islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мантиқ илмининг фазилати

«Мантиқ» илми барча диний ва дунёвий илмлар билан ўзаро боғлиқдир. Бу илм соҳаси ақлни чархлайди, нутқни ва нутқий тафаккурни ўстиришга ёрдам беради. Шу боис ҳам юртимизда кадимдан мадрасаларда мантиқ дарслиги ўқув дастурларига киритилган.

«Мантиқ» сўзи юнон тилидаги «логика» сўзининг арабча таржимасидир. «Логикос» – сўз, ақл ва ақл юритиш маъноларини берадиган «логос» сўзи билан алоқадор бўлиб, ўзида сўз ва ақл маъноларини қамраб олган тушунчадир. «Мантиқ» истилоҳининг қамрови ҳам «логос»ники каби бўлиб, унинг ўзаги «сўзлашув» маъносини берадиган «нутқ» сўзидир.

Азалдан мантиқ илмига кўпдан-кўп таърифлар берилган, уларга кўра, «фикрни фикр билан тўғрилаш илми», «тўғри фикрлаш санъати» ёки «тўғри фикр юритиш қоидалари хакидаги илм»дир. Бундан ташқари, мантиқ «қувваи Нотиқа», яъни гўзал сўзлашиш қуввати»ни тўғри томонга йўналтирадиган илм деб хам тушунилади. У ақлнинг ичидаги маъноларнинг ақлдан ташқаридаги нарсалар билан уйғунлигини таъминлайди. Мантиқ илмининг инсонга жуда кўп фойдалари бор.

Жумладан:

  1. Ушбу илм ҳар қандай вазиятда ҳам фақат тўғри сўзни сўзлашга тилни одатлантиради, рухни поклаб, ақлни ҳушёр торттиради, қалбни соғлом фикрлар билан қувватлантиради.
  2. Ҳар жабҳада фақат ростни ва ҳақиқатни танитиши билан бирга, нотўғри нарсаларни ҳам билдирадики, бу билан бизни хато ва янглиш йўлга кириб қолишдан сақлайди.
  3. Баҳс ва тортишувларда қарши томоннинг устидан ғолиб чиқишимизни таъминлайдиган вазиятларни билдиради.
  4. Қарши томон фикрларимизни тан олиши учун бизни мантиқ илми қарши томонни ишонтира оладиган далиллар билан таъминлайди.
  5. Бир нарсани бошқа нарса воситасида соғлом шаклда англатиш қобилиятини эгаллашимизга ёрдам беради.
  6. Кундалик фаолиятимизда ишлатиладиган нарсаларнинг ҳаммасидан қай тариқа фойдаланишни ўргатади. Мантиқ илмининг булардан ташқари ҳам инсонларга жуда кўп фойдалари бор, бу илмни эгаллаган инсон ҳаётда катта муваффақиятларга эришиши мумкин.

Энг муҳими, мантиқ илми тафсир, ҳадис, ақида ва Фиқҳ каби илм соҳаларини тушунишда бизга яқиндан ёрдам беради. Манбаларда бу илм дастлаб Юнонистонда пайдо бўлганлиги айтилади. Қадим Юнонистонда Аристотелдан олдин мантиқ илми борасидаги дастлабки қарашлар юнон мутафаккирлари Зенон билан Пифагор ўртасида ҳаракат, ўзгариш, замон ва маконнинг чексиз бўлиниши мавзусидаги тортишувлар билан юзага келганлиги тилга олинади. Аммо мантиқ илмини такомилга етказган, уни муайян бир тартиб асосида такомилга етказган, юнон мутафаккирларидан Аристотелдирки, буни ушбу соҳа билан қизиққан олиму тадқиқотчиларнинг ҳаммаси баробар таъкидлайдилар.

Мутахассислар томонидан Аристотель асос солган ва «эски мантиқчилик» деб юритилган антик давр ва XII асрда пайдо бўлган янги давр мантиқ илмининг ривожига, биринчи навбатда, тил қоидалари, хусусан, сўз туркумларини яратиш борасидаги изланишларга катта таъсир кўрсатганлиги билдирилган. Мантиқ ҳам ахлоқ ва бошқа метафизик (ма баъдут-табиа) масалалар билан бирга фалсафанинг бир қисмини ташкил этади. Мантиқ бизнинг аслида қандай фикр юритаётганимизни эмас, тўғри фикр юритишимиз учун аслида қандай фикр юритишимиз кераклигини кўрсатувчи бир қонун-қоида сифатида намоён бўлади.

Аристотель фикрнинг тўғри ёки тўғри эмаслигини текшириш учун илмий фикрлаш усулини тадқиқ қилади ҳамда тўғри ва мантиқли фикрлаш қоидаларини яратишга ҳаракат қилади. Унинг мантиқли фикрлаш масалаларига бағишланган олтита китоби бўлиб, улар кўп олимлар томонидан шарҳланган. Файласуф ўз асарларида мантиқ илмининг бош мавзуларини ташкил этган тушунчалар, атамалар, ҳукмлар, фикр юритиш ва турли далиллаш шаклларини тадқиқ қилади. Тўғри фикр юритиш масаласида кўпроқ қиёсга аҳамият қаратади. Ислом дунёсида баъзан мантиқ илмига, унинг бошқа илмлар ва тўғри фикр юритиш учун бир восита ва ўлчов эканлигини назарда тутган ҳолда «илми мезон» номи берилган.

Мантиқ илмини улуғ аллома Абу Наср ал-Форобий «илмларнинг раиси» деб таърифлаган бўлса, шайх ар-Раис Абу Али ибн Сино ал-Бухорий эса «илмларнинг ходими», деб номлаган. Ҳужжатул ислом Имом Ғаззолий: «Ким мантиқ илмини билмаса, унинг илмига асло ишонч йўқдир», деганлар ва мантиқни «илмнинг ўлчови», деб атаганлар. Имом Тафтазоний, Асируддин ал-Абхарий каби атоқли олимларимиз эса, илм йўлига кирган талабалар учун уни билиш вожиб эканини билдирганлар. Дарҳақиқат, ислом олимларининг машҳур асарларига диққат қилсак, уларнинг мантиқ қоидалари асосида ёзилгани маълум бўлади.

Мантиқ илми тасаввурлар ва тасдиқлар, шунингдек, ҳужжатлар, бешта куллияга оидлар ва қиёслар хусусида баҳс юритади, фикрлаш жараёнида хатога йўл қўйишдан сақланишни, теран ва асосли фикрлай олиш малакасини ҳосил қилишни ўргатади. Ислом олимлари томонидан мантиққа оид кўп асарлар ёзилган ва улар мантиқ фани ривожига беқиёс хизмат қилган.

Жумладан:

1) «Тахрирул-қавоъид ал-мантиқия фи шархи аш-шамсия». Қутбиддин Насируддин ат-Тусийнинг шогирди бўлиб, ал-Котибий номи билан танилган. Мазкур асарни Хўжа Шамсуддин Муҳаммадга атаб ёзгани учун унга нисбат бериб, шу ном билан атаган.

2) «ас-Саъдия». Аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар ат-Тафтазоний. Ушбу асар юқоридаги «аш- Шамсия» асарининг шарҳи бўлиб, уни 753 ҳижрий санада Жом шаҳрида ёзиб тугатган.

3) «Исоғужий». Ал-Фозил Асируддин Муфаззал ибн Умар ал-Абхарий (ҳижрий 700-йиллар атрофида вафот этган). Ушбу китобга юзлаб олимлар томонидан шарҳ ва ҳошиялар ёзилган бўлиб, бугунги кунда ҳам толиби илмлар бу китобдан кўп истифода этадилар.

4) «Бадиъул-Мезон» Абдуллоҳ ибн ал-Ҳаддод ал-Усмоний. (1326 х.с.). Бу китоб машҳур матнлардан бири бўлмиш «Мезонул-мантиқ» асарининг шарҳидир. Мусулмон оламида мантиққа доир тадқиқотлар Аристотель асарларининг ҳижрий VIII асрдан эътиборан араб тилига таржима қилина бошлаши билан пайдо бўлган.

ІХ асрнинг ўрталаридан бошлаб мантиққа оид кўплаб асарлар ёзилган. Киндий, Форобий, Ибн Сино, Ғаззолий, Ибн Рушд, Розий, Журжоний ва Мулла Фанон каби мутафаккирлар ислом дунёсида мантиқ илмига улкан ҳисса қўшган олимлардир. ІХ асрда Бағдодда фаолият юритган мантиқ мактабида Аристотель асарлари бўйича кўплаб тадқиқотлар амалга оширилди. Мазкур тадқиқотлар доирасида Абу Бишр Матто бин Юнус, Форобий ва Яҳё бин Одийларнинг номларини зикр этиш мумкин.

Абу Али Ибн Сино эса Бағдод мактабини ҳаддан ташқари Аристотелга боғланиб қолганликда танқид қилиб, ўзи мустақил йўл ахтарди ва мантиқ хусусидаги қарашларини «Китоб-аш- шифо»да баён қилди. Абу Наср Форобий ўзининг «Уйунул-масоит» номли асарида мантиқ мавзусида сўз юритар экан, уни уч қисмга ажратади. Таърифга жуда катта аҳамият қаратган Форобий мантиқ илмининг сезги аъзолари билан англанган, аммо таърифга сиғмайдиган тушунчаларга таянишини илгари суради. Бу қараш Ибн Сино томонидан ривожлантирилди.

Мантиқ масалалари ривожида Абу Наср ал- Форобийнинг хизматини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Унинг юнон файласуфларининг мантиққа оид асарларига ёзган шарҳлари ўрта аср мантиғига қўшилган катта ҳисса бўлди. Унинг кўпгина шарҳлари Арастунинг асарларига бағишланган. Абу Наср ал-Форобийнинг мантиқ соҳасидан ишларининг давомчиларидан бири турли илм жабҳаларига оид қатор асарлар яратган, ўз даврининг дунёга машҳур мавсуъий олими Абу Али ибн Синодир. У фалсафа ва мантиққа оид бир неча асарлар яратган. Мантиқ масалаларини ўз ичига қамраб олган асарлари орасида унинг «Китоб аш-шифо» («Шифо китоби»), «Китоб ан-нажот» («Нажот китоби»), «Ал-Мухтасар ал-авсот» («Ўртача мухтасар»), «Китоб ал-ишорот» («Ишоралар китоби») ва бошқа асарларида мантиқ масалалари хусусида фикр юритилган. Абу Наср ал-Форобий ўз асарларида мантиқ тафаккур ҳақидаги илм бўлиб, ёзма ёки оғзаки нутқда ўз аксини топади, деган фикрни қайд қилиш билан бирга

Арастунинг тафаккур ва тил, мантиқ ва сарфу наҳв орасида боғлиқлик ғоясини ўз асарида акс эттирса, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий бу ғояни янада ривожлантиради. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ўзининг назарий илмлари тартибида ҳар қандай тафаккур, илмий билимнинг зарурий ибтидоси сифатида акс этган мантиқ масалаларини ҳам ўрганади. Абу Абдуллоҳ ал- Хоразмий мантиқнинг аҳамияти ва масалалари ҳақида фикр юритиб, мантиқ на назарий, на амалий илмларга кирмасдан, алоҳида, қандайдир учинчи қисмни ташкил этади, деган нуқтаи назарни илгари сурадики, бу Ибн Синонинг ана шу масалага ёндашишига мос тушади. Мусулмон дунёсида фалсафа ва мантиқ соҳасида катта хизматлар қилган олимлардан яна бири Абдул Валид Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Рушддир (1126- 1198).

«Арастунинг органонини ал-Форобий мантиғи билан солиштириш», «Мантиқ масалаларига оид» ва бошқа асарлар муаллифи Ибн Рушд Арастунинг энг яқин издошларидан ҳисобланади. Шарқ муаллифлари, шунингдек, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ҳам маъно англатиш ва сўзлар маъноси масаласи мантиққа тегишли бўлмай, кўпроқ амалиётга тааллуқли эканлигини тан оладилар. Бироқ иборалар, маънолар ва тушунчалар ҳақидаги масала Арасту томонидан етарли даражада ишлангани учун, Шарқ олимлари бу масалани кўриб ўтишни Арасту «Категориялар»ининг кириш қисмига қўшишни лозим топдилар. Мантиқ илмига тамал тоши қўйилган қадимги даврдан эътиборан то бугунги кунимизга қадар Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан муттасил тадқиқ қилинди ва унинг «янги давр методологик мантиғи», «формал мантиқ», «символик мантиқ» каби йўналишларига ҳам асос солиниб, такомиллаштирилди. Исоғужий асари ҳам мантиқ соҳасидаги мўътабар манбалардан бўлиб, мадрасаларда ўқитиб келинган. Бу асарда мантиққа оид истилоҳ ва қонун-қоидалардан баҳс юритилади.

Китоб мантиқий маънога эга бўлган мураккаб иборалар таҳлилига бағишлангани сабабли уни тушуниш учун фақат араб тилини билишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки диний илмлар, араб фалсафаси, адабиёти ва тафаккури ҳақида ҳам муайян тушунчага эга бўлиш талаб этилади.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Ал-Фозил Асируддин Муфаззал ибн Умар ал-Абҳарий. Мантиқ ҳақида сабоқлар (ёки Исоғужий шарҳи). Таржимон Нодир Набижон ўғли. Тошкент, «Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси», 2008. 6-7-б.
  2. 2. Баходиров Р. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ва илмлар таснифи тарихидан. Тошкент, «Ўзбекистон», 1995.29-31-6
  3. 3. Муҳаммад фазлул – имом Хайрабодий. Мирқотул мантиқ. Таржимон Қодиров И. Тошкент, Тошкент ислом университети нашриёт – матбаа бирлашмаси. 2011. 3-9 б.

ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси

мудири Абдумалик Эгамов

436090cookie-checkМантиқ илмининг фазилати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: