Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабалари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини, унинг мамлакатимиз мустақиллигини қўлга киритишга, миллий давлатчилигимизни қуришга қўшган улкан ҳиссаси ва Ислом Каримов шахсининг тарихий ролини абадийлаштириш, шунингдек, унинг меъросини оммалаштириш мақсадида Ислом Каримов хотирасига бағишланган “Энг яхши иншо” танлови ўтказилади. Танлов 2018 йил 25 январда Тошкент Ислом институти“Ахборот-ресурс маркази“да соат 14-00 да бўлиб ўтади. ТАНЛОВ ШАРТЛАРИ: Танловда ёзилган иншоларни баҳолашда қуйидаги мезонлар қўлланилади: – Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мустақилликни қўлга киритишга, миллий давлатчиликни қуришдаги тарихий рольи ва улкан ҳиссаси ёритиб берилганлиги; – Ислом Каримов асарларида диний бағрикенглик масалаларининг ёритилганлиги; – Ислом Каримовнинг дин соҳасидаги ривожланишга қўшган ҳиссасининг ёритилганлиги; – стилистик ва грамматик жиҳатдан тўғри ёзилганлиги; – тарихий ҳақиқатга тўғри келиши; – мавзунинг мазмун-моҳияти тўлақонли очиб берилганлиги; – илмий манбалардан кенг фойдаланганлиги; – юқори илмий, бадиий савияда ёзилганлиги; – мавзуни ёритишда ҳаётий мисоллардан кенг фойдаланганлиги; – мавзуни ёритишда аниқ статистик маълумотлар ва ҳаётий воқеалар келтирилганлиги; – мавзуга оид долзарб масалалар, уларнинг ечимлари тўғрисида таклифлар келтирилганлиги; – кенг ўқувчиларга мўлжалланганлиги. ИНШОЛАР ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИНИ ТАҚДИРЛАШ: Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган “Энг яхши иншо” танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими 2018 йил 29 январь куни соат 11-00 да институт фоесида ўтказилади. Танловда 1-, 2- ва 3-ўринни эгаллаган талабалар Тошкент Ислом институти томонидан махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Маънавият-маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ўткир Собиров 360
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 5 январь куни Тошкент вилояти қилган ташрифида Зангиота зиёратгоҳида бўлиб, у ерда ўтган улуғларимиз, буюк алломаларимиз ёд этилди, уларнинг ҳаққига Қуръон тиловат қилинди. Мазкур ташриф давомида Юртбошимиз “Аждодларимиз, ота-оналаримиз, умуман олганда ўтганларимизга ҳурмат бажо келтириш, уларнинг қабрларини обод қилиш ҳар биримизнинг вазифамиздир” деб таъкидлаб ўтдилар. Юртимиздаги бошқа зиёратгоҳларда ҳам ушбу мажмуа каби обод қилиш, одамларнинг келиб кетиши учун зарур шароитлар яратиш борасида ўз фикрларини билдирди. Бундай хайрли ишлар каттаю-кичик, хусусан ёшларнинг тарбиясида улкан аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Президентимиз чақириқларидан руҳланган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устоз ва талабалари жорий йилнинг 20-21 январь кунлари нинг ташаббуси билан “Аждодларимиз қабрларини обод қилиш ҳар биримизнинг вазифамиз” шиори остида муқаддас қадамжолар ва қабристонларда хайрия ҳашари ташкил этилди. Хайрия ҳашари доирасида институт Тошкент шаҳридаги Қаффол Шоший, Шайх Зайниддин, Чимир ота мақбаралари ҳамда “Тешикқопқа”, “Ғойиб ота”, “Чиғатой дарвоза”, “Шайх Зайниддин”, “Бешқўрғон”, “Чимир ота” қабристонларида ободонлаштириш ва тозалов ишлари амалга оширилди. Аввало ҳар бир қабристонда зиёрат одобларига биноан мазкур масканларда дафн этилган буюк аждодларимиз Қаффол Шоший, Шайх Зайниддин, Алихонтўра Соғуний, Ўзбекистон мусулмонлари идораси асосчилари ва муфтийлари Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон, Шамсиддинхон Бобохонов, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, устозлар Ғуломқодир домла Мирзаёқубов, Салоҳиддин домла Муҳиддинов, Абдулазиз қори, Собиржон қори, Одилжон қори, Сайиднаби домла, Раҳматхўжа домла ва бошқа мўмин-мусулмонларга бағишлаб Қуръон тиловат қилинди, сўнгра ободонлаштириш ишларига киришдилар. Зеро, улуғ зотларнинг қабрларини зиёрат қилаётган киши уларнинг қилиб ўтган улуғ ишларини, қолдирган буюк маънавий меросларини эслаб, ибрат олади ва ўша зотлар каби яшашга интилади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки бунда сизлар учун ибрат бордир”деганлар. Қабристонни зиёрат қилиш инсонга дунё ташвишларини унутишга ёрдам беради. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга маълум бўлди (яъни, Аллоҳ томонидан буюрилди). Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади” деганлар. Қалби қаттиқ кишининг кўзига ёш келмайди. Бундай киши бошқаларга меҳр-шафқат кўрсатмайди. Демак, қабр зиёрати инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-мурувватни кучайтирувчи воситадир. Қабрларни зиёрат қилиш орқали зиёратчи мазкур фазилатлардан баҳраманд бўлса, маййитлар зиёратчиларнинг дуо ва истиғфорлари ҳамда тиловатлари савобидан баҳраманд бўладилар. Демак, ота-оналар, ёр-биродарлар ҳамда улуғ зотларнинг қабрларини юқорида айтилган фазилатларга эришиш ва уларнинг руҳларини шод этиш мақсадида зиёрат қилинади. Халқимизда: “Бозоринг билан мозорингни обод тут” деган ажойиб бир мақол бор. Шундай экан эзгу амаллар аввало қабрларни обод қилишдан бошланади. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари арафасида, 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан юртимизнинг барча жойларида ободончилик ишлари, айниқса қабристонларимизни янада обод қилиш борасида қизғин ишлар қилиниши мустақиллик йилларида хайрли анъанага айланди. Ўзбек халқи бу соҳада дунёга ўрнак бўлиб келаётган миллат десак муболаға бўлмайди. Айниқса мархумларни руҳини шод қилиб, улар ётган қабрларни обод қилиш борасида қолган халқлар биздан ўрнак олса арзийди. Аммо афсуски, халқимиз орасида ота-онаси тирик бўла туриб, уларни қадрламаётганлар, вафот этган бўлса, уларни қабрини зиёрат қилиб, ҳақларига тиловати Қуръон қилмаётганлар ҳам учраб турибди. Зеро, ҳеч ким бу ҳаётда абадий қолмайди, ҳамма ҳам бир кун вафот этиб, борадиган жойи қабристон бўлади. Қабрларнинг усти ва атрофида гул ва майсалар чиройли бўлиб, ўсиб туриши...
Юртимиздаги барча масжидларда 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган ҳалокат қурбонларининг ҳаққларига жума намозларидан сўнг дуолар қилишиб, Аллоҳ таолонинг раҳматини сўрашмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб ўзбекистонликлар Қуръон тиловат қилишиб, марҳумлар ҳаққига савобларини бағишлаш бўйича ҳамдардлик лойиҳасини оммалаштирмоқдалар. Қайд этиш жоиз, ҳалокат содир бўлган куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган эди. Тошкент ислом институти ўқитувчи ва талабалари ҳам 21 марта Қуръони каримни хатм қилишиб, бугунги жума намозида савобини ҳалокат қурбонларига бағишладилар. Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда юртимиз бўйлаб давом этаётган Қуръони карим мусобақаси ташкилотчилари ва иштирокчилари 18 январь куни Самарқанд вилоятининг Пастдарғом ва Пайариқ туманларида бўлиб ўтган кўрик-танловдаги тиловатларни марҳумлар ҳаққига бағишлаган эди. Администратор 392
Кеча, 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган, кўплаб ўзбекистонликлар ўлимига олиб келган фожиа муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдирилмоқда. Ушбу содир бўлган фожиа сабабларини ўрганиш учун Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра, Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ташкил этилган Махсус ҳукумат комиссияси айни вақтда Қозоғистонда бўлиб турибди. Самарқанд вилоятининг Пастдарғом ва Пайариқ туманларида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичларида куни кеча, 18 январь куни Қуръон тиловатлари қилиниб, марҳумларнинг ҳаққига бағишланди. Бундай савобли ишлар шу кунларда ҳам давом эттирилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 280