Ўзбек тилимиз изоҳли луғатида касб сўзига қуйидагича изоҳ берилади. Касб – бирор нарсани ўрганиш, эгаллаш, фойда, ҳунар, машғулотни одат қилмоқ ёки умуман одат қилинган ишга айтилади. Касбдош деб бир ҳил касбли, бир касбда ишловчиларга айтилади. Муқаддас динимиз шариати истелоҳида эса, касб қилиш деб – шариат қайтармаган йўллар билан мол топиш учун ҳаракат қилишга нисбатан айтилади.
Имом Муҳаммаднинг мусулмонларни касб қилишга тарғиб қилувчи касб қилиш номли муборак китобида қуйидагича сўзлар билан бошланади.
طَلَبُ الْكَسْبِ فَرَيضَةٌ على كُلِّ مُسْلِمينَ كَما أنَّ طَلَب العِلْمِ فَرِيضَةٌ
Ҳар бир мусулмонга илм олиш фарз бўлганидек, касб талаб қилиш ҳам фарздур.
وَ قال النَّبي صلي الله عليه وسلم قال: طَلَبُ الْحَلَالِ كَمَقَارِعَةِ الْأَبْطَالِ وَ مَنْ بَاتَ نَاوِيًا مَنْ طَلَب الْحَلَالَ بَاتَ مَغْفُورًا لَهُ
Набий соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: Ҳалол ( ризқ)ни излаш паҳлавонлар кураши кабидур. Ким ҳалол (ризқ)ни талабини ният қилган ҳолда тунаса гуноҳлари кечирилган ҳолда тунаган бўлади, дедилар.
وَفي الحديث أن رسول الله صلي الله عليه وسلم صَافَحَ سَعِدَ ابْنَ مُعَاذٍ رَضي الله عنه يَوْمًا فَإِذَا يَدَاهُ أَكْنَبْتَا فَسَأَلَهَا النَّبِيُّ صلي الله عليه وسلم عَنْ ذَلِكَ فَقَالَ: أَضْرَبُ بِالْمَرِّ الْمَسَاحَاةِ فِى نَخِيْلِي لِأِنْفِقَ عَلَي عِيَالِي فَقَبَّلَ رسولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَدَهُ و قَالَ: كُنَّان يُحِبُّهُمَا الله تَعَالَ.
Шунингдек, яна бир ҳадиси шарифда: Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муоъз розияллоҳу анҳу билан қўл бериб кўришдилар. Унинг қўллари қадоқлашиб кетган эди. Набий алайҳиссалом ундан бунинг сабабини сўраганларида, оиламга нафақа едириш учун касбчилик қиламан деди. Шу пайт Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан ўпиб, муҳтожликдан сақловчи бу икки қўлни Аллоҳ яхши кўради, дедилар.
Касб қилиш пайғамбарларнинг тутган йўллари бўлиб, бизлар уларнинг йўлларидан боришга чақирилганмиз. Аллоҳ таоло : Бас , уларнинг йўлларига эргаш, деган. Энг биринчи касб қилган зот Одам алайҳиссалом бўлиб, ер юзига юборилгандан сўнг деҳқончилик касби билан машғул бўлганлар.
Шунингдек, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Идрис алайҳиссалом тикувчи, Иброҳим алайҳиссалом газмол сотувчи, Довуд алайҳиссалом темирчи, Сулаймон алайҳиссалом хурмо баргидан сават ясовчи, Закариё алайҳиссалом дурадгор, Исо алайҳиссалом бошоқ терувчи, онасини йигирган ипларини сотиш билан кун кўрган бўлсалар, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қўй боқардилар, савдогарлик қилардилар ва сел олиб кетган ерларни ислоҳ этиб деҳқончиликдан ҳосиллар етиштирар эдилар.
Тўрт рошид саҳобалар ҳам касбли бўлишган. Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу газмол сотувчи, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу темирчи, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу озиқ-овқат моллари билан шуғулланувчи тижоратчи ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳу эса ижарачи бўлишган. Аллоҳ улардан рози бўлсин.
Юқорида зикр қилинган далилларнинг барчаси касб қилишга тарғиб этувчи далилардир, касбни фарз этувчи эмас. Улардан касб қилиш, худди намоз ўқишдек ёки рўза тутишдек фарз экан-да деб тушунмаслик лозим. Чунки Пайғамбарлар, саҳобалар ва тобеъинларга эргашган зотлар барча вақтларини фақат касб қилиш билан ўтказмаганлар. Агар касб қилиш фарз намозларини ўқиш, рамазон ойида рўза тутиш каби фарздир дейилса, юқоридаги зотлар фарзни тарк қилишган бўлиб қолардилар. Бундай гапни айтишдан Аллоҳ паноҳ берсин. Шу боиз заруррият бўлмаганда касб қилиш амали фарз амаллардан ҳисобланмайди.
Тошкент ислом институти
403-гуруҳ талабаси Аманова Ситора