Ҳадислар яҳлит ҳолатда келтирилган бобланмаган. Ҳамда Имом Бухорий хазратлари ушбу китобларини Басмала билан бошлаганлар. Ушбу асардаги 24 та ҳадис ота-она ҳақларидаги ҳадислардан иборатдир. Қолган 45 та ҳадис Силаи раҳм ва бошқа мавзуларга оиддир. 4 курс талабаси Мусохонова Солиҳа 558