islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тарихий таҳлил: қози (судья) лавозими

Жамият ривожланишининг турли босқичларида унинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий тараққиёти тарихини ўрганишга бўлган интилиш ва қизиқишлар ортиб борган.

Бугунги кунда тарих, ҳуқуқшунослик соҳаларида амалга оширилган тадқиқотлар тарихимизни ўрганишда кенг кўламли қўшимча изланишлар олиб борилиши кераклигини кўрсатмоқда. Жумладан, шарқ тилларидаги маҳаллий ёзма манбалар асосида ислом ҳуқуқшунослигининг мазмун ва моҳияти, унинг шаклланиши босқичлари, шунингдек, шариат қонунларини амалга оширишда бевосита алоқадор бўлган қозилик институти тарихини ёритиш долзарб масалалардан бири саналади.

Маълумки, қози лавозими ислом ҳуқуқшунослигидаги ўзига хос мансаблардан бири саналган. Қози сўзи араб тилидаги “қазо”дан олинган бўлиб, луғавий маъноси “кесиш”, “ажратиш” ва “ҳукм қилиш” маъноларини англатади. Ҳанафий уламоларининг таърифига кўра ўзига хос йўл билан хусуматларни ажратиш ва низоларни кесиш “қазо” деб юритилган. Замонавий тадқиқотларда “қозилик” деганда маҳкама, яъни “суд” муассасаси тушунилади[1].

Ислом тарихига доир манбаларга асосан тўрт халифа давридан бошлаб шариат асосида иш юритишни жорий этишга эҳтиёж пайдо бўлган[2]. Дастлаб қозилик вазифасини волийлар[3] амалга оширган. Кейинчалик, халифа Умар ибн Хаттоб ҳукмронлигидан бошлаб, ислом қонунчилиги асосида ажрим чиқариш волий вазифаси бўлмаган, балки у масъулиятли ва маърифатли бошқа бир кишига алоҳида лавозим сифатида юклатилган. Тарихдан маълумки, илк бор Мадина шаҳрида қози этиб Абу Дардо тайинланган эди[4].

Қози лавозимига тайинлаш учун жамият ичидан “уламолар табақаси”га мансуб бўлган киши танлаб олинган. Улар ислом манбалари Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифларни мукаммал билганлар ва амалий татбиқ этаолганлар. Шунингдек, мазкур табақа вакиллари ислом дини доирасида ақида илмининг етук  мутахассислари бўлиши билан бир вақтда, фиқхшунос олим ва шариат қонунларини татбиқ қилувчи шахслар саналган[5].

Одатда қозилар ўз фаолиятини олиб бориш учун қулай деб билган жойларни ихтиёрий равишда танлаб олган. Аксарият ҳолларда улар масжид, мадраса ёки ўз уйларида иш олиб борган. Кейинчалик қозилик вазифасининг кенгайиб бориши ва лавозим мавқеини юксалиши натижасида давлат томонидан алоҳида бинолар қурилиб, махсус қозихоналар ва маҳкамалар ташкил этилган.

Аббосийлар халифаси бўлган Ҳорун ар-Рашид халифалиги даврида суд ишларини олиб бориш учун “қози ал-қузот” лавозими жорий этилиб, уни халифанинг ўзи тайинлаган. Унинг фаолияти бошқа қозилардан деярли фарқ қилмаган[6]. Фотимийлар халифалиги маркази Қоҳирада биттагина қози фаолият олиб борган. Қозининг вазифаларига намоз масалалари, тангаларни зарб этиш ишларини назорат қилиш ҳам юклатилган. 1264-1265 йиллардан бошлаб, қозилар тўртта мазҳабларга бўлиниб фаолият олиб борган.

Юқорида қайд этилган “қози ал-қузот” мансаби форслардан олинган бўлиб[7], кейинчалик Усмонийлар салтанати ҳам бу мансабни жорий этган. Усмонийлар давлатида қозилар асосан турклардан тайинланиб, улардан ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган қози ҳаммадан устун бўлган. “Қози ал-қузот” Шом вилояти маркази Дамашқда фаолият юритиб, қозилар кенгаши(ҳайъат)нинг раиси бўлган. Унинг маҳкамаси “Маҳкаматул-боб” деб номланган. Бу туркларнинг “боб ал-афанди” деган иборасидан олинган ва “афанди” сўзи лақаб бўлиб, уни қозига нисбатан ишлатишган. Шунингдек, қозини “қози дамашқ”, “мулло”  ва  “мунло” ушбу лақаблар билан ҳам чақиришган. Охирги икки “мулло” ва “мунло” лафзлари арабча “мавло” лафзидан олинган бўлиб, “саййид” маъносида ишлатилган[8]. Қози ва волийлар давлат бошқарувида бир хил мавқега эга бўлган. Уларнинг бири лавозимидан олинса иккинчиси унинг ишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлган.

Қози мақеининг ошиши ва қозилик ишларининг кенгайиб кетиши натижасида қозихоналарда ҳужжатларнинг тўғрилигини текшириб, уларга имзо қўйиб, муҳр босувчи доимий гувоҳлар ҳам ишга олинган. Шунингдек, қози ишларини мунтазам равишда тартибга солиб, қози ва аҳоли ўртасидаги боғловчи вазифасини бажарган ҳамда қози олиб борган мажлисларни доимий равишда қайд этган, зарур пайтда қози мурожаат этувчиларга чиқарган ҳукмларини ёзиб борувчи ёрдамчи лавозимлар ҳам жорий этилган. Бундан ташқари, қози ҳукмларининг амалга оширилишини назорат қилган миршаблар ҳамда шариат ҳукмларини поймол қилган шахсларга жазо берувчи кишилар ҳам тайинланган.

Ҳанафий мазҳабида қози лавозими ва унинг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Ҳижрий йил II асрда яшаган ҳанафий мазҳабининг асосий имомларидан бири бўлган имом Абу Юсуф ҳанафий мазҳабидаги биринчи қози бўлган. Ўз фаолияти давомида орттирган тажрибалари ва илмига асосланиб, қозилик одоби ва вазифаларига бағишланган илк китоб “Адабул-Қози” асарини ёзган. Кейинчалик, қозиликка тааллуқли рисолаларнинг сони ортиб борган. Шулардан бири, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб Тамартошийнинг “Ал-Аҳком фима ятааллақу бил қузоти вал ҳукком” (қози ва ҳокимларга тааллуқли ҳукмлар) китобидир. Унда ҳанафий мазҳаби қозисига қўйилган шартлар зикр қилиб ўтилган. Жумладан, Тамартошийнинг фикрига кўра қози лавозимига даъвогар шахс; ақл-заковатли; балоғат ёшига етган; мусулмон; озод (ҳур); кўзи ожиз бўлмаган; гапира оладиган; жисмоний соғлом ҳамда туҳмат билан ҳад урилмаган (яъни судланмаган) бўлиши керак эди.

Қозиларнинг мажбуриятларига қуйидагилар кирган: фаолият юритаётган шаҳри ёки вилоятидаги барча фуқаролик ва жиноий ишларни олиб бориш ва бошқариш; жамоа ахлоқини назорат қилиш; зарурий ҳолларда кишиларга ва мулкларга васийлар (мерос ҳуқуқи)ни тайинлаш; вақф мулкларини назорат қилиш, жамоат бино ва иншоотларини, кўча, йўл ва майдонларнинг ҳолатини назорат қилиш; меросни тақсимлаш ва назорат қилиш ҳамда унга васийларнинг риоя қилишини назорат қилиш; оила-никоҳ ақдномалари ва масала, муаммоларининг тўғри олиб борилишини ҳамда жиноят ва жазо белгилашни бошқариш, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларни ва қамоқхона тафтишини назорат қилиш; закотни, солиқни йиғиш ва тақсимлаш ишларини назорат қилиш ва ҳоказолар.

Давлатчилик тизимининг таккомиллашиб бориши ва жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг ўзгариши таъсирида қозилик лавозими кўлами ҳам кенгайиб борган. Масалан, Салоҳиддин Юсуф ибн Айюб бошқарувида  аскарлар қозиси тайинланган. Бу қози бошқа зикр этиб ўтилган қозилар каби “дорул-адл”га келиб ҳарбий масаларларга тааллуқли муаммоларни ҳал қилган ва султонга ҳарбий юришларда ҳамроҳлик килган ва ҳукмдор томонидан унга ҳарбий ўлжа (ғанимат)ни баҳолаш, унинг тўғри тақсимланишини назоратга олиш мажбурияти ва ваколати берилган. Қозининг мазкур имкониятлари бошқаларга нисбатан чекланган бўлган. Бундай турдаги  қозилар фақатгина учта мазҳабда бўлиб, тўртинчи – ҳанбалий мазҳабида у жорий этилмаган. Усмонийлар давлатида аскарлар қозиси қозилар ҳайъатини бошқарган ва уларнинг фаолияти фақат аскарлар билан чекланмаган балки, аҳолининг кундалик можароларини ҳал этишда ҳам иштироқ этган.

Ўша даврда қозилар фаолият олиб борадиган маҳкамалар “арабий бўлим маҳкама”си ёки “шаҳар бўлими маҳкама”си деб ҳам юритилган. Уларнинг ўзларига хос сижиллари (қозилар ҳукми ёзилган ҳужжатлар) бўлган[9].

Қози жамоанинг хизматида бўлган ва унинг маоши давлат хазинаси ҳисобидан тайинланган. Қози мурожаат қилган томонларга тамагирлик қилмаслиги ва улардан на пул, на ҳадя ва на хизматлар қабул қилмаслиги учун унга етарли миқдорда катта маош тайинланган. Шу билан бирга, қозиларга халифалар томонидан ҳам нафақа белгилаган.

Ҳозирда айрим Шарқ давлатларида қозилик лавозими фаолияти давом этиб келмоқда.

Улар асосан шариат қонунлари асосида жиноий ва фуқаролик ишларини кўриб чикишда иштироқ этади. Умуман олганда, қозилик институтининг жорий этилиши мусулмон мамлакатларида жамиятнинг ҳуқуқий онгини ривожлантириш ва давлатчилик тамойилининг муҳим шартларидан бири бўлган қонун устуворлигини таъминлаш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиб келган.

ЎМИ Фатво бўлими ходими,

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси

Насриддин Мирзаев

[1] Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар. – Тошкент. 2011, Б-140.

[2] Ислом динини таркалган илк даврларда аҳоли ичида келиб чиқадиган можароларни бевосита Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳал қилган. Кейинчалик бошқа шаҳарларга қози вазифасини амалга ошириш учун бир неча саҳобаларни, хусусан Али ибн Абу Толиб (р.а) ва Муъоз ибн Жабал (р.а)ларни жўнатганлар.

[3]Волий – шаҳар волийси деб ҳам юритилади. Бу мансаб эгаси шаҳар аҳлини назорат қилиб, уларнинг ишларини бошқарган ҳамда уларга буюриб қайтариб турувчи шахс ҳисобланган. / Вазоратул Авқоф Ва Шуъунул Исломия, ал-Мавсуа ал-Фиқҳийя. 45-жилд . – 2004. Б-135.

[4] Қаранг: Шарафуддин Мусо ибн Юсуф ал-Ансорий, Нузҳатул Хотир ва Баҳжатул Нозир. – Дамашқ., 1991, Б-45.

[5] Қаранг: София Саода, Мин тарих Бағдод ал-ижтимоий фи фатротайн ал-Бувайҳия ва ал-Салжуқия. – Байрут, 1988. 6-б.

[6] Қаранг: Шарафуддин Мусо ибн Юсуф ал-Ансорий, Нузҳатул Хотир ва Баҳжатул Нозир. – Дамашқ., 1991. Б-46.

[7] Ўша жойда. 96-б.

[8] Ўша жойда. 49-б.

[9] Қаранг: Шарафуддин Мусо ибн Юсуф ал-Ансорий, Нузҳатул Хотир ва Баҳжатул Нозир. – Дамашқ., 1991, Б-48.

24040cookie-checkТарихий таҳлил: қози (судья) лавозими

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: