islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИСЛОМ ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ (2-қисм)

Ислом ҳаётнинг барча соҳаларида ҳам турли дин вакиллари бир жамиятда, биргаликда яшашлари учун керак бўлган қонун қоидаларини йўлга қўйди. Мисол учун энг нозик масалалардан бўлмиш оила ва озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳамма динлар, ҳамма тузумлар бу икки масалага алоҳида эътибор берадилар. Ислом эса, бу икки нарсага ҳаммасидан ҳам кўра нозик иш сифатида қарайди. Шундоқ бўлса ҳам турли дин вакиллари бирга яшашлари, бир-бирларига кўнгил қўйишлари, бир бирларини меҳмон қилишларини ҳисобга олиб мусулмонларга бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриш ва улар сўйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилишни ҳалол қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Моида» сурасида:

«Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфа аёллар ҳам (ҳалолдир)» (5-оят).

Ушбу ояти карима ҳукмига биноан мусулмон шахс самовий китобга эга дин аҳлларининг таомини тановул қилса ва уларга ўзи таом берса, шуниндек уларнинг аёлларига уйланса бўлади.

Ислом давлати соясида яшашни хоҳлаган бошқа дин вакиллари «Аҳли зимма» деб номланадилар. Яъни, мусулмон жамияти кафолатидаги кишилар, деганидир. Аҳли зимма учун шахсий ҳуррият, фикр эркинлиги, ақийда эркинлиги, жон мол, обрў ва бошқа нарсалар дахилсизлиги тўлиқ кафолатланади. Бу маънодаги умумий қоида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Уларга бизга бўлган имтиёзлар бор ва уларга бизга қўйилган мажбуриятлар бор», деганларидир.

Демак, Ислом давлати соясида бошқа дин вакиллари ҳам худди мусулмонлар эга бўлган имтиёзларга эга бўлади ва уларга юклатилган мажбуриятлар олдида масъул ҳам бўлади. Фақат Арабистон ярим оролида яшовчи араб мушрикларигина аҳли зимма бўла олмайдилар. Улардан Исломдан бошқа нарса қабул қилинмайди. Бу ўзи алоҳида бир масала. Лекин шу масалани Ислом душманлари нотўғри талқин қилиб умумлаштириб юборганларини айтиб ўтишимиз лозим. Бошқа мушриклар, яъни, аҳли китоб бўлмаганлар ҳақида эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уларга аҳли китобга қилинган суннатни қилинглар. Фақат аёлларига уйланманг ва сўйишларини емаган ҳолда», деганлар.

Демак, самовий бўлмаган, кишилар ўзларича эътиқод қилиб юрган дин вакиллари ҳам тўлиқ ҳақ-ҳуқуқларга эгадирлар. Ушбу маъноларни Ислом ўн тўрт аср илгари, дунёда биринчи бўлиб жорий қилган. Қандоқ қилиб жорий қилганини эса, қуйида ўрганамиз иншааллоҳ.

Ислом дини дунё тарихида илк бор ўз дини ва эътиқодидан ўзга дин ва эътиқодларга қарши мутаассибчиликдан холий бўлган жамият қурди.

Манбалар асосида тайёрланди.

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ

452450cookie-checkИСЛОМ ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ (2-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: