Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига Ўзбекистондаги Scienceweb илмий тадқиқотлар база лойиҳаси раҳбари Мирзалимов Улуғбек Артикович ташриф буюриб, институтнинг барча профессор-ўқитувчиларига “SCOPUS журналларида муваффақиятли нашр қилиш стратегиялари: илмий натижаларни халқаро миқёсга олиб чиқиш йӯллари” мавзусида маъруза қилиб, бир нечта муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтди.
Бугунги кунда дунёдаги илғор давлатлар илм-фан соҳасида сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланмоқда. Афсуски, бизнинг диёрларда кўпгина ишлар ҳануз “қўл меҳнати” билан, яъни кетмон чопгандек бажарилади. Аммо сунъий интеллект ёрдамида жараёнларни осонлаштириш, самарадорликни ошириш ва илмий ишларни халқаро даражага олиб чиқиш имконияти катта.
Илмий ишда сунъий интеллектнинг ўрни
SCOPUS ва Германия каби йирик илмий маконлар сунъий интеллектдан фойдаланишни тан олган. Бироқ бу жараёнда асосий шарт – сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган маълумот ва матнни албатта муаллифнинг ўзи қайта кўриб чиқиши. Шунингдек, мақолада сунъий интеллектдан фойдаланилгани кўрсатилиши талаб этилади.
Мақола ёзишнинг дастлабки қадамлари
Маърузачининг таъкидлашича, мақола ёзишда аввало ният муҳим. Яъни сиз жамоа билишни, эшитишни истаган масалани танлаб ёзишингиз керак. Кейин эса мавзу бўйича манбаларни шакллантириш зарур. Энди кутубхонадан кутубхонага юриб китоб варақлаш шарт эмас – бу жараёнда ҳам сунъий интеллект катта ёрдамчи.
Манбалар ва изланиш жараёни
SCOPUS талабларига кўра, сиз танлаган мавзуда сўнгги 5 йилда чоп этилган камида 5 та мақолани топишингиз керак. Бунинг учун elicit.com, connectedpapers.com каби онлайн тармоқлар жуда қўл келади. Лекин агар манбанинг асл чиқиш жойи кўрсатилмаган бўлса, у SCOPUS талабига жавоб бермайди.
Манбаларни тўплаш ва тартиблаш
Топилган мақолаларни бир жойга йиғиш учун EndNote ва Zotero каби иловалардан фойдаланиш мумкин. Улардан фойдаланиш бўйича ютубда қатор қўлланмалар бор. Адабиётлар рўйхатини эса Microsoft Word’даги Document Preferences бўлими орқали тайёрлаш енгил ва қулай ҳисобланади.
Таҳлил ва услубни ўрганиш
Мақола ёзишдан олдин камида 40-50 та мақолани кўриб чиқиш тавсия этилади. Бу ёзадиган ишингизнинг услубини тўғри танлаш ва халқаро андозаларга мослашишга ёрдам беради. Агар мақолангизнинг таҳрири, сўровномалар ёки слайдлар керак бўлса, lumivero.com хизматларидан фойдаланиш мумкин.
Калит сўзлар ва техник жиҳатлар
Ҳар бир мақолада ўзига хос камида 5 та калит сўз бўлиши шарт. Улар тик чизиқ (|) билан ажратиб ёзилади. Шунингдек, MDPI тизими мақоланинг таҳрир ва чоп харажатларини баҳолаш имкониятини беради.
Журнал танлашда эътиборли бўлинг!
SCOPUS талабига жавоб берувчи журналларда мақола чоп этиш арзон эмас. Бироқ бу ишончли ва сифатли йўл ҳисобланади. Қора бозордаги сохта журналларда эса ҳаммаси арзон – ҳатто 50 долларга ҳам мақола “чоп қилиб бериши” мумкин. Аммо уларнинг обрўси ва ишончлилиги йўқ. Шунинг учун маблағ етарли бўлмаса, ҳаммуаллифлик йўлидан фойдаланиш тавсия этилади. Бугунгача 5,5 мингга яқин муаллифлар жамоавий ишларда қатнашгани қайд этилган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, SCOPUS журналларида мақола чоп этишнинг энг асосий йўли – тинимсиз меҳнат, тўғри стратегия ва замонавий технологиялардан оқилона фойдаланишдир.
Маърузачи семинар сўнгида тингловчилардан тушган саволларга жавоб бериб, ўз нутқини якунлади.
Семинар охирида маърузачига институт раҳбариятининг ташаккурномаси тақдим этилди ва келажакда илмий ҳамкорлик қилиш келишиб олинди.
ТИИ Матбуот хизмати