islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Институт хаттотлари уюшма аъзолик бадали тўловининг 50 % миқдоридаги имтиёзга эга бўлдилар

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида 1-3 февраль кунлари илк бор “Ҳикматлар олами” республика хаттотлик фестивали ташкил этилган эди. Фестивалга қатнашиш учун юз нафардан ортиқ хаттотлар ўзларининг асарлари билан иштирок этдилар.

Бу фестивални ташкил этилишининг бир қанча сабаблари бор.   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига тақдим этган Мурожаатномасида шундай дедилар:

 “Маълумки, қадимий маданият ва цивилизациялар чорраҳаси бўлган юртимиз заминидан ўрта асрларда минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиққан. Уларнинг аниқ фанлар ва диний илмлар соҳасида қолдирган бебаҳо мероси, бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонимизнинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланмоқда. Афсуски, бу нодир китоблар ҳали тўлиқ ўрганилмаган, улар олимлар ва ўз ўқувчиларини кутиб турибди. Ушбу ноёб асарларда бугунги давр ўртага қўяётган жуда кўп долзарб муаммоларга жавоб топиш мумкин. Хусусан, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, барча одамларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган теран маъноли фикр ва ғоялар бугун ҳам ўз қиммати ва аҳамиятини йўқотган эмас. Лекин биз ана шундай ноёб мерос ворислари, шундай бойлик эгалари бўлатуриб, уларни ҳар томонлама ўқиш-ўрганиш, халқимиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёшларимизга, жаҳон ҳамжамиятига етказиш бўйича, етарли иш қилмаганимизни ҳам очиқ тан олиш керак”.

Хаттотлик фестивали ушбу мурожаатга жавоб ўлароқ биринчи қадам десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Чунки, китоб фондларидаги қўлёзма асарларни хаттотларимиз қийналмасдан ўқий оладилар. Фестивал ўтказишдан яна бир мақсад юртимиздаги хаттотларнинг ададини, фаолият турини аниқлаш ҳамда улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишдир.

 

Мазкур фестивалда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Хаттотлик тўгараги раҳбари Ё.Бухарбаев бошчилигида талабалардан Нажмиддин Фаёзий, Алмарданов Дилмурод, Нарзуллаева Мухлиса ҳамда Кадрлар бўлими инспектори Пирматова Барнолар иштирок этдилар ва диплом, эсдалик совғалар ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасига йиллик аъзолик бадали тўловининг 50 % миқдорида имтиёз берилган сертификат билан тақдирландилар.

Тошкент ислом институтида 2013 йилдан буён хаттотлик тўгараги фаолият олиб боради. Ҳар йили институтда Наврўз байрами арафасида Хаттотлик тўгараги аъзолари яратган асарлар кўргазмаси ҳам ташкил этилади.

Хатотлик фестивали юртимиз хаттотларининг фаолиятига янгича руҳ бағишлади, янги ғоя ва таъсуротлар ўйғотди. Ҳар бир хаттот кейинги йил янада ёрқинроқ ишларни амалга оширишни режалаштирганига гувоҳ бўлдик.

Институт хаттотлик тўгараги раҳбари

Ёқуб Бухарбаев

25220cookie-checkИнститут хаттотлари уюшма аъзолик бадали тўловининг 50 % миқдоридаги имтиёзга эга бўлдилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: