islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Ижодкорлар диққатига: қалам ҳақи ошди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ китоб муаллифларига бериладиган қалам ҳақи 85 фоизга кўпайди.

Шу пайтга қадар муаллифлик ҳақи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 8 январдаги “Муаллифлик ҳақи ва бошқа ҳақ тўлаш турлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан тўлаб келинар эди. Президентимизнинг жорий йил январь ойидан кучга кирган қарори асосида ижодкорлар меҳнати учун янги ставкалар белгиланди.

Бу ставкалар асосида айниқса, болаларга мўлжалланган асарлар учун қалам ҳақи 2,5 баробарга кўтарилди. Мисол учун, мактабгача ва кичик ёшдаги болалар учун насрий асарга буюртма берган нашриёт китобни 20 минг нусхада чиқарадиган бўлса, бир муаллиф тобоғи учун 2 миллион 66 минг 880 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ёзувчига қалам ҳақи белгилайди. 20 минг нусхадан кам бўлмаган шеърий китоб муаллифига ҳар бир сатр учун 8 минг 610 сўмдан кам бўлмаган миқдорда қалам ҳақи тўланади.

Илгари нашриётлар томонидан бадиий асарлар учун 5 коэффициент кўрсаткичида муаллифларга қалам ҳақи ҳисобланган бўлса, эндиликда коэффициент кўрсаткичи саккизга оширилди. Бу бадиий асарларга қалам ҳақи бериш миқдори ҳам қарийб 2 баробарга кўпайди, дегани.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Интеллектуал мулк агентлиги, етакчи нашриётлар бош муҳаррирлари, иқтисодчилар, нашриёт ишлари ҳисоб-китобини юритувчи мутахассислар, шоирлар, ёзувчилар ва ОАВ вакиллари иштирокида ўтган “Ижодкорлар меҳнати қадр топмоқда” мавзусидаги семинарда шулар маълум қилинди.

– Тизимимиздаги нашриётларда “Назм бўстони”, “Насримиз жавоҳирлари”, “Жаҳон адабиётининг сара асарлари”, “Дунё халқлари эртаклари”, “Адабиёт хрестоматияси”, “Болалар антологияси” каби мавзуларда ранг-баранг китоблар чоп этилмоқда, – дейди Матбуот ва ахборот агентлигининг иқтисодий таҳлил, прогнозлаштириш ва молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Жамшид Миркомилов. – Агентлик томонидан эълон қилинган “Тараққиёт стратегияси ва замонамиз қаҳрамони”, “Ислом цивилизациясининг буюк алломалари”, “Ҳарбий-ватанпарварлик” мавзуларидаги бадиий асарларга ижтимоий буюртмалар лойиҳаси асосида ёзилаётган китоблар учун муаллифларга қалам ҳақининг маълум қисми олдиндан тўлаб берилмоқда.

24070cookie-checkИжодкорлар диққатига: қалам ҳақи ошди
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!