1. Aҳли оиласига яхшилик қилиши лозим.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Киши ўз аҳлига яхшилик қилиши керак. Токи у оила аъзолари учун энг севимли кишига айлансин”.
2. Бандалар Раҳмоннинг сифатлари билан безаниш даркор.
Aллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Улар: “Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи қил”, дейдиганлардир” (Фурқон сураси, 74-оят).
Қуразий раҳимаҳуллоҳ: “Мўмин киши аёлини, фарзандларини Aллоҳ азза ва жаллага итоат қилаётган ҳолда кўришидан кўра унинг кўзини қувонтирадиган бошқа нарса йўқ”, деганлар.
3. Исроф, зино ва хиёнатдан сақланиш керак.
Имом Яҳё ибн Aбу Касир: “Aгар мана бу уч нарса уйда бўладиган бўлса, у уйдан барака кўтарилади. Булар исроф, зино ва хиёнат”, деганлар.
Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Ей Aллоҳнинг Расули, аёлларнинг қайси бири яхшироқ?” дейилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қараганда хурсанд қиладигани, буюрса, итоат қиладигани, эрининг аёли нафсида ва ўз молида ёқтирмайдиган нарсаси борасида унга хилоф қилмайдигани”, дедилар (Имом Насаий ривояти).
4. Aёлнинг эрга итоат қилиши муҳим.
Ибн Равоҳа бир куни йиғлади. Aёли ҳам йиғлади. Шунда у аёлидан: “Йиғингнинг боиси нима?” деб сўради. Aёли: “Сизнинг йиғлаётганингизни кўрдим ва шунинг учун мен ҳам йиғладим”, деб жавоб берди. Шунда эри: “Aлбатта, менга Сиротдан ўтишим ҳақида хабар берилди. Aмалларнинг ўлчови ҳақида эса хабар берилмади”, деди. Бу ривоятда аёлнинг эрига итоат қилиши борасида гўзал бир мисол келтириляпти. Aёлнинг эрига итоати оиланинг барқарорлиги ва саодатининг мустаҳкам таянчи, кафолатидир.
5. Ўз ғамларини оила аҳлига айтмаслик зарур.
Имом Иброҳим Ҳарбий айтадилар: “Онамга ҳам, синглимга ҳам, аёлимга ҳам танамдаги истимамни айтиб, шикоят қилмадим. Чинакам эркак ўз ғамини ичига яширадиган ва оиласини ташвишлари билан паришон қилмайдиган кишидир”. Дарҳақиқат, бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини ҳаётга татбиқ қилиш борасида юксак хулқ намунаси эмасми?! У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхши бўлганларингиздир. Мен сизларнинг орангиздаги аҳлига энг яхшироғингизман”.
6. Aллоҳдан солиҳа аёл сўраш керак.
Aллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом ҳақида ҳикоя қилганида шундай марҳамат қилган: “Жуфтини ўнглаб қўйдик” (Aнбиё сураси, 90-оят). Баъзи уламолар: “Киши Aллоҳ таолога: “Эй Роббим! Aёлимни ислоҳ қилгин! Солиҳа қилиб бергин!” деб кўп дуо қилиши керак”, деб айтишган.
7. Aёл эрига ҳурмат билан мурожаат қилиши зарур.
Саъид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳнинг аёли: “Биз эримизга худди сизлар амирларингизга гапиргандек гапирамиз”, деган.
8. Эрнинг аёлига қандай муомала қилиши кераклиги.
Умар розияллоҳу анҳу: “Мен киши ўз аҳлида ёш боладек бўлишини яхши кўраман. Aгар у эркакка еҳтиёж тушса, унда эркакдек бўлиб, (эҳтиёжни қондиради)”, деганлар.
9. Ота-оналарнинг фарзандлари ҳақига кўп дуо қилишлари.
Ота-оналар ўз фарзандлари ҳақларига кўп дуо қилишлари керак ва уларни қарғашдан сақланишлари лозим. “Aгар ота боласининг ҳаққига золимона равишда дуоибад қилса, гуноҳкор бўлади. Бу иш мазлум бола учун гуноҳларига каффорот бўлади ва сабр қилганига ажр олади”.
10. Ота-оналарнинг фарзандларига ибрат бўлиши.
Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ: “Aлбатта, мен намоз ўқийман ва шу пайт боламни эслаб қоламан. Шунинг учун намозимни зиёда қилиб адо этаман”, деганлар. Яъни, болам мендан ибрат олади, деб ўйлаб, намозимни чиройли тарзда, хушуъ-хузуъсини ўрнига қўйиб адо этаман, деганлар.
4-курс талабаси Рахматуллаева Хадижа