islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Юзига тупроқ сепинглар

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Ислом дини инсон жамиятида учрайдиган ҳар қандай иллат ва нуқсонларни муолажа қилувчи таълимот эканлигига ҳеч ҳам шубҳамиз йўқ. Ўзгалар ҳаққига тажовуз қилиш, ўғирлик, йўлтўсарлик, қимор ва бошқа турли маъсиятлар борки, ислом таълимоти бу каби инсонларга зарар берувчи, жамиятни ривожланишдан тўсувчи нопок ишларни қоралайди ва унга қарши курашади. Замон ўтган сари янги – янги гуноҳ ва маъсият турлари ва йўллари пайдо бўлмоқда. Масалан: Бугунга келиб, пайдо бўлган “Интернет” орқали тинч яшаётган еру хотин ўртасига нифоқ солиш, ёшларни  ҳар хил ўйинлар орқали ўзини ўлдиришга тарғиб қилиш, турли видеороликлар билан ёшларнинг онгини заҳарлаш ва ҳокоза…

21 аср, шундай буюк замон бўлдики, Аллоҳ охир замон бандалари оёғи остига дунё неъматларини тўлдириб ташлашни ваъда қилган эди, шу ваъдани бажарди.  Биз яшаётган фаравон ва тўқчилик ҳаётини илгари яшаб ўтган подшоҳлар ҳам кўрмаган. Худолик даъвосини қилган, малъун Фиръавн ҳам биз каби шохона безатилган дастурхон атрофида ўтириб таом емаган. Биз минган маркаб, биз яшаётган уй, ўтмишда, қасрларда яшаб ўтган подшоҳларнинг орзуси бўлган десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки уйларимиз қасрлардан қиммат ва қулай. Шароитларимиз ҳавас қилгудек. Лекин шунча неъмат ичра яшаётган бўлсакда, тилимиздан шукур, қалбимиздан қаноат тушунчалари ўчиб кетмоқда. Молу давлатимиз қанча кўпайса, яна зиёда бўлишини истаймиз. Бунинг йўлида баъзи кишиларни мақтаб, ундан нимадир олиш ва юлиш пайида бўламиз. Бу иллат бугунги кунимизда тузалмас дардга айланди.  Бу дардни биз “Маддохлик” деб атаймиз.

Маддохлик, зоҳирида зарарсиз кўринсада, аммо ботинида инсон боласини  мутакаббирлик жарига улоқтириб, ўзидан бошқани инсон сифатида кўрмайдиган даражада ман – манлик курсисига мухрлаб, уни Аллоҳнинг рахматидан қувулган шайтоннинг ҳолига туширади. Шундай экан, бу “Маддоҳлик” касали қандай дард? Унинг зарари нима? Ундан қутилиш йўли борми? Шу каби саволларга ислом таълимотидан жавоб излаймиз.

Маддохлик, исломда қораланган иллатлардан бири бўлиб, луғавий жиҳатдан “Мақтовчи” деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда  ҳар кўринган инсонни ўринли ва ўринсиз мақтайверадиган ва ўзгаларни мақташни одат қилиб олган инсонга нисбатан ишлатилади. Бу мақтовлар мақтанилган инсон қалбида секин – аста “Мен ҳаммадан кучлиман ва ақллиман” деган мағрурлик ва манманлик иллатини пайдо қилади. Аллоҳнинг энг катта душмани Фиръавн “Мен сизларнинг олий роббингизман” деган даъвони қилишигача олиб борган нарса маддоҳлик эканлигини унитмайлик. Миср халқи уни ҳамма ишини “Тўғри қилдингиз” дея хато ишларига кўз юмишлари натижасида уни шу даражага олиб боришди.  Чунки баъзан инсон “Бу тўғри бўлди” деган иши айни хато бўлиши ҳам мумкин. Шундай экан, баъзи баъзида ён атрофдаги кишилар унинг мана шу хатоларини тез – тез кўрсатиб турса, ўзининг хато қилиши мумкин эканлигини биладида, манманликдан узоқ бўлади.

Узоқ ўтмишда Бани Исроил халқи Узайр алайҳис саломни мақтаб – мақтаб, охири “Узайр Аллоҳнинг ўғли” дейишгача борган бўлсалар, уларнинг зурриётлари Ийсо алайҳис саломни мақташиб “Ийсо Аллоҳнинг ўғли” деб залолатга кетишди. Уларнинг бу каби хато ишлари ҳаддан ортиқ маддоҳлик қилишларининг натижасидир.

Ҳатто инсонлар орасида барча мақтовларга лойиқ бўлган, сўзласа  ҳавосига суяниб эмас, балки ваҳийни гапирадиган зот, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Мени Носоролар Ийсони мақтаганларидек мақтаманглар, албатта мен Аллоҳнинг қулиман. Балки мени Аллоҳнинг қули ва элчиси денглар”, деб умматини мақташдан қайтарганлар.

Имом Бухорийнинг саҳиҳларида Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда келади. Абу Мусо ал-Ашъарий айтадилар: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бир киши бошқа бирини муболаға қилиб мақтаётганларини эшитдилар. Шунда мақтовчига қараб: “Ўртоғингни ҳалок қилдинг ёки белини синдирдингку” дедилар”. Имом Бухорийнинг саҳиҳларида Абу Бакр Сиддиқ (р.а) дан ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилинади. Абу Бакр Сиддиқ (р.а) айтадилар: “Бир киши Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга бошқа бир кишини ҳаддан ортиқ мақтади. Шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сенинг ҳолинга вой бўлсин! Ўртоғингнинг бўйнини уздингку” дедилар” дейди. Давоми бор…

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси А.Тошпўлатов

82640cookie-checkЮзига тупроқ сепинглар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: