islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жамоат раҳмат, фирқаланиш азобдир!

Аллоҳ таоло инсонларни кўплашиб,  жамоа-жамоа бўлган ҳолда яшашга мос қилиб яратди. Мақсад: улар бир-бирлари билан танишсинлар, хайрли ва эзгу ишларда ҳамкорлик қилсинлар. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида шундай баён қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا

яъни:  «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Ояти каримада башариятни бир ота ва бир онадан яратилгани, уларни турли миллат ва элатларга бўлингани илоҳий ҳикмат асосида жорий қилинган, фитрий иш эканига ишора қилинмоқда. Бундан кўзланган энг катта мақсад: инсонлар бир-бирлари билан танишиб, маърифат ҳосил қилишдир.

Одамларнинг ҳар хиллигида ҳам бир ҳикмат бор. Бу ҳикмат қуйидаги ояти каримада мана бундай баён қилинади:

وَلَوْ شَاء رَبُّكَ لَجَعَلَ النَّاسَ أُمَّةً وَاحِدَةً

«Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди». (Ҳуд сураси, 118-оят).

Аллоҳ таоло инсонларни ҳар хил қилиб яратди. Унинг иродаси шундай бўлди. Агар хоҳласа, уларни бир уммат қилиб қўярди. Чунки инсон табиатидан маълум нарса шуки, бир хилликдан зерикади, малолланади. Бундан келиб чиқадики, инсониятни ҳар хиллиги бир хилликка хизмат қилар экан.

Фирқаларга бўлиниш жуда кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Уларни қуйида далиллар билан бирма-бир баён қиламиз.

Фирқаланиш мумкин эмас!

Чунки фирқаларга бўлиниш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган қабиҳ иш саналади. Ўзини чин уммат сановчи ҳар бир киши бу ишни қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан огоҳлантирганлар.

قال النبي صلى الله عليه وسلم: «إياكم والفُرقة» رواه الترمذي.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фиқаланишдан эҳтиёт бўлинглар!», деганлар. (Термизий ривоят қилган).

Фирқаланиш кулфат келтиради

Фирқаланиш ҳеч бир замонда бирор кишига фойда келтирган эмас. Унинг ортидан фақат азоб келган.

عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال: «الجماعة رحمة، والفُرقة عذاب». رواه أحمد والطبراني والبيهقي

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат раҳмат, фиқаланиш азобдир», дедилар. (Имом Аҳмад, Табороний ва Байҳақийлар ривоят қилган).

Фирқаланиш ортидан одамлар устига келган қанчадан-қанча бало-офатлар, азобу мусибатлар, турли хил кулфатлар яқин ва узоқ тарих саҳифаларига қонли ҳарфлар билан ёзилгани барчага маълум.

Тафриқачи мунофиқ ва ёлғончидир

وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مَسْجِدًا ضِرَارًا وَكُفْرًا وَتَفْرِيقًا بَيْنَ الْمُؤْمِنِينَ وَإِرْصَادًا لِّمَنْ حَارَبَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ مِن قَبْلُ ۚ وَلَيَحْلِفُنَّ إِنْ أَرَدْنَا إِلَّا الْحُسْنَىٰ ۖ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ

«Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир». (Тавба сураси, 107-оят).

Бу ояти каримада мунофиқларни сифатлари, қилган қабоҳатлари баён этилмоқда. Яъни, уларни асосий қилмишлари: мўминларга зиён келтириш, куфр уруғларини сочиш, тафриқага солиш ва бошқалар.

Тафриқачиларнинг ишлари Аллоҳга ҳавола

إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ

«Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур». (Анъом сураси, 159-оят).

Тафриқачи бидъатчи ва нафсига тобе кимсадир

قال البغوي رحمه الله: هم أهلُ البدع والأهواء

Имом Бағавий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятни қуйидагича изоҳлайди: «Улар (тафриқа қилувчилар) бидъат ва ҳаво эгаларидир». (Шарҳус сунна 1/210).

وقال الشاطبي رحمه الله : الفُرقةُ من أخس أوصاف المبتدعة

Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Фирқаланиш бидъатчиларнинг энг ёмон сифатларидан биридир», деган. (Ал иътисом, 1/113).

Эътиқодли киши тафриқа қилмайди

Эътиқоди мустаҳкам мусулмон суннат ва жамоатни маҳкам ушлаб, унга қатъий амал қилади. Тарафкашликдан эҳтиёт бўлади. Тарафкашликни эса асосан,  эътиқоди суст ёки эътиқоди бузуқ одам қилади.

Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ёзилганига минг йилдан зиёда вақт ўтган, ўзининг машҳур «Ақидатут Таҳовия» китобида шундай дейди:

وقال الطحاوي رحمة الله عليه: ونتّبعُ السنَّةَ والجماعةَ، ونجتنبُ الشذوذَ والخِلاف والفرقة

«Суннат ва жамоатга эргашамиз. Ажралиш, хилоф қилиш ва фирқаланишдан тийиламиз».

Мазкур асарнинг бошқа жойида:

ونرى الجماعة حقاً وصواباً ، والفُرقة زَيغاً وعذاباً

«Биз  ҳақ ва тўғри, фирқаларга бўлинишни йўлдан оғиш ва азоб деб биламиз», дейилади.

Дарҳақиқат, мусулмонлар мана шу ақидага оғишмай амал қилган вақтларда барака-хайрда, фаровонликда, тинч яшадилар. Қачонки, ихтилоф, ўзаро келишмовчилик, фирқаларга бўлиниш ва эътиқоднинг бузилиши бошланди, уммат орасида турли балолар келди.

Динимиз ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Мусулмон кишиларнинг Роббиси бир, дини бир Пайғамбари бир, Китоби бир, қибласи бир бўлса нима учун тафриқа?!

Тафриқа дўзахга олиб боради

Тафриқа қилиш, бўлиниш, арилиш буларнинг ҳаммаси эгри йўллардир. Бу йўллар инсонни фақат зулмат сари, дўзах сари етаклайди.

عَنِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِنَّ اللهَ لاَ يَجْمَعُ أُمَّتِي عَلَى ضَلَالَةٍ وَيَدُ اللهِ عَلَى الْجَمَاعَةِ وَمَنْ شَذَّ شَذَّ فِي النَّارِ» (رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: «Аллоҳ таоло менинг умматимни залолатга жамламайди. Аллоҳнинг қудрат қўли жамоат узрадир. Кимки жамоатдан ажралса, ажралиб жаҳаннамга киради». (Термизий ривоят қилган).

Тафриқачи Иблиснинг энг яқин аскаридир

قال النبي صلى الله عليه وسلم: «إن إبليسَ يضعُ عرشَه على الماء، ثم يبعَثُ سراياه، فأدناهم منه منزلةً أعظمُهم فتنةً، يجِيءُ أحدُهم فيقول: فعلتُ كذا وكذا، فيقول: ما صنعتَ شيئًا، قال: ثم يجِيءُ أحدُهم فيقول: ما تركتُه حتى فرَّقتُ بينه وبين امرأتِه، قال: فيُدنِيه منه ويقول: نِعمَ أنت» (رواه مسلم).

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иблис ўз тахтини сув устига қўяди ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб «ундоқ қилдим, бундоқ қилдим» дейди. У бўлса «ҳеч нарса қилмабсан!» дейди. Кейин бошқа бири келиб «уни қўярда қўймай хотини билан орасини буздим» дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб «Ҳа! Балли! Сенсан!» дейди», дедилар». (Муслим ривоят қилган).

Ҳеч бир ишда тафриқа мумкин эмас!

Дин ишларида тафриқадан қайтарган Ислом дунё ишларида ҳам бўлинишдан қайтаради.

Таомни кўплашиб ейилса унга барака киради. Бўлиниб, алоҳида-алоҳида ейиш эса баракани кетказади. Ҳадиси шарифда айтилади:

شكَا أناسٌ إلى النبي صلى الله عليه وسلم فقالوا: إنا نأكلُ ولا نشبَع، فقال: «فلعلَّكم تفترِقُون؟»، قالوا: نعم، قال: «فاجتمِعُوا على طعامِكم، واذكُروا اسمَ الله عليه يُبارَك لكم فيه» (رواه أبو داود).

Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб: «Еяпмиз, тўймаяпмиз», дейишди. Шунда ул зот: «Эҳтимол, бўлиниб олгандирсизларда?» Улар: «Ҳа», дейишди. «Таомингизда жамланинглар ва Аллоҳнинг исмини айтинглар унга барака берилади», дедилар».

Тафриқа гуноҳи кабирадир

Тафриқа гуноҳи кабира бўлиб, у билан оламдан ўтган жоҳилиятда вафот этган ҳисобланади.

 قال النبي صلى الله عليه وسلم: «من خرجَ من الطاعة، وفارقَ الجماعةَ، فماتَ ماتَ ميتةً جاهليَّةً» (رواه مسلم).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким итоатдан чиқиб, жамоатда ажралиб ўлса, бас, у жоҳилият ўлимини топибди», дедилар.

Тафриқачи шайтоннинг йўлидадир

قال النبي صلى الله عليه وسلم: «إن تفرُّقَكم في هذه الشِّعابِ والأودِية إنما ذلكم من الشيطان» (رواه أبو داود).

Сизларнинг бу дара ва водийларда бўилинишингиз, албатта, ўша нарса шайтондандир, дедилар.

Ечим:

Динимизда ҳар муаммога жавоб бор. Юқорида тафриқа, бўлиниш, ажралиш, пароканда бўлиш нима оқибатларга олиб бориши далиллар билан айтиб ўтилди. Хўш, бундай ҳолатга тушиб қолмаслик учун нима қилмоқ керак? Ечим қандай?

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

яъни: «Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз». (Оли Имрон сураси, 103-оят).

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ أُمَّتِي لَا تَجْتَمِعُ عَلَى ضَلَالَةٍ فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ» (رواه ابن ماجه).

яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Албатта мени умматим залолатга жамланмайди, шундай экан, қачон ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга саводи аъзамни (яъни, энг улуғ жамоани)  лозим тутинг» (Ибн Можа ривоят қилган).

Уламоларимиз ҳадисдаги «саводи аъзам» калимасини аҳли сунна вал жамоа, деганлар.

Демак, ечим икки нарсада экан. Биринчиси фирқаларга бўлинмаслик учун Аллоҳнинг арқони – Қуръони каримни маҳкам ушлаш, уни ўқиб ўрганиш. Чунки Қуръонда фирқаларга бўлинишдан қайтарилади. Бу эса илм талаб қилади. Иккинчиси жамоатни тарк этмаслик, яъни аҳли сунна вал жамоатни маҳкам ушлаш. Бу эса кишидан амал қилишни талаб этади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни тафриқадан сақласин. Бир-бирларимиз билан аҳил-иноқ, меҳр-оқибатли, тинч-тотув ҳаётгузаронлик бахтига муяссар айласин. Омин!

Тошкент Ислом институти 2-босқич сиртқи талабаси,

Андижон шаҳри «Ҳазрати Билол» жоме масжиди имом хатиби

Равшанбек Ўринбоев

51790cookie-checkЖамоат раҳмат, фирқаланиш азобдир!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: