Валий зотларнинг ибратли ўгитлари кўп ҳолларда амалий шаклда бўлади. Масалан, буюк валий Баҳовуддин Бухорий ҳазратларининг шогирдларига ибрат қилиб кўрсатиб берган амаллари унинг шогирдлари томонидан манбаларда ёзиб қолдирилган. Қуйида Баҳовуддин Бухорийнинг шогирди Аловуддин Аттор ўз устози билан содир бўлган ибратли воқеаларни келтириб ўтади. Бир куни устозимиз Баҳовуддин Бухорий ҳазратлари даргоҳларида ўтин камлигини кўриб, бизларга, кўпроқ ўтин тўпланглар, ҳатто бу ишга шошилинг, чунки улгура олмай қолишимиз мумкин. Бирдан қиш бошланиб қолса, ўтинсиз қоламиз, дея буюрдилар. Шунда биз талабалар, бош устига, деб, ўтин тўплашни бошладик. Ўтинларни шунчалар кўп тўпладикки, ҳатто бутун қишга етар эди. Кўп ўтмай қор ҳам ёғди. Лекин, қиш жуда иссиқ кечди. Устозимиз бу тадбирлари билан бизни ҳар қандай муҳим ишни эътибор билан қилиш лозимлигини ўргатган эди. Сабаби, ҳафсала билан қилинмаган ишнинг оқибати зиён ва заҳмат бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам устозимиз қишда афсус надоматлар ичра совуқда қолмаслик учун барчамизни унга тайёргарлик кўришни буюрди ва уларнинг гапларини диққат билан тинглаганмиз учун қиш қандай келишидан қатъий назар қилган ишимизнинг натижаси фойдали бўлди. Зеро, буюклар айтмиш: «Сўз тинглаган- ютади». Ушбу валий зотнинг талабаларидан яна бири шундай ҳикоя қилади. Бир куни дўстларимиз билан ўтирган эдик. Аммо, орамиздаги бир инсон устозимизнинг буюк валий эканликларига ишонмас эди. Ортларидан жуда кўп ёмон гаплар айтар эди. Биз бунга тоқат қила олмас эдик. Бир куни, Аллоҳнинг дўстларига тил узатганлар омон қолмас, дедик. Лекин у огоҳлантиришимизга эътибор ҳам бермади. Ўз одатида давом этди. Шу пайт бир ари учиб келиб, унинг оғзига кириб қўнди. Тилини шундайин чақдики, натижада оғзини оча олмайдиган даражада шишиб кетди. Ҳеч қандай гап гапира олмай қолди. Бу ҳолидан пушаймон бўлди. Қалбидаги душманлик муҳаббатга айланди. Бироз олдин буюк валий ҳақида ёмон сўзлар айтаётган инсоннинг қалби энди буюк устознинг муҳаббати билан ёнадиган бўлди. Манбалар асосида Тошкент Ислом институти битирувчиси Сайдаҳмедова Барнохон тайёрлади 433
“Дунё” сўзи луғатда “бойлик”, “давлат” деган маъноларни англатади. Биз дунёга келганимиздан то вояга етгунимизча унинг гўзаллигини кўрамиз, катта бўлган сари дунёнинг ташвишларга, адолатсизликарига, ғам-ташвишларига гувоҳ бўламиз ва аста-секин бунга кўникамиз. Яқинларимиз ва дўстларимиз билан мулоқот қиламиз, ўз юмушларимиз билан банд бўламиз, оила-аъзоларимиз билан шоду ҳуррамликда вақт ўтказамиз. Кундалик режалар ва мақсадлар билан кунимиз қандай ўтканини ҳам сезмай қоламиз. Дунёга, унинг зийнатларига шунчалик берилиб кетганимиздан, бир-биримизнинг ўртмиздаги меҳр-оқибатни, ота-онага яхшилик қилишни, қариндошлик ришталарини унутганмиз, ҳатто, намозимиздаги хушуъни ҳам ёқотиб қўйганмиз. Бунга сабаб нима? Аллоҳ таоло ҳузурида ҳар бир сониямиз учун жавоб беришимизни ўйламаймизми? Бу дунёни Аллоҳ таоло нима учун гўзал ва ундаги нарсаларни зийнатли қилиб яратди? Бунга Аллоҳ таолонинг Ўзи “Каҳф” сурасининг 7- оятида шундай марҳамат қилади: “Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз”. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Дунё осмон билан Ер ўртасида қамалган бўлиб, Аллоҳ таоло яратгандан бери унга қарамайди. Дунё қиёмат куни келганда: “Эй Роббим, бугун мени энг паст мақомдаги дўстларингга бўлса ҳам насиба қилиб бергин”, деб илтижо қилади. Аллоҳ таоло унга: “Эй ҳақир ва тубан нарса, жим бўл, мен сени уларга дунёда раво кўрмаган бўлсам, қандай қилиб энди раво кўрайин, дейди. Мана, кўриниб турибдики, “дунё”ни ва ундаги зеб-зийнатларни синов учун, қай биримиз бу синовдан ўтолсак, унинг гўзаллигига алданмасак, Аллоҳ таолонинг Ўзи гўзал ажру-мукофот билан мукофотлайди. Дунёни яхши кўриш узун орзу-ҳаваслар қилиш билан янада мустаҳкамланади. Агар Холиқ Зот дунё ҳақида хабар бериб, мисолини келтирмаганда, албатта, дунё ухлаганни уйғотиб, ғофилни ҳушёр қиларди. Аллоҳ таоло наздида дунёнинг мисқолча қадри йўқ. Пашша қанотича камайтирилмай дунё хазиналари калитлари билан Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кўрсатилганда, уни олишдан бош тортдилар. Аллоҳ таоло синов-имтиҳон учун солиҳ бандаларидан дунёни пинҳон тутди, алдаш учун душманларига дунёни кенг ва бемалол қилиб қўйди. Аъло ибн Зиёд: “Тушимда дунёни ўзига оро бериб, афт-башараси буришган кампир қиёфасида кўрдим. Одамлар унга топиниб, ҳар томондан ҳайратланиб қарарди. Кампир олдига бориб, унга бунчалик ажабланиб қараётганларидан ҳайрон бўлдим. Шунда кампирга: “Сен кимсан?”, дедим. У: “Мени танимаяпсанми?”, деди. Мен: “Йўқ”, дедим. “Сен кимсан?”, деб сўрадим. “Мен дунёман”, деди. “Аллоҳдан сенинг ёмонлигингдан паноҳ сўрайман”, дедим. У: “Агар ёмонлигимдан паноҳ топишни истасанг, дирҳамни ёмон кўр!”, деди. Исо алайҳиссалом: “Дунё – кўприк, унда машғул бўлмасдан ўтинглар”, дедилар. Ҳақиқатан, бу дунё ҳаёти охиратга олиб боришга очиқ ва ёрқин мисолдир. Бешик – ана шу кўприк бошидаги дастлабки масофа бўлса, лаҳад охирги масофадир. Шу иккови орасида қисқа бир масофа мавжуд. Одамлардан қанчаси шу кўприкнинг ярмига етиб борса, қанчаси учдан бирини ва қанчаси учдан бирининг бирини босиб ўтадилар. Қанчасига бир қадамдан ортиқ юриш насиб қилмади. Ҳар қанақасига кўприкдан ўтилиши шарт. Аммо шу кўприкдан ўтиб олиш ҳақида ўйламай, унинг устида иморат қуриб, турли зийнатларга чалғиб яшаш ғоят жоҳиллик ва ютқизишдир. Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) шундай дедилар: “Билингларки, сизлар ўликсизлар, ўлгандан сўнг тириласизлар. Амалларингиз олдида турғизилиб, у туфайли жазо (мукофот)ланасизлар. Сизларни дунё ҳаёти алдаб қўймасин. Албатта, у бало-офатлар билан ўраб қўйилган, фонийлиги билан танилган ва алдамчилги билан васф қилинган. Дунёдаги ҳар бир нарсани завол тутади. Дунё ўз аҳли ўртасида гоҳ буёқ, гоҳ буёққа айланади. Дунё ҳеч қачон бир хил турган эмас, унинг ёмонлигидан низо, кураш тўхтаган эмас....
Фузайл ибн Иёз иккинчи ҳижрий асрда яшаб ўтган тобеъин ва тасаввуф илми намоёндаларидан биридир. У 107 ҳижрий йилда туғилиб, 187 ҳижрий санада вафот этган. «Абидул ҳарамайн» (икки ҳарамнинг обиди) деган унвон сазовор бўлганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди бўлган Фузайл ибн Иёзга нисбат берилган кўпгина ҳикматли сўзлар тасаввуф манбаларида уламолар томонидан келтирилади. Қуйида унинг баъзи ҳикматларини сизларга ҳавола қиламиз: 1. Ким беш нарсадан сақланса, дунё ва охират ёмонлигидан сақланибди: 1.Ужб (Инсон ўзи қилган амалларидан фахрланиши) 2.Риё 3.Кибр 4.Манманлик 5.Шаҳват 2. Ким Аллоҳ таолодан қўрқса, бирор киши унга зарар бера олмайди. Ким Аллоҳни қўйиб, бошқалардан қўрқса, бирор киши унга ёрдам бера олмайди. 3. Дунёда зоҳид бўлмаганингизгача қалбларингиз иймон ҳаловатини тотмайди. Яъни, бу ҳикматда инсоннинг дунё ва унинг лаззатларига берилмаслиги, дунёнинг ўткинчи ва охират учун тайёргарлик майдони эканлиги айтилмоқда. 4.Агар мен учун ижобат қилинадиган дуо бўлса, уни имом (раҳбар)нинг ҳақига қилардим. Чунки раҳбарнинг тўғри йўлда бўлиши, юрт ва инсонларнинг ҳам тўғри йўлда бўлишларининг кафолатидир. Чунки, раҳбар қандай бўлса, қўл остидагилар ҳам шундай бўлади. 5. Ким билган илмига амал қилса, билмайдиган нарсасидан беҳожат бўлади, ким билган илмига амал қилса, Аллоҳ таоло билмайдиган нарсаларига муваффақ қилади. 6. Олимнинг бир гуноҳи кечирилишидан олдин жоҳилнинг етмишта гуноҳи кечирилади. Яъни, бу ерда олимнинг бир гуноҳи жоҳил (илмсиз маъносида)нинг етмишта гуноҳидан оғирроқ эканлиги айтилмоқда. Чунки билмасдан гуноҳ қилгандан кўра билиб гуноҳ қилган ёмонроқдир. Лекин олим агар амал қилса унинг даражасига бирорта жоҳил ета олмайди. 7. Мол дунёга муҳаббат қўйиш ўта осон, лекин ундан ажралиш ўта қийин. “Тиллар кафедраси” кабинет мудири Ҳасанов Улуғбек тайёрлади 763
Абу Дардо (р.а.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ таоло биз пайғамбарларга: «Диндан бошқа нарса учун фиқҳ ўрганадиган, амал қилишдан бошқа мақсад учун илм оладиган, охират амали билан дунё талаб қиладиган, одамлар назарида (ғариб кўриниш учун) қўй пўстинини киядиган, аммо қалблари бўри қалби каби бўлган, тиллари асалдан ширин, қалблари сабирдан (алоэ) ҳам аччиқ одамларга айтингки, улар Мени алдамоқчи бўляптиларми?! Мени масхара қиляптиларми?! Албатта, уларга шундай фитна (эшикларини) очаманки, энг ҳалим кишилар ҳам ҳайратда қоладилар», деб ваҳий қилган”, дедилар”. Заҳҳок (р.а.) Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Бу умматнинг олимлари икки тоифа. Бир тоифаси Аллоҳ унга илм берган, у эса, илмини одамларга сарфлаган (ўргатган), эвазига ҳеч нарса олмаган ва уни бирор қийматга сотмаган кишидир. Унинг ҳақига осмондаги қўшлар, сувдаги балиқлар, ердаги ҳайвонлар ва кироман котибин (амалларни ёзувчи фаришталар) саловот айтиб туради. У қиёмат куни шарафли, улуғ инсон сифатида пайғамбарлар ҳамроҳлигида Аллоҳнинг ҳузурига келтирилади. Иккинчи тоифа эса, Аллоҳ унга дунёда илм берган, у эса, илмни Аллоҳнинг бандаларидан қизғанган, (ўргатса ҳам) эвазига бирор нарса олган ва илмни (арзон қийматга) сотиб юборган кишидир. У қиёмат куни оловли юган билан юганланган ҳолда келтирилади. Одамлар бошида туриб, бир нидо қилувчи: «Бу фалончи ўғли фалончидир. Дунёда Аллоҳ унга илм берган эди. У эса, Аллоҳнинг бандаларидан қизғанди. (ўргатса ҳам) эвазига бир нарса олган ва уни арзон қийматга сотиб юборган эди», деб нидо қилади. Одамлар ҳисоб-китоби тугагунга қадар шундай ҳолда азобланиб туради”. Қуйидаги ривоят бундан қаттиқроқдир: “Бир киши Мусо алайҳиссаломга хизмат қилиб юрар эди. Қачон гапирса: «Мусо Сафйуллоҳ (Аллоҳнинг покиза бандаси) менга ундай деган», «Мусо Нажийуллоҳ (Аллоҳнинг сирдош бандаси) бундай деган», «Мусо калимуллоҳ ана шундай деган», деб гапириб юрарди. У бой бўлиб, моли кўпайиб кетгач, Мусо (а.с.) уни юқотиб куйдилар (яъни, у Мусонинг олдиларига келмай қўйди). Мусо (а.с.) уни кўп суриштирдилар. Лекин бирор хабар топмадилар. Охири бир куни Мусо (а.с.) ҳузурларига бўйнига арқон боғланган тўнғизни етаклаб бир одам келди. Ундан Мусо (а.с.): «Фалончини танийсанми?» деб сўрадилар. У одам: «Ҳа, танийман. У мана шу тўнғиздир», деб жавоб берди. Шунда Мусо (а.с.): «Эй Раббим! Сендан уни ўз ҳолига қайтаришингни илтижо этаман, токи ундан бу ҳолга қандай қилиб тушиб қолганини сўрай», деб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло унга ваҳий қилдики: «Агар Менга Одам (а.с.) ва ундан кейинги (пайғамбарлар) дуоси билан дуо қилсанг ҳам, бу одам ҳақидаги дуойингни қабул этмайман. Лекин уни нега бундай ҳолга солганимни хабар қиламан. Сабаби шуки бу одам, дин воситасида дунёни талаб қилар эди». Бунданда қаттиқроқ хабарни Муоз ибн Жабал (р.а.) мавқуф ва марфуъ ҳолда ривоят қилганлар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Олимнинг фитналаридан бири – гапириш эшитишдан кўра ёқимли бўлишидир», дедилар”. Гапиришда сўзни безаш ва зиёда қилиш бор. Гапирувчи киши хатодан омон қолмайди. Сукутда эса саломатлик ва илм бордир. Шундай олимлар ҳам борки, ўзи илм тўплайди, лекин бу илмнинг бошқаларда бўлишини ёқтирмайди, улар дўзахнинг биринчи табақасида бўлади. Олимлардан яна шундайлари борки, илмида ўзини подшолардек тутади. Унинг илмидан бирор нарса эътиборсиз қолса, ғазабланади, улар дўзахнинг иккинчи табақасида бўлади. Олимлардан яна шундайлари борки, илмини ва ғаройиб сўзларини шарафли ва бой кишиларга сарфлайди. Лекин илмга муҳтож кишиларни ўзига лойиқ кўрмайди, улар дўзахнинг учинчи табақасида бўлади. Олимлардан...