Бугун, 12 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов бошчилигида “Катта Лангар Қуръони ва унинг тарихий аҳамияти” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Семинарда Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ё.Бухарбоев ва институтининг 15 нафар иқтидорли талаба-ёшлари иштирок этдилар. Ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони карим мўмин-мусулмонлар учун муқаддас китоб саналади. Айниқса, унинг энг қадимий нусхалари халқимизнинг бебаҳо мероси сифатида қадрланади. Юртимиздаги ана шундай маънавий мерослардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларидир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, қадимий ёзма асарларни тарғиб этиш борасида илмий-амалий анжуманлар ўтказилмоқда. Мазкур семинар ҳам шу мақсадга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, диний таълим муассасалари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. “Катта Лангар Қуръони ва унинг тарихий аҳамияти” семинарини ўтказишдан мақсад бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган тарихий ва нодир қўлёзма асарларни кенг жамоатчиликка таништириш ва улар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб боришни тарғиб этишдан иборатдир. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов семинар иштирокчиларига ўз табрикларини йўлладилар. Сўзга чиққан нотиқлар Диний идора раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ҳаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва мутахассис Ғуломжон Холбоев кабилар Катта Лангар Қуръонининг ёзилиш тарихи, матн услублари, ҳошиялари ҳамда юртимизга келиши ва сақланиши билан боғлиқ бўлган нодир маълумотларни етказдилар. Илмий семинарда Катта Лангар Қуръони ҳақида кўпчиликка маълум бўлмаган жуда ҳам ноёб ва қизиқарли маълумотлар ҳам баён этилди. Келгусида бу ҳақда сайтимизда батафсил баён этамиз. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати маълумотларидан олинди 250
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш тўғрисида Аҳзоб сураси 56-оятида шундай марҳамат қилади: إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз! يُصَلُّونَ (юсоллуна) – сўзи араб тилида “дуо қиладилар ва истиғфор айтадилар”- деган маънони билдиради. Шунингдек, Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 103-оятида эса: وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ “Ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”-деган. Муфассир олимлар ушбу оятнинг шарҳида “уларнинг ҳаққига мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилинг!”- деган маъно борлигини айтишган. Фарз намозида дуо ва истиғфор бўлганлиги учун “солат”-“дуо” деб номланган. Шунингдек, намоз раҳмат маъносида ҳам келган бўлиб, бунга мисол қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Аллоҳим Абу Авфонинг аҳлига раҳм қилгин!”, деган дуоларини келтириш мумкин. Абул Олия айтади: “Аллоҳ таолонинг “солати” деган сўздан фаришталар ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига айтган мақтови бўлади ва малоикаларнинг “солати” дегани эса, уларнинг у зотнинг ҳаққига қилган дуоси назарда тутилган[1]. النَّبِيِّ : Жавҳарий айтади; “Набий” сўзининг маъноси Аллоҳ таоло ҳақида “хабар етказувчи киши”, деганидир. Чунки набий Аллоҳ таоло ҳақида хабар беради. Бу сўзнинг кўплик шакли “анбиё” бўлади. Ниҳоя китобида “набий” сўзи “набиъ” ва “набий” шаклларида келган. Собуний айтади: Қуръонда келган “набий” ва “расул” сўзларидан кўзланган мақсад ҳам набий ва расулларнинг хатмикунандаси Муҳаммад Расулуллоҳ алайҳиссаломдирлар. Мазкур ояти каримада жуда кўплаб гўзал маънолар мужассам. Шулардан: Аллоҳ таолонинг (إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّون عَلَى النَّبِيِّ) каломи Расулуллоҳга айтилган мақтов араб тилидаги таъкид юкламаси бўлмиш “إِنَّ” билан келган. Шунингдек, гапнинг аввалида исм-отнинг келиши иш ҳаракатининг давомийлигини билдирса, жумланинг охирида феъл билан тугалланганлиги, ушбу дуруд Аллоҳ таоло томонидан эканлигига ишорадир. Аллоҳ таоло томонидан бўладиган доимий мақтов вақти-вақти билан янгиланиб туради. Аллоҳ таоло ва фаришталар томонидан унинг ҳаққига салавот айтилган кишига бизнинг салавотимиз не ҳожат? Айтишимиз мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига салавот айтиш, у зотнинг биз айтадиган салавотларга эҳтиёжлари борлиги учун эмас. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло у зотнинг ҳақларига салавот айтиб турган бир пайтда, у зот малоикалар айтган салавотга ҳам эҳтиёжлари бўлмас эди. Салавот айтиш кишининг у зотга билдирган таъзими натижаси бўлиб, ушбу таъзимга яраша Аллоҳ таоло савоб беради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ким менинг ҳаққимга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унинг ҳаққига ўн марта салавот айтади”, деганлар. У зотнинг ҳақларига Аллоҳ таолонинг солати ва саломи бўлсин! Имом Фахр ар-Розий айтади: Солат-дуо деган маънони билдиради. Араб тилида “солла алайҳи”, дейилса, бу “унинг ҳаққига дуо” қилди деган маънони билдиради. Бу маъно Аллоҳ таолонинг ҳаққида номаъқул, чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ҳаққига дуо қилмайди. Дуо бошқа бир кишининг ҳаққига учинчи бир кишидан манфаат етишини сўраш деганидир. Аллоҳ таоло томонидан бўлган солат раҳмат маъносида бўлса, малоикалар томонидан айтилган солат эса, истиғфор маъносида бўлади. Бу икки маъно раҳм қилинадиган ва истиғфор сўраладиган кишининг ҳолатига эътибор қаратишда бир хил ишлатилади. Юқоридаги сўздан кўзланган мақсад ҳам шу маънодадир[2]. Аллоҳ таоло бизни набий Муҳаммад алайҳиссаломга салавот айтишга буюрди. Биз у зот ҳақларига “соллайна алайҳи – у зотнинг ҳаққига дуо қиламиз” ёки “усоллий алайҳи – мен у зотнинг ҳақига дуо қиламан”-...
Аллоҳга шукрки, юртимизда янги масжидлар қуриш, мавжудларини замонавий кўринишда қайта барпо қилиш ишлари давом этмоқда. Республикамизнинг бир неча ҳудудларида жоме масжидлар миллий андозаларга усулда бунёд этилмоқда. 11 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Оқ уй”, Тошкент вилоятидаги “Хўжа”, “Нодирхон қори” ва “Эрбўта қози” жоме масжидларининг қурилиши бошланишида қатнашдилар. Муфтий ҳазратлари дастлаб Тошкент шаҳри Миробод туманидаги “Оқ уй” жоме масжиди пойдеворига биринчи тамал тошини яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар ҳамда масжиднинг кўркам, барча талаб ва эҳтиёжларга мос бўлишига доир фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Айниқса, намозхонлар учун масжид кутубхонасини ташкил этиш ва ташриф буюрадиган нуфузли дунё уламолари, мартабали меҳмонлар билан ўзаро мулоқот ўтказиш учун муносиб шарт-шароитлар ҳозирлашни алоҳида таъкидладилар. Масжид бир вақтда икки мингдан ортиқ киши намоз ўқишига мўлжалланган. Масжид пойтахтимизга водий томондан кириб келиш манзили – Фарғона йўли кўчасида жойлашганини эътиборга олиб, йўловчилар учун алоҳида шарт-шароитлар ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, масжид ёнида лойиҳада назарда тутилганидек, мўъжаз меҳмонхона ва мажлислар зали ҳам қад кўтаради. Қурилиши бошланиши маросимида уламолар, маҳалла фаоллари ва нуроний отахонлар ҳам иштирок этдилар. Муфтий ҳазратдан кейин уламолар, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қуйдилар. Муфтий ҳазратлари Тошкент вилоятида барпо этилаётган янги масжидларда бораётган қурилиш жараёнлари билан танишиб, муҳим тавсияларини бердилар. Улардан бири Қуйи Чирчиқ туманидаги “Хўжа” жоме масжиди. Ўтган йили ушбу жомени қайта қуриш ишлари бошланган эди. Маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракати ила масжид пойдевори янгидан тикланиб, 11 февраль куни муфтий ҳазратлари хайрли дуолар ила масжид биносининг биринчи ғиштини қўйиб бердилар. Янги масжид 500 кишини ўз бағрига сиғдирадиган хонақоҳ, таҳоратхона, хизмат хоналаридан иборат бўлади. Муфтий ҳазратларининг навбатдаги ташрифлари Оққўрғон туманидаги “Нодирхон қори” жоме масжиди бўлди. Сиғими мингдан ортиқ кишига мўлжалланаётган мазкур жомега 2017 йил 9 ноябрь куни биринчи ғишт қўйилган эди. Ҳозирга келиб масжид биноси қад кўтариб, том қисми ёпилди. Оққўрғон туманидаги яна бир қурилиши давом этаётган “Эрбўта қози” жоме масжидида ҳам муфтий ҳазратлари бўлиб, қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар. Бу жойда барпо этилиши лозим бўлган шарт-шароитлар юзасидан тавсиялар бердилар. Масжид намозхонасининг сиғими 500 кишилик бўлиб, шу йилнинг охирига тугаши кўзда тутилган. Муфтий ҳазратлари янги бунёд этилаётган жоме масжидларга ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликлар ва жоме масжидларни ўзига хос услуб ва меъморчилик асосида бунёд этишга алоҳида эътибор қаратдилар. Масжидларга жам бўлган нуроний отахонлар муҳтарам Президентимизнинг диний-маърифий соҳадаги улкан ислоҳотлари сабабидан халқимизга туҳфа этилаёган ана шундай муҳташам жоме масжидлар учун миннатдорлик сўзларини изҳор этиб, она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаравонлигини тилаб муфтий ҳазратлари бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар. Бундай эзгу ишларга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда, саховатпеша инсонлар ўзларининг ҳимматларини кўрсатишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Ҳақ таоло ушбу жоме масжидларнинг қад ростлаётган биносини файзу баракотли айласин. 260
Бир куни Ҳамадондан бир хотин йиғлаб Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг ҳузурига келди ва: – Ўғлимни Румликлар асир этди, – деди. – Сабр этинг, – деди Ҳамадоний ҳазратлари. – Сабр этишга ҳолим қолмади, – деди хотин. Шунда Ҳамадоний ҳазратлари: – Ё Рабби, бу хотиннинг ўғлини асирликдан қутқар, қайғусини қувончга айлантир, – дея дуо этди. Хотин уйига қайтиб, ўғлини кўрди. Ҳайрат ичида қолган хотин ўғлидан: – Айт, ўғлим, бу ерга қандай келдинг? – деб сўради. – Бироз аввал Истанбулда эдим. Оёқларим боғланган эди, тепамда соқчилар турган эди. Бирдан бир одам келди. Мени олиб, бу ерга олиб келди, – деди ўғли. *** Юсуф Ҳамадоний ҳазратларига: – Ислом олимлари ва кучли раҳбарлари озайиб, йўқ бўлишганда нима қилиш керак? – деб сўрашди. – Ўша олимларнинг ёзганларидан ҳар кун бир миқдор ўқиб боринг, – дея жавоб берди Ҳамадоний ҳазратлари. *** Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари ҳақида хунук нарсалар айтиб, уни ёмонлаб юрадиган бир кимса бор эди. Бу ҳақда Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари эшитди, жуда хафа бўлди. Ва “яқинда жазосини кўради”, деди. Бир неча кун сўнгра ўша кимса безорилар тарафидан ўлдирилди. *** Бир марта Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари ваъз айтаётган эди, икки кимса келиб: – Жим бўл! Янглиш нарсаларни айтаяпсан! – дейишди. – Сизлар жим бўлинглар! Сизларни тирик одам дейиш мумкин эмас! – деди Ҳамадоний ҳазратлари. *** Ҳамадоний ҳазратлари бир кун уйидан кўчага чиққиси келди. Ҳолбуки,жума кунидан бошқа кунлари кўчага чиқмас эди. Кўчага чиқиш истаги шу қадар кучайдики, у эшагига миниб, жиловини қўйиб юборди. Эшак шаҳардан чиқиб, водий тарафдаги бир масжидга олиб борди. Шайх у ерда бир ёш йигитнинг бошини эгиб, робита қилаётганини кўрди. Уни кутиб турди. Ниҳоят, йигит бошини кўтарди. У Ҳамадоний ҳазратларининг талабаларидан бири эди. – Эй Устозим, бошимга мушкул бир иш тушди. Яхшиям, сиз келдингиз, нима қилишимни билолмаётган эдим, – деди. Ёш йигит мушкулини айтди, устози унга бу мушкулдан қутулиш йўлини кўрсатди. Сўнгра унга: – Эй йигитча, бошингга яна мушкул иш тушса, менга айт, мени бу ергача чақириб, чарчатма, – деди. Муҳиддин ҳазратлари бу воқеани айтиб бўлгандан сўнг: – Содиқ бир талаба тўғрилиги ва ихлоси билан ўз устозини ёнига чақиришга ҳам қодир бўла олади, – деди. *** Ибни Ҳажарий Маккий ҳазратларининг “Фатавоий Ҳодисия” номли асарида шундай дейилади: “Абу Саид Абдуллоҳ, Ибн Соққа ва Ғавсул Аъзам – Саййид Абдулқодир Жейлоний илм ўрганиш учун Бағдодга келишди. Абулқодир Жейлоний ҳазратлари у пайт жуда ёш эди. Хожа Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг Низомия мадрасасида ваъз айтишини эшитган эди. Ёшлар уни зиёрат этишга қарор беришди. Ибн Соққа: “Мен унга бир савол бераманки, у жавоб бера олмаяжак!” – деди. Саид Абдуллоҳ ҳам: “Мен ҳам унга бир савол бераман, қани жавоб берармикин?” деди. Буюк адаб тимсоли бўлган Абдулқодир Жейлоний эса: “Аллоҳ сақласин, мен унга қандай савол бераман? Мен фақат ҳузурида ўтириб, уни кўриш шарафига муяссар бўламан, ундан баракатланаман”, – деди. Кейин улар Юсуф Ҳамадоний турган жойга бордилар. У йўқ эди, бир соат сўнгра келди. Ибн Соққага қараб: – Ҳайф сенга, эй Ибн Соққа! Демак менга жавобини айта олмайдиганим бир савол бермоқчисан, шундайми? Саволинг шу, жавоби эса бу. Сезаяпман, сендан куфр ҳиди келаяпти,– Ҳамадоний ҳазратлари. Кейин Абу Саид Абдуллоҳга ўгирилиб: – Сен ҳам бир савол бериб, унинг жавобини берадими,...