Менинг Бани Умайя ибн Зайдлик – у ер Мадинанинг чекка маҳаллаларидан бири – ансорийлардан бир қўшним бор эди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига тушишга навбатлашар эдик. Бир кун у тушса, бир кун мен тушар эдим. Мен тушганимда ўша кунги ваҳий ва бошқа хабарларни олиб келардим. У ҳам тушганда шундай қиларди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу * * * Мадомики инсонлар орасида ҳадис талаб қиладиган кишилар бор экан, улар салоҳиятда бардавом бўладилар. Агар илмни ҳадиссиз талаб қилсалар бузиладилар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ * * * Аллоҳ таолонинг дини борасида ўз фикрингиз асосланиб бирор сўз айтишдан сақланинглар. Суннатга эргашишни лозим тутинглар. Ким суннатдан чиқса адашади. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ * * * Агар суннат бўлмаганда, ҳеч биримиз Қуръонни тушунмас эдик. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ * * * Қачон ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабимдир. Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ * * * Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадисни ривоят қилиб, сўнг бошқа гапни айтсам, қайси осмон мени соялантиради ва қайси ер мени кўтаради?.. Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ * * * Агар мен муҳаддислардан бирор кишини кўрсам, гўё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бирини кўргандек бўламан. Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ * * * Суннатлар Нуҳнинг кемаси кабидир. Ким унга минса нажот топади. Ким ундан ортда қолса, ғарқ бўлади. Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ * * * Кишиларнинг ижмоъ қилинмаган фикрларидан сақланинглар. Роббингиздан нозил қилинган Қуръон ва Пайғамбарингиз келтирган ҳадисга эргашинглар. Агар маъноларини тушунмасангиз уламоларингизга ҳавола қилинглар. Улар билан тортишманглар. Албатта, динда тортишиш мунофиқлик қолдиқларидандир. Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ * * * Мана шу замон каби ҳадис талаб қилишга муҳтож бўлинган замонни билмайман. Бидъатлар зоҳир бўлиб кетди. Кимнинг ҳузурида ҳадис бўлмаса, бидъатларга воқеъ бўлади. Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ * * * Сизларнинг ҳеч бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашишни истамайдими?! Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ * * * Мужтаҳид ва муҳаддис имомларга эргашинглар. Чунки улар ўзларининг фойда ва зарарларига қарамасдан нима бўлса ёзадилар. Ўз нафси хоҳишига ва фикрига эргашганлар эса, ўзларинг зарарларига бўлган бирор нарсани хеч ҳам ёзмайдилар. Вакиъ раҳматуллоҳу алайҳ * * * Агар менинг наздимда ҳадис тасбеҳдан афзал бўлмаганда эди, ҳадис айтмас эдим. Вакиъ раҳматуллоҳу алайҳ * * * Аллоҳ (розилигини) истаб ҳадис талаб қилган кишидан афзалроқ амал қилган кишини билмайман. Суфён Саврий раҳматуллоҳу алайҳ * * * Ким ҳадис талаб қилса, батаҳқиқ Аллоҳ азза ва жаллага байъат қилибди. Ибн Уйайна раҳматуллоҳу алайҳ * * * Мен ушбу ҳадисларни сенга бекорга, шундоқ айтиб бермоқдаман. Бизлардан бир киши бундан оз нарса учун ҳам Мадинага сафар қилар эди. Шуъба раҳматуллоҳу алайҳ * * * Мен бир ҳадис учун бир неча кеча-кундузли масофага сафар қилар эдим. Саъид ибн Мусаййаб * * * Қайси бир сўзим Қуръон ва ҳадисга мувофиқ келса уни олинглар. Мувофиқ келмаганини тарк қилинглар. Молик ибн Анас раҳматуллоҳу алайҳ * * * Суннатни лозим тутинглар ва ёш фарзандларингизга ўргатинглар. Зеро улғайганда одамларга динни ўргатадиган кишилар ўшалар бўладилар. Аъмаш раҳматуллоҳу алайҳ * * * Энг афзал мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (амалда) йўқ бўлиб кетаётган суннатларини амалга татбиқ қилган кишидир. Эй суннат эгалари (муҳаддислар) сабр қилинглар. Имом...
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмассиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунча, мўмин бўлмассиз. Сизни агар (амал) қилсангиз, бир-бирингизни яхши кўргизадиган ишга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг тарқатинг», дедилар». Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривоят қилганлар. Бу ҳадиси шарифда саломлашишнинг улкан аҳамияти баён этилмоқда. Салом бериш билан бошланадиган хайрли ишнинг охири жаннатга кириш билан ниҳояланиши айтилмоқда. Ўзаро бир-бирлари билан саломлашиб юрган кишилар бир-бирларига муҳаббат ҳосил қиладилар. Ўзаро саломлашиб, ўзаро муҳаббатда юрган кишилар эса мўмин бўладилар. Ўзаро саломлашиб, ўзаро муҳаббатда юрган мўминлар эса жаннатга кирадилар. Шунинг ўзидан ҳам саломнинг қанчалар аҳамиятли нарса эканини билиб олсак бўлади. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Ассалому алайкум», деди. У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўнта», дедилар. Кейин бошқа бири келиб: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ», деди. У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди. Сўнгра у зот: «Йигирмата», дедилар. Кейин бошқа бири келиб: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ», деди. У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди. Сўнгра у зот: «Ўттизта», дедилар». Шарҳ: Бундан саломни тўлиқ айтган ва аликни тўлиқ қайтарган кишилар савобни тўлиқ олишлари келиб чиқади. Ким салом беришдан тўлиқ савоб олишни истаса, «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу» деб, тўлиқ салом берсин. “Ҳадис ва ҳаёт” китобидан Манба 534
Бу муқаддас Ватанни асраб-авайлаш, ҳар қандай ёт ғоя ва хуружлардан ҳимоя қилиш барча юртдошларимиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Негаки, Ватанни меҳрибон ва ғамхўр онага қиёслашади. Бу курраи заминда ўз волидасига маломат тоши отадиган, хиёнат қиладиган киши топилмаса керак, албатта. Биз шу юртда туғилдик, униб-ўсдик, вояга етдик, илму маърифат ўргандик ва асосийси – тинч-осуда умргузаронлик қилмоқдамиз. Бунинг учун аввало Яратганга шукрлар бўлсин. Ҳар биримиз ҳам фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук, маънан баркамол, жисмонан бақувват ва соғлом бўлиб вояга етишини орзу қиламиз. Ардоқлаб вояга етказган, оқ ювиб, оқ тараб, меҳр тафтини берган, ғамхўрлик кўрсатган жонажон Ўзбекистонимиз ҳақида ёш авлодга кенг тушунча, чуқур билим бериш, Ватанга садоқат, унинг шаънини юксакка кўтариш, буюклар авлоди эканимиздан фахр-ифтихор ҳиссини туйиш, ёш авлодни ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбиялашга барчамиз бирдек масъулмиз. Юртимиз сарҳадларининг ҳар бир қаричини ардоқлайдиган, керак бўлса жонини қалқон қиладиган, миллий бойлиги, меҳнатсевар халқи ва қўлга киритаётган ютуқларидан фахрланадиган авлодларни тарбиялашимиз керак. Бугунги кунда юртимиз келажаги бўлмиш ёшларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб, улар камоли учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Фарзандларимизнинг таълим ва тарбия олиши уларнинг эртанги кунда қандай бўлиши боғлиқ. Шундай экан, аввало илму маърифатга шайдо бўлайлик. Билим манбаи бўлмиш китобларга меҳр қўяйлик. Келажакнинг мустаҳкам пойдеворини қуришда, юртга садоқатли, жонкуяр кадрларни етиштиришда жон-жаҳдимиз ва бор имкониятимиз билан ҳаракат қилсак, кўзлаган мақсадимизга албатта етамиз. Махсус сиртқи бўлим 1-курс талабаси Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Эркин Қудратов 534
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: «Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» (3-оят). Диннинг мукаммал қилингани, неъматнинг батамом этиб берилгани ва Исломни дин деб рози бўлингани тўғрисидаги хабар фақат ўша замон мусулмонлари ёки умуман, мусулмон уммати учунгина эмас, балки бутун инсоният учун катта шараф ва башорат эди. Бу улкан хурсандчилик хабари инсониятнинг узоқ тарихи давомида саодат излаб қилган ҳаракат ва уринишларига тож кийдириб, гўзал натижалар берган эди. Инсонларни яратган холиқи Аллоҳ таоло уни аста-секин тарбия ҳам қилиб борди. Барча авлодларга Исломни дин қилиб берган бўлса ҳам, ҳар замон ва маконга ўзига хос шариат берди. Илк пайғамбар Одам Атога берилган шариат ўша даврдаги содда ҳаётга мос ва ўша замон воқеълигини ҳисобга олган содда шариат эди. Кейинги даврларда ҳам Аллоҳ таоло худди шу қоида асосида ҳар замоннинг, маконнинг ва жамиятнинг ўзига хос ҳолатларини эътиборга олган ҳолда шариатлар юбориб турди. Табиийки, кейин келган шариат олдингисидан мукаммалроқ бўлар эди. Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юбориларди. Уларнинг пайғамбарликлари, шариатлари маълум муддатга, маълум маконга ва маълум жамият ёки қавмга хос эди. Шу тариқа кўплаб пайғамбарлар, шариатлар юборилди. Ниҳоят, инсоният айни камолга етган пайтида Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломга самовий китобларининг сўнггиси Қуръони каримни нозил қилди ва у орқали жамики инсоният учун ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли Ислом шариатини жорий этди. Бу эса инсоният учун улуғ шараф эди. Ана шу охирги шариатнинг мукаммал таълими ва татбиқи йигирма уч йил давом этди. Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бошланган бу оламшумул таълим Мадинаи мунаввара ва унинг атрофларида давом этди, видолашув ҳажи чоғида – ушбу биз ўрганаётган оятнинг нозил қилиниши билан мукаммал бўлди. Ва ниҳоят, оламларнинг Робби Ўзининг мўмин-мусулмон бандаларига «Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим», деб хитоб қилди. Ушбу хитоб Ислом дини инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи шомил низом эканини кўрсатади. Дин эътиқод масалаларини ҳам, шу билан бирга, одоб-ахлоқ, муомала, маънавиятлар, таълим-тарбия, ижтимоий масалалар, ибодатлар, ҳалол-ҳаром ва бошқа муаммоларни ҳам ўз ичига олади. Мазкур ишларда шариат ҳукмига амал қилганлар Аллоҳнинг амрига итоат этган бўлишади. Ким Ислом шариатини ўз ҳаётига дастур қилиб олса, илоҳий дастурни, баркамол дастурни қўллаётган бўлади. Унинг ақийдаси комил, маънавий ҳаёти баркамол бўлади. Таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, ижтимоий ҳаёти, турли алоқалари камолига етган бўлади. Икки дунёдаги бахт-саодати тўкис бўлади. Борлиқни яратган Қодиру Зулжалол шу борлиқнинг халифаси этиб инсонни ҳам яратган. У Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки дунё саодатига эришишини ҳам Ўзи яхши билади. Азалий ва чегарасиз илми ила бандалари учун риоя қилиниши лозим бўлган одобларни ҳам жорий қилган. Биз ушбу китобимизда мазкур одобларнинг бир йўналиши бўлмиш ижтимоий одоблар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Асосий мавзуга киришдан олдин одоб, унинг таърифи ва Исломнинг унга бўлган муносабати борасида қисқача сўз юритиб олиш фойдадан холи бўлмас, деган умиддамиз. Одобнинг таърифи Тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида яхшиликка чақиришни англатади, у «маъдаба» ўзагидан олинган. Маъдаба эса одамларни яхшиликка, маънавий зиёфатга чақиришни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба», яъни зиёфат бўлгани учун шу номни олган. Демак, одоб яхшилик демакдир. «Фалон киши одобли экан» дейилгани ўша одамнинг яхшилиги кўп...
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзи кўрмаган тушини «Кўрдим», деб айтса, ундан иккита арпа донини бир-бирига улаш талаб қилинади. У буни ҳеч ҳам қила олмайди», дедилар». Бухорий ривоят қилган. Кўрмаган тушини «Кўрдим», деб айтадиган одам қиёмат куни хижолатда қолар экан. Ўша даҳшатли кунда ундан қўлидан келмайдиган ишни қилиш талаб этилар экан. «Ким ўзи кўрмаган тушини «Кўрдим», деб айтса, ундан иккита арпа донини бир-бирига улаш талаб қилинади. У буни ҳеч ҳам қила олмайди». Албатта, арпа дони жуда ҳам кичкина ва бирини бирига улаб бўлмайдиган нарса эканлиги ҳаммага маълум. Бу дунёда йўқ нарсани бир-бирига улаб, туш қилиб айтган одам охиратда ўша ишнинг ўхшашини қилишга мажбур этилар ва уни қила олмай қийналар экан. Охиратда ана шундай ноқулай ҳолда қолмаслик учун бу – дунёда йўқ тушни ёлғондан тўқиб айтмаслик керак экан. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ёлғондан кўра ёмонроқ хулқ йўқ эди. Агар бирор кишининг сал бўлса ҳам ёлғончи эканини билиб қолсалар, ўша одам тавба қилмагунича қалбларидан чиқмас эди». Аҳмад ва Баззор ривоят қилишган. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғончига бўлган муносабатлари ҳақида сўз кетмоқда. У зот алайҳиссаломнинг наздларида ёлғондан кўра ёмонроқ хулқ йўқ экан. У зот алайҳиссалом арзимаган ёлғон сўз айтган одамдан ҳам ўша одам тавба қилмагунича рози бўлмай юрар эканлар. Демак, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиман, У зотнинг шафоатларидан умидворман, деган мўмин банда арзимаган нарсада ҳам ёлғон гапирмаслиги, билиб-билмай ёлғончилик қилиб қўйган киши дарҳол тавбага шошилиши керак. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ёлғончиларга нисбатан муросасиз кураш олиб боришда ўз хиссасини қўшишга ҳаракат қилиши лозим. “Ёлғон” китобидан Манба 307