Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда 2025-2026 ўқув йилининг очилиши муносабати билан Тошкент ислом институтида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси Диний маърифий ташкилотлар ва илмий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи ўринбосари Шерзод Чўлпонов, ТИИ ректори Уйғун Ғафуров, ўқитувчилар ва 1-курс талабалари иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янграгач, институтнинг 1-курс магистранти Саййидбурҳон қори Фазлиддинов Қуръон тиловат қилиб берди ва дуои фотиҳа қилинди. Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғафуров очиб бериб, Мустақилликнинг 34 йиллиги ҳамда 2025-2026 ўқув йилининг очилиши муносабати билан ўқитувчи ва талабаларни муборакбод этди. Сўнг ДИҚ бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов сўзга чиқди ва талабаларга келажакдаги ўқишларида муваффақият тилади. Шундан сўнг 1-курс талабаси Миржалол Абдусалимов янги ўқув йили бошлангани муносабати билан талабалар номидан барчани табриклади ва ташаккурини изҳор этди. Тадбир якунида юрт обод ва фаровон бўлишини, янги ўқув йили хайрли бошланишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилинди. ТИИ Матбуот хизмати 30