Ислом дини ҳаётда аёл шаънини улуғлайди. Аёл деганда кўз олдимизда оналаримиз, турмуш ўртоғларимиз, опа-сингилларимиз ва қизларимиз кўз ўнгимизга келади. Қуръони каримда аёллар ҳақида алоҳида “Нисо”(Аёллар) сураси келган. Азиз ва мукаррам бўлган инсон зоти ер юзида ўзидан кўпайиб ва ўзига берилган вазифани адо этиши учун Хақ таоло Ўзининг инсонга ўз жинсидан ҳаёт йўлдоши, қалби сурури ва муҳаббати тимсоли қилиб жуфтини яратди.
Жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг кўп қисми улар зиммасидадир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни онахон-момохонларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Ҳикматларда: “Ҳар бир буюк шахснинг ортида аёл бор” дейилган.
Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: “Жаннат – оналар оёғи остидадир”, – деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада ота-онага яхшилик қилишни буюрар экан, айниқса онанинг ҳомиладор бўлиш даврини машаққат билан ўтказиши ва уни дунёга келтириб, эмизиб, катта қилишдаги қийинчиликларга бардош бериши ҳақида хабар бериб бундай дейди: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”.
Онанинг ҳурмати ва даражаси нақадар улуғ ва катталиги ҳақида жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан бир қатор ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан, Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинади, бир киши ҳазрат Расул Акрам (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Менинг чиройли муомала қилишим учун инсонларнинг қайси бири ҳақлироқ?”, – деб сўраганида, у зоти шариф: “Онанг”, – дедилар. “Ундан кейин ким?”, – деди. “Онанг”, – дедилар. “Кейин ким?”, – деди. Яна: “Онанг”, – дедилар. “Кейин ким?”, – деди. “Отанг”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Бошқа бир ҳадисда она ким бўлишидан қатъий назар унга силаи раҳм қилиш, меҳрибончилик кўрсатиш ва ҳурмат қилиш вожиблиги айтилган. Асмо бинти Абу Бакр (рз.)дан ривоят қилинади, ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида менинг ҳузуримга мушрика онам келди. Мен ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Онам мендан бир нарса умидида уйимга келибди. Унга силаи раҳм юзасидан эҳсон қилсам бўладими?”, – деб сўрадим. У зоти бобаракот: “Ҳа, онангга силаи раҳм қилавер”, – дедилар.
Динимиз таълимоти эркакларга ўз аёллари билан хушмуомала бўлиб ҳаёт кечиришни буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло амр этиб бундай дейди: “…Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”. Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.
Наманган шаҳар
“Исмоил Махдум”
жомеъ масжиди имом-хатиби: М.Ибрагимов