islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Арабларга араб тилини ўргатган аллома

Арабларга араб тилини ўргатган аллома
Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, аммо тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан.
Имом аз-Замахшарий

Хоразм ўлкасига ислом дини кириб келишидан аввал форс тилида сўзлашилган, кейинчалик ислом дини ва маданияти кириб келиши муносабати билан у ердан юзлаб мухаддис, фақиҳ, нахвшуношлар, луғатшунослар, шоирлар ва муфассир олимлар етишиб чиқди. Шу буюк олимлардан бири, ислом дини йўлида қалам тебратган, илм тахсил олиш  йулида катта заҳмат чеккан, кўҳна Хоразм заминида туғилиб жаҳон маданияти ва ривожига муносиб ҳисса қўшган, наҳв, тафсир, илмул баён ва ундан бошқа кўплаб фанларнинг имоми абул -Қосим аз-Замахшарийдир.
Исмлари Абу Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар бўлиб, кунялари Абул-Қосим Жаруллоҳ аз-Замахшарийдир.У киши ҳижрий 467 йил ражаб ойининг 27 куни (1075 йил 19 март) Хоразмнинг катта қасабаларидан бири — Замахшар қишлоғида таваллуд топдилар. Оталари унчалик бадавлат бўлмаса-да, саводли, тақводор, диёнатли киши бўлганлар ва аксар вақтини Қуръон тиловати ва намоз ўқиш билан ўтказиб, Замахшардаги бир масжидда имомлик ҳам қилганлар. Замахшарийнинг оналари ҳам тақводор, диндор аёллардан ҳисобланган. Замахшарийлар оиласи муътазилий таълимотига мансуб бўлиб, ёш Маҳмудни дунёқарашлари мана шу диндор, тақводор оталари таъсирида шаклланди ва дастлабки билимни ҳам ўз оталаридан олдилар. Имом Замахшарий илмга қаттиқ қизиққанлари боис оталаридан Бухородаги мадрасаларда таълим олишга рухсат сўрайдилар. Ўғлидаги илмга бўлган қизиқишни кўриб оталари ҳам рухсат бердилар. Замахшарий илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, толиби илмлар орасида зўр истеъдодини намоён қила бошладилар. У киши мадрасада ўқитиладиган илмларни, айниқса, араб тили ва адабиётини, диний илмларни пухта эгаллашга киришадилар. Ўша даврда илм аҳли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллайдилар. Имом Замахшарийни ташқи қиёфалари борасида тарих китобларда шундай баён қилинади. “Имом аз-Замахшарий бир оёғи кесилгани боис бир таёқ боғлаб, устиларидан узун яктак кийиб юрарди, кўрган инсонлар уни оёғи қийшиқ экан деб ўйлашарди. У киши Боғдодда юрганликларида Ахмад ибн Али ибн Хамид Абул- Ҳасан Дамиғоний бир оёқларини кесилганлиги ҳақида сўрадилар, шунда у киши: “Болалигимда чумчуқни ўйнаб юриб, оёғини ип билан кесиб ташладим. Буни кўрган онам қаттиқ жаҳллари чиқиб: “Чумчуқни оёғини кесганинг каби Аллоҳ сенинг ҳам оёғингни кессин”, деб қарғаб юбордилар.Илм талабида Бухорога кетётганимда йўлда уловимдан йиқилиб оёғим синиб қолди оғриқ қаттиқ бўлгани учун кесиб ташашга мажбур бўлинди”- дедилар.
Имом Замахшарий болалик ёшидан то олтмиш олти ёшигача илм оладилар кўплаб илмларни Бухоро уламоларидан олдилар. Зеро ўша вақтда Бухоро айни илм маскани бўлиб уламолар адиблар мутафаккирлар жамланган диёр ҳисобланган. Имом Замахшарий нахв, луғат, мантиқ, хадис, тафсир, адабиёт ва бошқа фанлар бўйича аллома бўлиб етишдилар. Замахшарийнинг ўз даври илмларини тўлиқ эгаллашга, олимлик даражасига етишишида, шубҳасиз, устозларининг хизмати бениҳоя катта бўлган. Мана шундай устозлардан бири — тил, луғат ва адабиёт соҳасида машҳур олим Абу Мудар Маҳмуд ибн Жарийр ал-Даббий ал-Исфаҳонийдир (1113 йили Марвда вафот этган). Ал-Исфаҳоний Хоразмда ҳам бир қанча муддат яшаган.
Аз-Замахшарий Бағдодда шайх ул-ислом Абу Мансур Наср ал-Хорисий, Абу Саад аш-Шаққоний, Абул Хаттоб ибн Абул Батар каби машҳур олимлардан ҳадис илмидан таҳсил одилар. Маккада бўлганларида эса наҳв ва фиқҳ бўйича илмларни Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талхат ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ябирий ал-Андалусий, Шайх ас-Садийд ал-Хайятий, луғат илмини эса Абу Мансур Мавҳуб ибн ал-Хадар ал-Жаволиқий каби машҳур олимлардан ўрганди.
Замахшарий ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Ҳижозда, икки марта Маккада бўлдилар ва бу заминларда илмий ишларини давом эттирдилар, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганди. Шунингдек, ўзи бўлган минтақаларнинг жуғрофиясига оид хилма-хил маълумотларни тўпладилар. Адиб кўп асарларини Маккаи мукаррама шаҳрида ёздилар. Макка шаҳрида беш йилга яқин истиқомат қилдилар.Шу боисдан у зот Жоруллоҳ (Аллоҳнинг қўшниси) деган шарафли номга сазовор бўладилар. Араб тилшунослиги ва грамматикасига оид асарлари Замахшарий ижодида салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, араб тили грамматикасига оид «Ал-Муфассал» (1121 йил) номли асарини у Маккада яшаган пайтларида, бир ярим йил давомида ёзганлар. «Ал-Муфассал» араб тили наҳв сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади. Кўпчилик олимлар ўз илмий қиммати жиҳатидан аз-Замахшарийнинг бу асари таниқли араб тилшуноси Сибавайҳнинг (796 йили вафот этган) араб грамматикасига оид ёзган “Ал-китоб”идан кейин иккинчи ўринда туради, деб таъкидлаганлар. Ўша даврнинг ўзидаёқ араблар орасида ҳам бу асар катта эътибор қозонган ва араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида кенг тарқалган.
Замахшарийнинг ғоятда кенг танилган «Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ғовамизи ат-танзийл ва уюнул ақовийл фи вужуҳи ат-таъвийл» («Қуръон ҳақиқатлари ва уни шарҳлаш орқали сўзлар кўзларини очиш») асари Қуръон тафсирига бағишланган. Замахшарийни Ал-Кашшоф асари ҳақидаги ўзи ёзган байтлари китобни қанчалик муҳим эканлигини баён қилади.
إن التفاسير في الأرض بلا عدد وليس فيها لعمري مثل كشافي
إن كنت تبغي الهدى فالزم قراءته فالجهل كالداء والكشاف كالشافي
Оламда тафсирлар сон-саноқсиздир,
Умримга қасамки кашшофимга ўхшаши йўқдир.
Агар ҳидоят топишни истасанг, уни ўқиш лозимдир,
Билимсизлик касаллик кабидир кашшоф шифодир
Маълумки, Ўрта асрлардан бошлаб Қуръонни тафсир билан ўқиш одат тусини олган. Шу боисдан ҳам Қуръон нозил бўлган даврдан бошлабоқ унга бағишланган тафсирлар ёзишга катта эҳтиёж сезилган. Турмуш тақозоси билан шундай вазиятда ислом тарихида Қуръонга бағишланган кўпдан-кўп тафсирлар вужудга келган. Замахшарий ҳам тафсир ёзишдан аввал ўзидан олдин ёзиб кетилган Қуръон тафсирига бағишланган кўплаб асарларни қунт билан ўрганганлар. «Ал-Кашшоф» китоби Замахшарий Маккада турган пайтларида, уч йил давомида (1332— 1334) ёзилган. Замахшарийнинг чуқур билими, даҳоси ва фаннинг турли соҳаларига оид ўлмас асарлари ҳали у ҳаётлик пайтидаёқ у кишига катта шуҳрат келтирган. Алломани чуқур ҳурмат ва меҳр билан «Устоз ул-араб ва-л-ажам» («Араблар ва араб бўлмаганлар устози»), «Фахру Хуразм» («Хоразм фахри») каби шарафли номлар билан атаганлар.
Имом Замахшарий қариндош-уруғларининг қистовларига қарамасдан, ҳаётида бирор марта ҳам уйланмаганлар. Илмий асарлар ёзиш ва муносиб шогирдлар тайёрлашни фарзанд ўстиришдан аъло деб ҳисоблаган. Имом Замахшарий қайси шаҳарга борсалар кўплаб кишилар у кишига шогирд тушиб у кишидан илм олишга жидду-жаҳд қилган, улардан Абу Умар Омир ибн ал-Ҳасан ас-Самсар, Абул-Махосин Исмоил ибн Алий ат-Тубла, Алий ибн Ийдо ибн Хамза ибн Ваҳҳос ибн Абдул Муттолиб.
Замахшарий охирги марта Маккадан қайтиб, Хоразмда бир неча йил яшайдилар ва ҳижрий 538 йилда, арафа кечаси (1144 йил 14 апрель) вафот этадилар.
1333 йили Хоразмда саёҳатда бўлган машҳур араб сайёҳи ибн Баттута (1304-1377) «Ар-Риҳла» («Саёҳатнома») асарида Замахшарийнинг устида қуббаси бўлган мақбарасини кўрганини ёзади. Имом Замахшарий вафотларидан олдин қабртошлари устига қуйидаги байтларни ёзишликни васият қиладилар.
إلهي قد أصبحت في ضيفك في الثرى وللضيف حق عند كل كريم
فهب لي ذنوبي في قراي فإنها. عظام لا يقري بغير عظيم

Аллоҳ таоло Имом аз-Замахшарийни охиратларини обод этсин, қиёмат куни Фирдавс жаннати билан мукофатласин, бизга қолдирган олтин меросларини ўқиб манфаат олишимизни насб этсин.

Хасанов Ҳусниддин
Тошкент ислом институти
2-курс, 201-гуруҳ талабаси

257100cookie-checkАрабларга араб тилини ўргатган аллома

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: