islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Оила

Бўлимлар

Бахт қасри

Саидакмал ака тақволи, имон-эътиқоди мустаҳкам киши. У бир неча йиллар давлат ташкилотларининг бирида ҳисобчи бўлиб  ишлади. Иш жараёнида  ҳалолликни ўз виждон бурчи деб билиб, бировларнинг ҳақига хиёнат қилмади. Ҳалоллиги учун ҳам илк ишга кирган жойида нафақага чиққунига қадар ишлади. Умр йўлдоши Ойниса опа ҳам мулоҳазали, оғир-босиқ аёл. Икки оқил инсоннинг ўстирган икки қиз ва бир ўғил фарзандлари ҳам ота-оналари сингари тақволи бўлиб улғайдилар. Улар фарзандларига доимо ҳалолликдан, покликдан сабоқ бердилар. Айниқса, улар дилбандларига қуйидаги ўгитни қайта-қайта айтишни канда қилишмасди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одам фарзандида ҳамма нарса қарийди, лекин ҳирс ва орзу-ҳавас қаримайди”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Сизлар эса, ҳамиша ҳирсни ўлдириб, бўлар-бўлмас орзу-ҳавасга қул бўлманглар, дея уқтиришарди. Орадан йиллар ўтди. Икки қизни ўқитишиб, ҳунарли қилиб, турмушга узатишди. Нима ҳам бўлди-ю, кичик қиз Маъсуманинг турмуши бузилди. У ўғилчаси Шаҳобиддин билан ота уйга қайтиб келди. Акаси Саидикром ҳар куни  дарсдан келибоқ Шаҳобиддинни суюб эркалар, кўтариб  олиб кўчаларда ўйнатиб келарди… Саидикром ўқишини битиргач, мутахассислиги бўйича ишга жойлашди. Ота-она уни орзу-умидлар билан уйлантиришди. Келин бир фарзандли бўлгунича югуриб-елиб уй ишларини қилди. Фарзанди дунёга келганидан сўнг келиннинг кўнглига нафс шайтонлари ин қурди: “Бу кичиккина ҳовлида менинг болам сиғадими ёки Маъсуманики? У ҳам бу ҳовлига эга чиқадими?” Келин шу ўйлар гирдобида ҳар хил баҳоналар билан уйда жанжал чиқарар, тун бўйи эрига Маъсумани, мурғак Шаҳобиддинни ёмонларди. Инсон барибир хом сут эмган банда-да. Қулоғига тун бўйи шивирланган бўҳтонлар ўз кучини кўрсатмай қўймади. Саидикром  кўнгли ярим сингли билан гаплашишни ўзига эп кўрмайдиган, гапирганда ҳам жеркиб гапирадиган бўлиб қолди. Шаҳобиддин “тоғажон!” деб югуриб келса, қучоқ очиш ўрнига бурилиб кетадиган қилиқ чиқарди. Саидакмал ака ҳам, Ойниса опа ҳам ўғилларига ҳар қанча насиҳат қилишмасин, қулоғига олмади. Ўғлининг бу хатти-ҳаракатларидан ажабланган ота “Биз бола тарбиясида қаерда адашдик? Қаерда хато қилдик? Ўғлим нега туғишган синглисига нисбатан бунчалик ғаразлик қиляпти?”, дея ўйга ботди. Фарзанд тарбиясига бир томонлама ёндашмаслик керак. Саидакмал ака ва Ойниса опа болаларини бир мўминда бўлиши керак бўлган фазилатлар билан тарбия қилди-ю, фақат бир томонини унутишганди. Уларни бир-бири билан меҳр-оқибатли, яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам бир-бирига елка тутиб бериши лозимлигини уқтиришмагани оилага фожеани бошлаб келди. Натижада оиладаги можаро кун сайин авж ола бошлади. Маъсума ота-онасига билдирмай йиғлар, уйдан чиқиб кетишга эса чорасиз эди. Ҳамкасбининг зўрлови натижасида қўшни вилоятдан келиб-кетиб юрадиган бир тадбиркор йигит билан танишди. Йигит ҳам имонли, диёнатли чиқди. У Маъсуманинг оилада қийналиб яшаётганини эшитиб, уни ўз қарамоғига олишга, бахтли қилишга, фарзандига чин оталик қилишга аҳд қилди. Ҳа, Маъсума бир яхши инсоннинг аҳди билан бахтини топиб кетди. Ота-онанинг бағри ҳувиллаб, Саидикром ва унинг нафсга қул хотинини қувонтириб олис-олисларга, аммо бахт қасрига кетди… Саидикром эса хотинига қўшилиб нафсга қул бўлгани, синглисига, жиянига қилган қўрс муомаласи учун ота-онаси олдида, виждони олдида қандай жавоб беришни билмай ўйловда қолди. Бу тўрт кунлик дунёда мол-дунёга ҳирс қўйиш киши юзини шувит қилишини у энди англаб етганди.                                                                                   Зебо ОМОНОВА (muslim.uz) 410

Оила мустаҳкамлиги омиллари

Муқаддас динимиз оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода қачон оилалар салоҳиятли бўлса, бундай оилалардан ташкил топган жамият ҳам салоҳиятли бўлади. Шунинг учун динимиз оилага иймон, муҳаббат, таълим-тарбия ва бахтли ҳаёт сари йўлловчи маскан сифатида қарашни вожиб қилган. Динимиз кўрсатмаларига мувофиқ қурилган оила мустаҳкам қонун-қоидалар устига қурилган бўлади. Ҳаётда учрайдиган турли муаммолар  бундай асос устига қурилган оила мустаҳкамлигига асло раҳна сола олмайди. Чунки бу оила Аллоҳнинг китобига, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, инсониятнинг энг улуғи бўлган саҳобалар ва тобеинларнинг тутган йўлларига ҳамда азиз уламоларимизнинг кўрсатмаларига таянган бўлади. Шу маънода муқаддас динимизда ҳали оила қурилмасдан олдин уни қандай ташкил қилишга яъни бутун ҳаёти давомида ўзига шерик бўладиган инсонни танлашда нимага эътибор бериш лозимлиги ҳақида тегишли кўрсатмалар бор. Қуйидаги ҳадиси шариф бунга далилдир: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِيْنِهَا، فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّيْنِ تَرِبَتْ يَدَاك. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлга тўрт нарса учун уйланилади: Мол-дунёси, насл-насаби, ҳусни-жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, барака топасан”, дедилар )Муттафақун алайҳ(. Ушбу ҳадиси шарифда уйланадиган йигитларга турмушдан барака топиш учун аёлнинг фақатгина ё мол-дунёсига ё насл-насабига ёки ҳусни жамолига эмас, балки дини кўрсатмаларига риоя қиладиган гўзал хулқига эътибор бериш лозимлиги уқтирилган. Албатта, динига ихлос билан риоя қиладиган аёлда юқоридаги сифатлар ҳам топилса, янада яхшироқ бўлади. Шунингдек иккинчи тарафга ҳам яъни аёл тарафга ҳам куёвнинг қайси жиҳатига эътибор бериш лозимлиги баён қилинган: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إذَا خَطَبَ إلَيْكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ، فَزَوِّجُوهُ، إِلاَّ تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي الْأَرْضِ وَفَسَادٌ عَرِيْضٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга дини ва хулқига рози бўладиган киши совчи қўйса, унга турмушга беринглар. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва катта бузғунчилик бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривоят қилган). Демак, қиз тараф ҳам дини кўрсатмаларига риоя қиладиган гўзал хулқли йигитга турмушга беришлари керак экан. Бир киши Ҳасан ибн Алининг ҳузурларига келиб: “Менинг қизимга бир қанча йигитлардан совчилар келди. Уларнинг қайси бирига берай? деб сўрабди. Шунда у зот: “Қизингни тақводорига бергин. Агар у қизингни яхши кўрса иззат-икром қилади, яхши кўрмаган тақдирда ҳам унга зулм қилмайди”, деб жавоб берганлар. Динимиздаги мазкур кўрсатмалар асосида қурилган оила муқаддас динимиздаги буйруқ ва қайтариқларга риоя қиладиган тартибли маскан бўлади. Бу маскан раҳбарлари бўлмиш ота-оналар фарзандларини соғлом эътиқодли, одоб-ахлоқли  ва илм-маърифатли бўлиб вояга етказишни зиммаларидаги бурч деб  биладилар. Зеро бу бурч Қуръони каримда келган буйруқдир:  يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни дўзахдан сақланг!” (Таҳрим сураси, 6-оят). Фарзандлар ота-оналарнинг навниҳоллари ва қалб меваларидир. Агар улар навниҳолларини парваришлаб турли офатлардан ҳимоя қилсалар бу ниҳоллар тўғри ўсиб мева берадилар. Агар қаровсиз қолдирсалар кўпинча қинғир-қийшиқ ўсиб, ота-оналарига ҳам, бошқа жамият вакилларига ҳам фақат ташвиш туғдирадиган манфаатсиз нарсага айланадилар. Шунга кўра фарзанд тарбиясини энг муҳим вазифа деб билиб, бу вазифани сидқидилдан адо этишдан ота-оналарнинг ўзлари ҳам жамият вакиллари ҳам манфаат кўрадилар. Оила мустаҳкамлигининг...
1 9 10 11