islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oktabr 8, 2018

Day

Замонавий масалаларнинг фиқҳий асослари фанидан очиқ дарс бўлиб ўтди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018 йил 8 октябрь куни “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Нуриддинов Муҳаммаджон домланинг 4-Д гуруҳга “Замонавий масалаларнинг фиқҳий асослари” фанидан “Қарзни кечиктириб беришда молиявий бадал тўлаш масаласи” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди. Нуриддинов Муҳаммаджон домла очиқ дарсда янги мавзуни ёритиб берди. Ўқитувчи мавзуга киришишдан аввал унинг ҳозирги кундаги аҳамияти, долзарблиги ҳақида тўхталиб ўтди. Вақтдан кечиктирилган қарзнинг ортидан келган эҳтимолий зарарларни конпенсациялаш шаръий далилларга мувофиқ келмаслиги, барча мужтаҳид уламоларнинг ушбу ҳукм жоиз эмаслиги тўғрисида иттифоқ қилганларини таъкидлаб ўтди. Бироқ бу қарздорлар томонидан қарзни тўламасдан, уни чўзиб юриш ҳуқуқини бермаслигини, қарзни тўлашга қодир бўла туриб, уни чўзиб юриш шариат мезонида оғир гуноҳ эканлигини, бу иш инсонлар ўртасида низолар ва қарама-қаршиликлар келтириб чиқаришини мисоллар билан тушунтириб берди. Мавзуни тушунтириш жараёнида жамиятда учраб турган ҳаётий мисоллар келтирди. Шу билан бирга талабаларнинг мавзуга оид саволларига ҳам батафсил жавоб берди. Ўқитувчи очиқ дарсда баъзи педагогик усуллардан фойдаланиб, дарсни самарали ташкил қила олди ва қўйилган мақсадга эришди. Мазкур очиқ дарсга“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедранинг катта ўқитувчилари С.Масайитов, Я.Раззақов, И.Ғофуров, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси мудири Б.Аъзамов, ўқитувчиси А.Тошпўлатов, ўқув ишлари бўйича инспектор Б.Усмонхоновлар қатнашиб, таҳлил қилишди ва уни юқори баҳолашди. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Яҳё Раззоқов 474

«Ким бу дин билан Аллоҳга боғланмоқчи бўлса, илм олиш машаққатига чидасин»

Исломда илм Жаброил алайҳиссалом Пайғамбарга илк ваҳий олиб келгандаёқ Ислом илм дини экани аён бўлди. Чунки у олиб келган илк калом Алақ сурасининг беш ояти эди: “(Эй, Муҳаммад, бутун борлиқни) яратган Зот бўлмиш Раббингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли Зотдир. У инсонга қалам билан (ёзишни) ўргатган Зотдир. У инсонга билмаган нарсаларини ўргатди”. Илк даъватдаёқ ушбу оятларнинг нозил қилиниши ҳайрон қоладиган мўъжизадир. Биринчидан, Аллоҳ таоло минглаб мавзулар ичидан “ўқиш” мавзусини танлади, ваҳоланки, Пайғамбар ўқиш, ёзишни билмайдиган “уммий” эдилар. Демак, дину диёнатни, дунё ва охиратни англаш учун ўқиш керак! Иккинчидан, араблар “ўқиш” мавзусига эътибор бермасди, улар умри давомида хурофотларга ишонар, ҳар соҳада илмга муҳтож бўлиб, фақат шеър ва адабиётда моҳир эдилар. Қуръон арабларни ожиз қолдириб, уларни адабиётда беллашувга чақириб нозил бўлди ва Ислом илм дини эканини эълон қилди. Учинчидан, илм олиш воситаларининг энг машаққатлиси бўлган ўқишга амр бўлди. Чунки ўқиш, мулоҳаза қилиш ва ўйлаб кўриш – риёзатни талаб этади. Бу илоҳий амр замирида, “Ким бу дин билан Аллоҳга боғланмоқчи бўлса, илм олиш машаққатига чидасин”, деган яна бир ҳикмат бор. Исломнинг нозил этилиши илмга одатланмаган, маърифий муҳитга кўникмаган жамиятда ҳақиқий инқилоб бўлди. Исломдан олдинги давр – “жоҳилият” (илмсизлик) даври дейилади. Ваҳий нозил бўлиши билан илм бошланди, дунёга ҳидоят нури тушди. Аллоҳ мусулмонларга жоҳилиятни эслатиб айтади: “Жоҳилият (даври) ҳукмини қўмсаяптиларми?! Чин ишончли кишилар учун Аллоҳдан кўра кимнинг ҳукми чиройлироқ экан?!” (Моида сураси, 50-оят). Бу динда жоҳиллик, шубҳа, ёмон гумонга ўрин йўқ. Аллоҳ ўз Пайғамбарини жоҳилликни севиб, илмни суймайдиганлардан юз ўгиришга буюради: “Афвни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят). Бу дин шубҳа-гумонга асосланган қадриятларни инкор қилди. Ислом шариати, фақат аниқ, ишончли илмга асосланади. Аллоҳ бу диндан юз ўгирган кофирлар ҳақида айтади: “Ҳолбуки, улар учун бу ҳақда бирор билим (ҳужжат) йўқдир. Улар фақат гумон(тахмин)га эргашурлар, холос. Гумон эса, асло ҳақиқат ўрнига ўтмас” (Нажм сураси, 28-оят). Аллоҳ мўминлар билан кофирларни ажратувчи асосий омил илм деб эълон қилди: мўмин билади, кофир эса гумон қилади. Мўмин аниқ ишонч билан яшайди, кофир эса шубҳа-гумонлар билан. Аллоҳ кофирларни ёмонлаб айтади: “Қачонки, (сизларга): “Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, Қиёмат шубҳасиз (келувчи)дир”, дейилса, сизлар: “Биз Қиёмат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз (Қиёмат бўлишига) аниқ ишонувчи эмасмиз”, дедингизлар” (Жосия сураси, 32-оят). Қуръони Каримнинг ҳар сурасида очиқ ёки ишора билан илмнинг қадр-қиммати, аҳамияти ҳақида сўз боради. Илм – Абадий Дастурнинг собит йўналишидир. “Илм” ўзаги ва ундан ясалган сўзларни ҳисоблаш жараёнида мен лол қолдим: улар 779 марта келган эди, Қуръон сураларидан салкам етти маротаба кўп эди! Мен фақат “илм” сўзи ва ундан ясалган сўзларни ҳисобладим, бунга маъноси яқин сўзлар кўп. Пайғамбар суннатида келган “илм” сўзини санаб адоғига етиш мушкул. Илм сўзи “Саҳиҳул Бухорий”да 300 мартадан кўп келган. Ваҳоланки, бу асар ҳажми унча катта эмас, бошқа китоблар ундан бир неча баробар кўп ҳадисларни ўз ичига олади. Агар яхши мулоҳаза қилсак, илмга эътибор Қуръон нозил бўлишидан ҳам аввал, Одам яратилишидан бурун бошланган. Қуръон оятлари фаришталар Одамга сажда қилиш воқеасини ҳикоя қилади. Қиссада Аллоҳ Одамга илм бергани, шу илм билан фаришталардан афзал бўлгани айтилади. Эътибор беринг: Одам алайҳиссалом фаришталардан тасбеҳ, зикр, намоз билан эмас, балки илм билан афзал бўлди. Илм сабаб фаришталарни Одамга сажда қилдирди. Қисса қуйидагича бўлган эди: “Эсланг, (эй, Муҳаммад,)...