Исломда илм
Жаброил алайҳиссалом Пайғамбарга илк ваҳий олиб келгандаёқ Ислом илм дини экани аён бўлди. Чунки у олиб келган илк калом Алақ сурасининг беш ояти эди: “(Эй, Муҳаммад, бутун борлиқни) яратган Зот бўлмиш Раббингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли Зотдир. У инсонга қалам билан (ёзишни) ўргатган Зотдир. У инсонга билмаган нарсаларини ўргатди”. Илк даъватдаёқ ушбу оятларнинг нозил қилиниши ҳайрон қоладиган мўъжизадир. Биринчидан, Аллоҳ таоло минглаб мавзулар ичидан “ўқиш” мавзусини танлади, ваҳоланки, Пайғамбар ўқиш, ёзишни билмайдиган “уммий” эдилар. Демак, дину диёнатни, дунё ва охиратни англаш учун ўқиш керак! Иккинчидан, араблар “ўқиш” мавзусига эътибор бермасди, улар умри давомида хурофотларга ишонар, ҳар соҳада илмга муҳтож бўлиб, фақат шеър ва адабиётда моҳир эдилар. Қуръон арабларни ожиз қолдириб, уларни адабиётда беллашувга чақириб нозил бўлди ва Ислом илм дини эканини эълон қилди. Учинчидан, илм олиш воситаларининг энг машаққатлиси бўлган ўқишга амр бўлди. Чунки ўқиш, мулоҳаза қилиш ва ўйлаб кўриш – риёзатни талаб этади. Бу илоҳий амр замирида, “Ким бу дин билан Аллоҳга боғланмоқчи бўлса, илм олиш машаққатига чидасин”, деган яна бир ҳикмат бор. Исломнинг нозил этилиши илмга одатланмаган, маърифий муҳитга кўникмаган жамиятда ҳақиқий инқилоб бўлди. Исломдан олдинги давр – “жоҳилият” (илмсизлик) даври дейилади.
Ваҳий нозил бўлиши билан илм бошланди, дунёга ҳидоят нури тушди. Аллоҳ мусулмонларга жоҳилиятни эслатиб айтади: “Жоҳилият (даври) ҳукмини қўмсаяптиларми?! Чин ишончли кишилар учун Аллоҳдан кўра кимнинг ҳукми чиройлироқ экан?!” (Моида сураси, 50-оят). Бу динда жоҳиллик, шубҳа, ёмон гумонга ўрин йўқ. Аллоҳ ўз Пайғамбарини жоҳилликни севиб, илмни суймайдиганлардан юз ўгиришга буюради: “Афвни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят). Бу дин шубҳа-гумонга асосланган қадриятларни инкор қилди. Ислом шариати, фақат аниқ, ишончли илмга асосланади. Аллоҳ бу диндан юз ўгирган кофирлар ҳақида айтади: “Ҳолбуки, улар учун бу ҳақда бирор билим (ҳужжат) йўқдир. Улар фақат гумон(тахмин)га эргашурлар, холос. Гумон эса, асло ҳақиқат ўрнига ўтмас” (Нажм сураси, 28-оят).
Аллоҳ мўминлар билан кофирларни ажратувчи асосий омил илм деб эълон қилди: мўмин билади, кофир эса гумон қилади. Мўмин аниқ ишонч билан яшайди, кофир эса шубҳа-гумонлар билан. Аллоҳ кофирларни ёмонлаб айтади: “Қачонки, (сизларга): “Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, Қиёмат шубҳасиз (келувчи)дир”, дейилса, сизлар: “Биз Қиёмат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз (Қиёмат бўлишига) аниқ ишонувчи эмасмиз”, дедингизлар” (Жосия сураси, 32-оят). Қуръони Каримнинг ҳар сурасида очиқ ёки ишора билан илмнинг қадр-қиммати, аҳамияти ҳақида сўз боради.
Илм – Абадий Дастурнинг собит йўналишидир. “Илм” ўзаги ва ундан ясалган сўзларни ҳисоблаш жараёнида мен лол қолдим: улар 779 марта келган эди, Қуръон сураларидан салкам етти маротаба кўп эди! Мен фақат “илм” сўзи ва ундан ясалган сўзларни ҳисобладим, бунга маъноси яқин сўзлар кўп. Пайғамбар суннатида келган “илм” сўзини санаб адоғига етиш мушкул. Илм сўзи “Саҳиҳул Бухорий”да 300 мартадан кўп келган. Ваҳоланки, бу асар ҳажми унча катта эмас, бошқа китоблар ундан бир неча баробар кўп ҳадисларни ўз ичига олади.
Агар яхши мулоҳаза қилсак, илмга эътибор Қуръон нозил бўлишидан ҳам аввал, Одам яратилишидан бурун бошланган. Қуръон оятлари фаришталар Одамга сажда қилиш воқеасини ҳикоя қилади. Қиссада Аллоҳ Одамга илм бергани, шу илм билан фаришталардан афзал бўлгани айтилади. Эътибор беринг: Одам алайҳиссалом фаришталардан тасбеҳ, зикр, намоз билан эмас, балки илм билан афзал бўлди. Илм сабаб фаришталарни Одамга сажда қилдирди. Қисса қуйидагича бўлган эди: “Эсланг, (эй, Муҳаммад,) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, деганида, (улар) айтдилар: “ Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз”. (Аллоҳ) айтди: “ Мен сизлар билмаган нарсани биламан”. (Аллоҳ) Одам (Ато)га барча номларни ўргатди. Сўнг уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: “Агар ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!” (Улар) дедилар: “Зоти покинг ҳаққи, бизда Ўзинг билдирганингдан ўзга илм йўқдир. Албатта, Сен илм ва ҳикмат эгасидирсан”. (Аллоҳ) айтди: “Эй, Одам, уларга номлари билан айтиб бер”. Уларга номлари билан айтиб берганида, (У) деди: “Мен осмонлар ва Ер сирларини, сизлар ошкор қилаётган ва яшириб юрган нарсаларингизни билурман, демаганмидим?! Эсланг, (эй, Муҳаммад,) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, кибр қилди ва кофирлардан бўлди” (Бақара сураси, 30–34-оят). Шундай қилиб, Одам алайҳиссалом яратилгандан илм билан Аллоҳнинг Ердаги элчиси бўлди. Инсон илм йўлини маҳкам тутса, илмга тўймаса, бу йўлда риёзат чекса, у вакил бўлишга ҳақли бўлади. Аксинча, жоҳилликка одатланса, илмдан узоқлашса, бундай имкониятни бой беради, шаъни улуғ, иззатли, солиҳ банда бўла олмайди.
Илмнинг шарафи фақат инсон яралиши билан бошланмаган. Чунки Аллоҳ биринчи бўлиб илм воситаси бўлган қаламни яратган, буни Имом Термизий ривоят қилган қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло аввало қаламни яратиб, “Ёз!” деди, қалам: “Нимани ёзаман?” деди, Аллоҳ деди: “Қадарни ёз, бўлиб ўтганни ҳам, энди бўладиганни ҳам”. Демак, илм – инсон ҳаётининг бош меҳвари, қиёматгача шундай бўлиб қолади. Пайғамбар алайҳиссалом илм ва Аллоҳнинг зикрисиз дунё қийматсиз бир матоҳ эканини айтганларида ҳеч муболаға йўқ.
Имом Термизий ривоят қиладилар: Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир, фақат Аллоҳнинг зикри, унга ошно бўлиш, илм ўргатиш, илм ўрганиш яхшидир”. Илмсиз ҳаёт мазмунсиздир. Илм йўқолиши қиёмат яқинлашганидан белгидир. Шу ҳақда Бухорий ва Муслим ривоятида Пайғамбар алайҳиссалом дейдилар: “Илмнинг кўтарилиб кетиши, жоҳиллик тарқалиши, маст қилувчи ичимликлар ичилиши, зино авж олиши – қиёмат аломатларидандир”. Илм кўтарилиши қалблардан ўчиб кетиш билан бўлмайди, балки уламолар ўлиши билан бўлади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ илмни бандалардан тортиб олмайди, лекин олимларни олиш билан олади. Олим қолмагандан кейин одамлар илмсиз, жоҳил кимсаларни бошлиқ қилиб оладилар. Улардан савол сўраганларида, илмсизлар фатво бериб ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштирадилар” (Бухорий, Муслим ривояти).
Дарҳақиқат, олимнинг ўлими зилзила, сув тошқинидан ҳам катта офатдир. Зеро, олим ўлиши билан фасод кўпаяди, ҳаёт ўз қийматини йўқотади. Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Кечалари қоим, кундузлари рўзадор бўлган мингта ибодатгўйнинг ўлими – Аллоҳнинг ҳалол-ҳаромини яхши билувчи битта олимнинг ўлимидан енгилроқдир” (“Буғятил боҳис ан завоиди Ҳорис”). Улуғ олим саҳобий, ваҳий котиби Зайд ибн Собит вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Аббос шундай деган: “Илм қандай кетишини биласизларми?! Мана шундай олимлари ўлими билан кетади!” (Ибн Ҳажар, “Таҳзибут-Таҳзиб”).
Доктор Роғиб САРЖОНИЙ
“Ислом ва Олам” китобидан