Нўъмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: – Агар мен фарз намозини ҳеч қолдирмасдан ўқиб борсам… “Албатта намоз мўминларга вақти тайинланган фарз бўлди”. (Нисо сураси, 103-оят). – Рамазон ойида барча қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда рўза тутсам… “…Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва Фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилингандир. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин”. (Бақара сураси, 185-оят). – Сўнгра ҳалолни ҳалол деб, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилиб ва ҳаромдан четланиб фақат ҳалол ишларгагина қўл урсам-у… бошқа мустаҳаб-нафл амалларни бажара олмасам, айрим макруҳ ишлардан ўзимни тўхтата олмасам… Жаннатга кираманми?… Бор-йўғи шугина амалим менинг Аллоҳ ҳузурида нажот топишимга ва энг катта орзу-умидим бўлган жаннатга киришимга кифоя қиладими? Ҳеч қандай азоб ёхуд жазога дучор бўлмасдан, Аллоҳга яқин солиҳ бандалар ва пешқадамлар қаторида тураманми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган жавоб содиқ саҳобийнинг қалбини қувончга тўлдирди. Нўъмон розияллоҳу анҳу дилларига ором бағишлайдиган, кўнгилларини тўқ қиладиган жавобни эшитдилар: “Ҳа!” Нўъмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Нўъмон Аллоҳ азза ва жалла ҳақида яхши гумонда бўлди. У Аллоҳни ўзининг хайрли ўйида топди. Мен Нўъмоннинг чўлоқ бўлмаган ҳолда жаннат майсаларини босиб юрганини кўрдим”. «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов 311
Париж шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро мусулмонлар форумида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза билан иштирок этдилар, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Муфтий ҳазратлари бугунги глобаллашув жараёнлари ўзининг салбий жиҳатларини ҳам намоён этаётгани, айниқса, ахборот хуружи ёш авлодга кучли таъсир этаётгани, ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ўсиб бораётгани ва буларга қарши ўз вақтида чора-тадбирлар қўллаш зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Бундай муаммоларни бартараф этишда, энг аввало, келажак авлодни дину диёнатли, имон-эътиқодли, савоб ва гуноҳни фарқлайдиган қилиб тарбиялаш, бу борада уламолар, дин пешволари, таълим-тарбия ишига мутасадди бўлган ҳар бир кишининг олдида турган долзарб вазифларни муфтий ҳазратлари таъкидладилар. Дунёнинг кўп минтақаларида мусулмонлардан ҳадиксираш, исломофобия ҳолатлари кузатилаётганининг энг асосий сабабларидан бири Ислом динининг асл моҳиятидан бехабарлик эканини очиқладилар. Муфтий ҳазратлари ҳозирги мураккаб даврда айрим кучлар мусулмонлар ўртасида тарафкашлик келтириб чиқаришга уринаётган шундай паллада бундай қарашларга имкон бермаслик, кескин қарши курашиш учун мўмин-мусулмонлар ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашлари зарурлигини атрофлича баён этдилар. 313
Мўмин-мусулмонларнинг жуда кўп қисми, шу жумладан, россиялик мусулмонлар учун Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари асрлар давомида ислом илмларининг ўчоғи бўлиб келган. Бу ҳақда Россия мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин жаноблари Париж шаҳрида бошланган “Ислом ва глобаллашув муаммолари” мавзусидаги XIV халқаро мусулмон форумида алоҳида таъкидлади. Шайх Равил Гайнутдиннинг сўзларига кўра, 2018 йилги ушбу анжуман доирасида мусулмон тамаддунининг бир неча буюк мутафаккирлари номлари улуғланади. Шайх мана шундай мўътабар зотлар қаторида таваллудининг 700 йиллиги нишонланаётган Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ва таваллудининг 400 йиллиги нишонлаётган Бобурийлар сулоласининг вакили Султон Муҳаммад Аврангзеб Баҳодирни алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, у қуйидаги сўзларни баён этди: – Ушбу юбилей саналарига ҳамоҳанг равишда мазкур анжуман иштирокчиларининг жўғрофий уйғунлашувида ҳам жуда катта рамзий маъно-мазмун бор. Бугун “Чишти” жамғармаси раиси Саид Салмон Чишти ушбу йиғинда иштирок этмоқда. Мазкур тариқат асосчиси – Шайх Муйниддин Чишти ҳазратлари билимларининг кўп қисмини Бухоро, ҳозирги Ўзбекистон заминида олган. Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам бугун бизнинг орамизда файз бағишлаб ўтирибдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бугунги кунда кўп асрлар давомида Ўзбекистон заминида тўпланган улкан диний меросни қайта тиклаш йўлида жуда катта ишларни амалга оширмоқда. Мусулмон жамоаларнинг жуда катта қисми, шу жумладан россиялик мусулмонлар учун ҳам Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлар асрлар давомида ислом билимларининг ўчоғи бўлганини эътироф этамиз”, дея ўз сўзларини якунлади Россия мусулмонлари раҳбари Шайх Равил Гайнутдин жаноблари. 320
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жорий йилнинг 11-декабрь кунидан бошлаб Андижон вилоятида фаолият кўрсатиб келаётган масжид имом-хатиблари ва отинойилари учун олти кунлик малака ошириш ўқувлари бошланди, деб хабар берди ЎМИнинг Андижон вилоят вакиллиги. Малака ошириш ўқувларига қатнашаётган 1-давра тингловчиларига Андижон қурилиш ва транспорт коллежида дарслар ташкил қилинди. Малака ошириш ўқувларида Ўзбекистон халқаро ислом академияси Магистратура бўлими бошлиғи М.Муҳаммадсиддиқов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ходими Б.Аҳмедов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти А.Исматуллаев, Андижон давлат университети катта ўқитувчиси З.Хаитматов, “Саййид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари С.Сайдаралиев ва Н.Тўрабоевлар дарс беришлари учун жалб қилинди. Малака ошириш ўқувлари Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ишлаб чиқилган махсус режа ва ўқув дастур асосида ташкил қилинаётган бўлиб, ҳар куни тингловчилар учун 5 жуфтлик (пара)дан дарслар ўтказилмоқда. Малака оширишнинг дастлабки кунида тингловчилар учун маърузачилар томонидан “Ҳаракатлар стратегияси ва диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун моҳияти”, “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили”, “Марказий Осиёда ёзилган тафсирлар ва уларнинг қўлёзма нусхалари”, “Жамоат намозининг бузулишига сабаб бўладиган қироатдаги хатолар” ва ўтилган дарслар муҳокамаси каби мавзулар илмий асосланган ҳолда кенг ёритилиб берилмоқда. Диний-маърифий соҳа ходимлари учун ташкил қилинган малака ошириш ўқувларининг даслабки кунида дарсларни Андижон вилояти ҳокими ўринбосари С.Тошбоев, ЎМИнинг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаровлар очиб бердилар ва тингловчиларга ўзларининг самимий тилакларини билдириб ўтдилар. 318