Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзи кўрмаган тушини «Кўрдим», деб айтса, ундан иккита арпа донини бир-бирига улаш талаб қилинади. У буни ҳеч ҳам қила олмайди», дедилар». Бухорий ривоят қилган. Кўрмаган тушини «Кўрдим», деб айтадиган одам қиёмат куни хижолатда қолар экан. Ўша даҳшатли кунда ундан қўлидан келмайдиган ишни қилиш талаб этилар экан. «Ким ўзи кўрмаган тушини «Кўрдим», деб айтса, ундан иккита арпа донини бир-бирига улаш талаб қилинади. У буни ҳеч ҳам қила олмайди». Албатта, арпа дони жуда ҳам кичкина ва бирини бирига улаб бўлмайдиган нарса эканлиги ҳаммага маълум. Бу дунёда йўқ нарсани бир-бирига улаб, туш қилиб айтган одам охиратда ўша ишнинг ўхшашини қилишга мажбур этилар ва уни қила олмай қийналар экан. Охиратда ана шундай ноқулай ҳолда қолмаслик учун бу – дунёда йўқ тушни ёлғондан тўқиб айтмаслик керак экан. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ёлғондан кўра ёмонроқ хулқ йўқ эди. Агар бирор кишининг сал бўлса ҳам ёлғончи эканини билиб қолсалар, ўша одам тавба қилмагунича қалбларидан чиқмас эди». Аҳмад ва Баззор ривоят қилишган. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғончига бўлган муносабатлари ҳақида сўз кетмоқда. У зот алайҳиссаломнинг наздларида ёлғондан кўра ёмонроқ хулқ йўқ экан. У зот алайҳиссалом арзимаган ёлғон сўз айтган одамдан ҳам ўша одам тавба қилмагунича рози бўлмай юрар эканлар. Демак, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиман, У зотнинг шафоатларидан умидворман, деган мўмин банда арзимаган нарсада ҳам ёлғон гапирмаслиги, билиб-билмай ёлғончилик қилиб қўйган киши дарҳол тавбага шошилиши керак. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ёлғончиларга нисбатан муросасиз кураш олиб боришда ўз хиссасини қўшишга ҳаракат қилиши лозим. “Ёлғон” китобидан Манба 249
Кўп асрлик тарихга эга бўлган халқимизнинг маънавий мероси, миллий қадриятларини халқимиз онгига сингдиришда кино санъатининг ўрни беқиёсдир. Айни пайтда, кино маънавиятни тарғиб этувчи етакчи санъат турларидан биридир. Чунки, бу санъат тури ҳар хил ёшдаги, турли касб эгаларига, яъни томошабинларга бевосита таъсир кўрсатади. Кино экранда юз бераётган воқеалар ҳамда томошабин ўртасидаги маънавий кўприк вазифасини ўтаган ҳолда икки томонлама таъсир кучи билан экранда қаҳрамонлар қиёфасини гавдалантираётган ҳар бир актёрга ва уларнинг ҳаракатларини кузатиб турган томошабинларга руҳий озуқа беради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида диний таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларини мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар режаси тасдиқланди. Шунга асосан, жорий йилнинг 17 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтнинг талаба-қизлари Алишер Навоий номидаги киносаройга ташриф буюрди. Ташриф давомида талабаларга режиссёр Ҳ.Насимов томонидан суратга олинган “Ҳаёт” фильми намойиш этилди. Намойиш аввалида фильм сценарияси муаллифи И.Мирзо томонидан тақдимот ўтказилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 255