Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мўминларга ўз тоқатларига яраша касб қилишни фарз қилди: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверинглар! Аллоҳни кўп ёд этингизлар, шояд, (шунда) нажот топурсизлар” (“Ҳаж” сураси, 9-оят). Ҳалол касб қилишга нафақат оддий инсонлар, балки пайғамбарлар ҳам буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуоъони каримда барча пайғамбарларга шундай хитоб қилади: “У (Аллоҳ)сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, у (ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинглар ва Аллоҳнинг берган ризқидан енглар. Тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (“Мулк” сураси, 15-оят). Аллоҳ таоло мўминларга ҳалол касбдан ўзларига нафақа қилишга буюриб, қуйидагича марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, ўзингиз касб этган ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз…” (“Бақара” сураси, 268-оят). Юқоридаги оятларнинг далолатига кўра, барча пайғамбарлар ҳам маълум касб билан машғул бўлганлар. Жумладан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом савдогарлик қилганлар. Иброҳим алайҳиссалом баззоз (газмол сотувчи) бўлганлар. Довуд алайҳиссалом совут ясар эдилар. Сулаймон алайҳиссалом занбил тўқир эдилар. Идрис алайҳиссалом кийим тикар эдилар. Закариё алайҳиссалом дурадгор эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарлик қилганлар. Бундан ташқари, барча пайғамбарлар қўй боққанлар. Саҳобаи киромлар ҳам маълум бир касблар билан машғул бўлганлар. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу баззоз (газмол сотувчи) эдилар. Умар розияллоҳу анҳу тери ошлар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу савдогар эдилар. Али розияллоҳу анҳу котиблик қилар эдилар. Ўз даврида Шом диёрининг фақиҳи бўлган Авзоий раҳматуллоҳи алайҳ Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳнинг орқаларида бир кўтарим ўтинни кўтариб келиб, уни сотиб тирикчилик қилаётганларини кўрдилар. Мўмин киши ўзи, оиласи учун ва қарзларини адо этиш учун кифоя қиладиган миқдорча касб қилиш фарздир. Ҳалол касб қилишнинг савоби жуда каттадир. Бирор касб эгаси бўлган инсон ўз аҳволини бошқага ошкор этмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким касб қилмай, тиланчилик эшигини ўзига очса, Аллоҳ таоло унга муҳтожлик ва бечораликнинг етмиш эшигини очиб қўяди”. Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло ризқ беради, деб касбдан қўлларингизни тортманглар, Аллоҳ таоло тилла ва тангани осмондан ёғдирмайди”, – дедилар. Луқмони Ҳаким фарзандига қуйидагича васият қилдилар: “Касбдан қўлингни тортма. Ким халқнинг муҳтожи ва бечораси бўлса, унинг дини танг, ақли заиф бўлади ва унинг муруввати ботил бўлади ҳамда халойиқ унга ҳақорат кўзи билан қарайди”. “Мўминларм ризқни Аллоҳ таолодан деб билади ҳамда ризқни касбга сабаб деб билади ва Аллоҳ таолонинг буйруғига мувофиқ мол ҳақини адо этади ва касби сабабли ибодатни тарк қилиб гуноҳкор бўлмайди”. Маълумки, ибодат асоси луқманинг ҳалоллигидадир. “Ҳулятул-авлиё” асарида шундай дейилади: “Аллоҳ таолонинг йўли ўн қисмдир. Мазкур ўн қисмдан тўққис қисми ҳалол ризқни талаб қилиш ва бир қисми қолган ишлардир. Мўмин бандага лойиқ ва муносиби шуки, ҳалол молни талаб қилади, ҳаром ва шубҳадан тийилади. Ибодатнинг қабул бўлиши тақво биландир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “…Аллоҳ фақат тақволи кишилардан қабул қилур” (“Тавба” сураси, 27-оят”). Тошкент ислом институти ўқитувчиси С. Примов Манба 492
Аллоҳ таоло инсонларни кўплашиб, жамоа-жамоа бўлган ҳолда яшашга мос қилиб яратди. Мақсад: улар бир-бирлари билан танишсинлар, хайрли ва эзгу ишларда ҳамкорлик қилсинлар. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида шундай баён қилади: يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا яъни: «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Ояти каримада башариятни бир ота ва бир онадан яратилгани, уларни турли миллат ва элатларга бўлингани илоҳий ҳикмат асосида жорий қилинган, фитрий иш эканига ишора қилинмоқда. Бундан кўзланган энг катта мақсад: инсонлар бир-бирлари билан танишиб, маърифат ҳосил қилишдир. Одамларнинг ҳар хиллигида ҳам бир ҳикмат бор. Бу ҳикмат қуйидаги ояти каримада мана бундай баён қилинади: وَلَوْ شَاء رَبُّكَ لَجَعَلَ النَّاسَ أُمَّةً وَاحِدَةً «Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди». (Ҳуд сураси, 118-оят). Аллоҳ таоло инсонларни ҳар хил қилиб яратди. Унинг иродаси шундай бўлди. Агар хоҳласа, уларни бир уммат қилиб қўярди. Чунки инсон табиатидан маълум нарса шуки, бир хилликдан зерикади, малолланади. Бундан келиб чиқадики, инсониятни ҳар хиллиги бир хилликка хизмат қилар экан. Фирқаларга бўлиниш жуда кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Уларни қуйида далиллар билан бирма-бир баён қиламиз. Фирқаланиш мумкин эмас! Чунки фирқаларга бўлиниш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган қабиҳ иш саналади. Ўзини чин уммат сановчи ҳар бир киши бу ишни қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан огоҳлантирганлар. قال النبي صلى الله عليه وسلم: «إياكم والفُرقة» رواه الترمذي. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фиқаланишдан эҳтиёт бўлинглар!», деганлар. (Термизий ривоят қилган). Фирқаланиш кулфат келтиради Фирқаланиш ҳеч бир замонда бирор кишига фойда келтирган эмас. Унинг ортидан фақат азоб келган. عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال: «الجماعة رحمة، والفُرقة عذاب». رواه أحمد والطبراني والبيهقي Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат раҳмат, фиқаланиш азобдир», дедилар. (Имом Аҳмад, Табороний ва Байҳақийлар ривоят қилган). Фирқаланиш ортидан одамлар устига келган қанчадан-қанча бало-офатлар, азобу мусибатлар, турли хил кулфатлар яқин ва узоқ тарих саҳифаларига қонли ҳарфлар билан ёзилгани барчага маълум. Тафриқачи мунофиқ ва ёлғончидир وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مَسْجِدًا ضِرَارًا وَكُفْرًا وَتَفْرِيقًا بَيْنَ الْمُؤْمِنِينَ وَإِرْصَادًا لِّمَنْ حَارَبَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ مِن قَبْلُ ۚ وَلَيَحْلِفُنَّ إِنْ أَرَدْنَا إِلَّا الْحُسْنَىٰ ۖ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ «Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир». (Тавба сураси, 107-оят). Бу ояти каримада мунофиқларни сифатлари, қилган қабоҳатлари баён этилмоқда. Яъни, уларни асосий қилмишлари: мўминларга зиён келтириш, куфр уруғларини сочиш, тафриқага солиш ва бошқалар. Тафриқачиларнинг ишлари Аллоҳга ҳавола إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ «Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур». (Анъом сураси, 159-оят). Тафриқачи бидъатчи ва нафсига тобе кимсадир قال البغوي رحمه الله: هم أهلُ البدع والأهواء Имом Бағавий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятни қуйидагича изоҳлайди: «Улар (тафриқа қилувчилар) бидъат...