Сўнгги вақтларда Интернет тармоқларида айрим нохушликларни ислом шиорларига боғлаш – “имом ундай бўлди”, “масжид бундай бўлди” дейиш ҳолатлари учраётгани ижобий ҳодиса эмас. Аввалроқ “Деновда ҳамшаҳрига марихуана берган масжид ноиби қўлга олинди”, “Уйи томсиз қолган имомга ёрдам берайлик”, “Даҳшатли алангадан мўъжиза туфайли омон қолган имом зудлик билан операция қилиниши зарур” каби мақолалар эълон қилинган эди. Булардан мақсад нима? Шундай нохолис йўл орқали омманинг эътиборини жалб қилиш ё нашр рейтингини оширишми? Ўтган куни эса “Қўқонда имом ёрдамчиси гиёҳванд моддалар билан қўлга тушди” сарлавҳали хабарда косибчилик билан шуғулланиб, шу билан бирга, Қўқон шаҳридаги масжидлардан бирида имомга ёрдамчилик қилиб келган бир шахс гиёҳванд моддалар билан қўлга тушиб, жазо тайинлангани ҳақидаги хабар эълон қилинди. Шу ўринда бир мулоҳаза, асосий касби косибчилик бўлган инсоннинг имомга ёрдамчилик қилганини (“ёрдамчи” деган штат йўқ) сарлавҳага олиб чиқишдан мақсад нима? Нега сарлавҳа «Косиб гиёҳванд моддалар билан қўлга тушди» шаклида эмас?.. Боз устига мазкур шахс ўтган йили ишдан бўшаб кетганига нима дейсиз?.. Жиноят қилган одамнинг динга муносабати, масжидга алоқаси олдинги планга олиб чиқилмаслиги лозим. Бу одам жиноят қилган экан, қонуний жазосини олди. Бироқ ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш илинжида диний идора, масжид ё имом умуман, ислом шиорларини ёмонотлиқ қилишга уриниш дуруст эмас, балки гуноҳдир. Интернетдаги бетизгин эркинлик сабабли баъзилар ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғуларга, қонун-қоида каби меъёрларга риоя қилмаётгани ҳам кўзга ташланмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деб баён қилган (Қоф сураси, 18-оят). Ушбу ояти каримадан журналистларнинг ҳам айтганлари ва ёзганларини муаккал фаришталар ёзиб бориши, вақти етиб дафтар кўтарилганда бугун ёзганларимиз эртага ўзимизнинг фойдамиз ёки зараримизга ҳужжат бўлиши аён бўлмоқда. Шундай экан, ёзган материалларимизни одамларни ҳайратга соладиган қилиш учун Ислом шиорларига боғлашдан сақланайлик! Ҳаммани лол қолдирадиган материал ёзаман, дея арзон шуҳратга учиб, Ислом шиорларига зарар етказиш – журналистика этикасига ҳам, миллатимиз ахлоқига ҳам, динимиз таълимотига ҳам мутлақо тўғри келмайди. Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимиз ибрати, Ислом дини қадр-қиммати пайдо бўлса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик. Зотан, қалам аҳлларининг шарафли касбида қўлга киритадиган ютуқларини таъмин этувчи муҳим омил ҳам шу эмасми, ўзи! Умуман олганда, ўша жиноятчининг асл касби қолиб, имомга ёрдамчи эканининг сарлавҳага чиқарилишининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор: диндор одам жиноятчи бўлмайди; диндор одам оғуфурушлик билан шуғулланмайди; диндор одамнинг бу каби қабиҳлик билан шуғулланиши бошқаларникидан икки чандон даҳшатли ҳодиса саналади; косиб – ҳунарманд, имомлик эса пешволик… Мақолага сарлавҳа қўйилганда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилган. Бироқ ўқувчини қизиқтириш, жиноятнинг кўламини бўрттириб кўрсатиш учун қўлга тушган жиноятчиларнинг намоз-ниёзи борини динга боғлайвериш одамларда дин ва диндорларга нисбатан салбий фикрни шакллантиришга, улардан ҳадиксирашга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Ана шундан эҳтиёт бўлган маъқул, азизлар. Манба: ЎМИ Матбуот хизмати 320
Бизнинг тилимизда “одоб” тарзда талаффуз қилинишига одатланиб қолинган арабча “أدب” сўзи аслида “ مأدبة” ўзагидан олингандир. “مأدبة” эса, одамларни даъват қилинган зиёфатни англатади.Одоб ҳам одамларни доимо даъват қилинадиган маънавий маъдаба-зиёфат бўлгани учун шу номни олган.[1] Абу Муҳаммад ўзларини “كتاب الواعي” номли асарларида: “Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун “одоб” деб номланган”, дейди.[2] Ибн Торийф раҳмаҳуллоҳи алайҳ эса “الافعال” китобида:”Кишининг одоби хулқда ёки илмда одобли бўлиши” дегани, деган.[3] Имом Жавҳарий раҳимаҳуллоҳи алайҳ “Одоб-бу нафс ва дарс олишдаги одоби”,деган. Одобнинг таърифида қуйидагига ўхшаш гаплар ҳам келган: “Мақтовга сазовор сўз ва амални истеъмол қилиш одобдир”. “Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир”. “Одоб қовлий ва феълий мақталган ишларга ишлатилади”, “Барча эзгулик хулқдир”.[4] “Ўзингдан каттани улуғлашинг, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир”.[5] Барча таърифларни бир жойга тўплаганда Исломда кўзланган “Одоб” таърифи юзага келади. Ҳозирги ғарб маданиятига тобеълик таъсирида “одоб”ни “маданият” дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун “овқатланиш одоби” дейиш ўрнига “овқатланиш маданияти”, дейилади.[6] Одоб масаласи Исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Яхши одоб аслида нафснинг камолатга етгани, унинг интизомлилиги, жиловлангани ва яхшиликда эканининг аломатидир. Аксинча, беодоблик нафснинг ҳали покланмагани, жиловланмагани ва интизомда эмаслиги аломатидир. Одоб иккига: назарий ва амалий жиҳатларга бўлинади. Одоб олдин назарий жиҳатидан ўрганилади ва кейин унга амал қилинади. Фикр юритадиган бўлсак, одобнинг доираси шу даражада кенгки, оддий нарсаларга нисбатан бўлган одобдан бошлаб, то барча нарсаларнинг Роббига нисбатан бўладиган одобгача бор. Исломда одобнинг яхшиликка чақириш маъноси инсонга боғланган барча нарсаларда намоён бўлади, яъни мусулмон инсоннинг ўзи билан боғлиқ барча нарсага одоб билан – яхшилик юзасидан муомала қилиши йўлга қўйилган. Бу муомалалар жамодат-жонсиз нарсалардан бошланади.Кейин наботот оламига, сўнгра ҳайвонат оламига ўтади,сўнгра эса инсоният олами, фаришталар олами ва ҳакозо оламларни қамраб олади. Исломдаги одоблар мусулмон инсоннинг ўз Набийси Роббига кўрсатадиган одоби ила тож кияди, камолга етади. Одоб масаласини инсоният тарихида илк бор Исломгина тўлақонли равишда бошлаган, унга катта аҳамият берган. Исломда инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарада ҳамма нарсанинг муомаласидаги одоблар кенг баён қилинган. Ислом таълимотининг асосини ҳам одоб ташкил қилади. Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади: وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا “Роббинг фақат унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “Уфф”, дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!”[7] (23-оят). Бу ояти каримада ягона маъбудга –Аллоҳ таолога Ўзигагина ибодат қилишга амр қилинганидан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда. Аллоҳга тоат, ибодатдан кейин келадиган яна бир муҳим иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амридир. Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб ҳақидаги ҳадислардан баъзи намуналар: عن جابر بن سمرة رضى ألله عنه أنّ النبي صلى ألله عليه وسلم قال: لأنْ يؤدب الرجل ولده أو أحدكم ولده خيرٌ له من أن يتصدق كل يوم بنصف صاع. رواه الترمذي و أحمد[8]. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши фарзанди ёки бирингиз фарзандини одобли этиб тарбиялаши...
19 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари АҚШнинг турли шаҳарларида бўлиб ўтадиган ўзаро мулоқотлар, халқаро анжуманлар ва давра суҳбатларида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар. Океан орти мамлакати сафари давомида Ўзбекистон делегацияси АҚШ давлат департаменти вакиллари билан учрашув ўтказиш ва халқаро диний эркинликлар масалалари бўйича мутахассислар билан мулоқотлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, ушбу мамлакатдаги дин пешволари билан мулоқотлар уюштириб, ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишувлар муҳокама қилинади. Ташриф давомида соҳа мутахассислари, экспертлар ва дин пешволари иштирокида “Маърифат ва диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтади. Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги йирик жоме масжидда жума намозини адо этиши кўзда тутилган. Мазкур нуфузли тадбирлар ва учрашувларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 272
Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Ислом дини инсон жамиятида учрайдиган ҳар қандай иллат ва нуқсонларни муолажа қилувчи таълимот эканлигига ҳеч ҳам шубҳамиз йўқ. Ўзгалар ҳаққига тажовуз қилиш, ўғирлик, йўлтўсарлик, қимор ва бошқа турли маъсиятлар борки, ислом таълимоти бу каби инсонларга зарар берувчи, жамиятни ривожланишдан тўсувчи нопок ишларни қоралайди ва унга қарши курашади. Замон ўтган сари янги – янги гуноҳ ва маъсият турлари ва йўллари пайдо бўлмоқда. Масалан: Бугунга келиб, пайдо бўлган “Интернет” орқали тинч яшаётган еру хотин ўртасига нифоқ солиш, ёшларни ҳар хил ўйинлар орқали ўзини ўлдиришга тарғиб қилиш, турли видеороликлар билан ёшларнинг онгини заҳарлаш ва ҳокоза… 21 аср, шундай буюк замон бўлдики, Аллоҳ охир замон бандалари оёғи остига дунё неъматларини тўлдириб ташлашни ваъда қилган эди, шу ваъдани бажарди. Биз яшаётган фаравон ва тўқчилик ҳаётини илгари яшаб ўтган подшоҳлар ҳам кўрмаган. Худолик даъвосини қилган, малъун Фиръавн ҳам биз каби шохона безатилган дастурхон атрофида ўтириб таом емаган. Биз минган маркаб, биз яшаётган уй, ўтмишда, қасрларда яшаб ўтган подшоҳларнинг орзуси бўлган десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки уйларимиз қасрлардан қиммат ва қулай. Шароитларимиз ҳавас қилгудек. Лекин шунча неъмат ичра яшаётган бўлсакда, тилимиздан шукур, қалбимиздан қаноат тушунчалари ўчиб кетмоқда. Молу давлатимиз қанча кўпайса, яна зиёда бўлишини истаймиз. Бунинг йўлида баъзи кишиларни мақтаб, ундан нимадир олиш ва юлиш пайида бўламиз. Бу иллат бугунги кунимизда тузалмас дардга айланди. Бу дардни биз “Маддохлик” деб атаймиз. Маддохлик, зоҳирида зарарсиз кўринсада, аммо ботинида инсон боласини мутакаббирлик жарига улоқтириб, ўзидан бошқани инсон сифатида кўрмайдиган даражада ман – манлик курсисига мухрлаб, уни Аллоҳнинг рахматидан қувулган шайтоннинг ҳолига туширади. Шундай экан, бу “Маддоҳлик” касали қандай дард? Унинг зарари нима? Ундан қутилиш йўли борми? Шу каби саволларга ислом таълимотидан жавоб излаймиз. Маддохлик, исломда қораланган иллатлардан бири бўлиб, луғавий жиҳатдан “Мақтовчи” деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда ҳар кўринган инсонни ўринли ва ўринсиз мақтайверадиган ва ўзгаларни мақташни одат қилиб олган инсонга нисбатан ишлатилади. Бу мақтовлар мақтанилган инсон қалбида секин – аста “Мен ҳаммадан кучлиман ва ақллиман” деган мағрурлик ва манманлик иллатини пайдо қилади. Аллоҳнинг энг катта душмани Фиръавн “Мен сизларнинг олий роббингизман” деган даъвони қилишигача олиб борган нарса маддоҳлик эканлигини унитмайлик. Миср халқи уни ҳамма ишини “Тўғри қилдингиз” дея хато ишларига кўз юмишлари натижасида уни шу даражага олиб боришди. Чунки баъзан инсон “Бу тўғри бўлди” деган иши айни хато бўлиши ҳам мумкин. Шундай экан, баъзи баъзида ён атрофдаги кишилар унинг мана шу хатоларини тез – тез кўрсатиб турса, ўзининг хато қилиши мумкин эканлигини биладида, манманликдан узоқ бўлади. Узоқ ўтмишда Бани Исроил халқи Узайр алайҳис саломни мақтаб – мақтаб, охири “Узайр Аллоҳнинг ўғли” дейишгача борган бўлсалар, уларнинг зурриётлари Ийсо алайҳис саломни мақташиб “Ийсо Аллоҳнинг ўғли” деб залолатга кетишди. Уларнинг бу каби хато ишлари ҳаддан ортиқ маддоҳлик қилишларининг натижасидир. Ҳатто инсонлар орасида барча мақтовларга лойиқ бўлган, сўзласа ҳавосига суяниб эмас, балки ваҳийни гапирадиган зот, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Мени Носоролар Ийсони мақтаганларидек мақтаманглар, албатта мен Аллоҳнинг қулиман. Балки мени Аллоҳнинг қули ва элчиси денглар”, деб умматини мақташдан қайтарганлар. Имом Бухорийнинг саҳиҳларида Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда келади. Абу Мусо ал-Ашъарий айтадилар: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бир киши бошқа бирини муболаға қилиб мақтаётганларини эшитдилар....
Уламолар даволаниш ҳукми борасида беш хил фикр билдирганлар. Имом Нававий турли касалликлардан даволаниш салаф жумҳур уламолари, (халаф)улардан кейингилар, шофеъийларнинг жумҳури ва баъзи ҳанбалий мазҳаби уламолари фикрига кўра мубоҳ ҳисобланади. Баъзи ҳанафий мазҳаби уламолари сўзига кўра, касаллик даволаниш билан тузаладиган бўлса, унга муолажа қилиш вожиб бўлади. Даволанилмай касаллик оқибати ёмон ҳолатга олиб келадиган бўлса, давони тарк қилиш ҳаромдир. Ибн Ҳажар Ҳайсамий айтади: “Агар касалнинг жароҳати оғирлашиб, унга зарар етиш хавфи бўлса, даволаниш вожибдир”. Бағавий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Агар бемор даволаниб шифо топишини билса, унга доволаниш вожиб бўлади”. Ибн Ҳазм айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даволанишга буюришлари уни тарк қилишдан қайтариқ ҳисобланади. Бу эса даволанишнинг вожиб эканини ифода этади”. Жумҳур ҳанафий мазҳаби уламолари “даволаниш мубоҳдир” деган фикрни билдирганлар. Улар айтадилар: “Агар киши шифо берувчи Аллоҳ таолонинг ўзи деган эътиқодда бўлиб, шу билан бирга унинг даволанишида ҳеч қандай зарар йўқ”. Моликий мазҳабига кўра ҳам даволанишда ҳеч қандай зарар йўқ. Ибн Рушд баъзи уламолардан худди шу фикрни айтиб ўтган. Абулвафо, ибн Жавзий, Хаттобий ва бошқа ҳанбалий мазҳаби уламолари ҳам юқоридаги фикрни қайд этганлар. Баъзи уламолар: “Даволаниш жоиз. Лекин Аллоҳ таолога суяниб, уни тарк этиш афзалроқдир” деганлар. Ушбу фикрни Имом Нававий ҳам билдирганлар. Имом Ғаззолий: “Баъзи ҳолатларда даволанмаслик афзалроқ. Агар даволаниладиган бўлса, жоиз бўлади.Бу унинг таваккулининг қувватига қараб бўлади” деганлар. Ибн Барзий Шофеъийнинг фатвосига кўра: “Бемор даволанишни тарк этиши афзалроқ. Бу унинг таваккули қувватини кўрсатади. Ким руҳан заиф, сабри оз бўлса, унга даволаниш афзал”. Абу Толиб Маккий айтади: “Даволаниш кенг рухсатдир. Уни тарк этиш торлик, ва азиматни лозим тутишдир. Касалликка даво излаш банда таваккулининг нуқсонли эканини кўрсатмайди. Уни тарк этиш кучлилар учун афзал ҳисобланади”. Ибн Жавзий кўп мутассаввифлар ушбу йўлни танлаганлари ҳақида айтиб ўтган. Бу тоифадагилар касал бўлганда даволанмай, Аллоҳ таологагина суяниб, Унинг имтиҳонига рози бўлиш керак, деган фикрни билдирадилар. Айний (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай фикрдаги баъзи суфийларни зикр қилганлар. Имом Нававий бу фикрни динда чуқур кетиш, деб ҳисоблаганлар. Доктор Насимий айтади: “Ўтган салафи солиҳларнинг даволаниш борасида турлича фикр билдиришларининг сабаби, улар яшаган даврда тиббиёт ривожламаганлиги, касалликларга турли гумонлар билан ташхис қўйилиб, муолажа қилиниши ва турли касалликларга қарши дори-дармонларнинг жуда кам топилиши билан боғлиқ. Аммо бугунги кунда замонавий тиббиёт ва даволаниш борасидаги барча набавий ҳадисларга синчиклаб эътибор бериб, даволаниш борасида қуйидаги қуйидаги бешта ҳукм келиб чиқишини айта оламиз. Аллоҳ билгувчироқ. Турли саратон ва шу каби бедаво касалликларга гарчи даво бўлишига тўла ишонч бўлмасада мубоҳ нарсаларни қўллаб шифо излаш мубоҳ. Хусусан, баъзи касалликка бошланишидаёқ муолажа қилинмаган бўлса, вақт ўтгандан сўнг даволаниш фойда бермайди. Касаллик тузалишида фойда бўлиши мумкин бўлган ёки оғриқ қолдириши эҳтимоли бор бўлган дориларни оғриқли жойга қўллаш мандуб (динимизда тавсия этилган яхши амал) ҳисобланади. Бемор ўзи ёки табиб касаллик зўрайиб, оғирлашиб қолишидан қўрқадиган ўринларда тиббиёт мутахассислари тажрибаларида синалиб дардга шифо бўлиши аниқланган дориларни истеъмол қилиш вожиб бўлади. Дард инсон ҳаётига хавф соладиган ва бирор аъзога зарар етиши мумкин бўлган ўринларда ҳам даволаниш вожиб. Мубоҳ бўлган дори-дармонлар етарли бўла туриб, истеъмоли макруҳ бўлган нарсалардан тайёрланган дориларни ишлатиш макруҳ(динда қайтарилган)дир. Чунки бундай дорилар бир жиҳатдан фойдали кўринсада, бошқа аъзоларга зарар бўлади. Даволанишга умуман бошқа имконият бўлмаган пайтда эҳтиёж даражасидан ортиқ ва заруратсиз ҳаром нарсалар билан муолажа қилиш ҳаром...