Ҳукумат қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Низомга мувофиқ, қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
- хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;
- ҳомийлик хайриялари;
- президент ёки ҳукумат қарорларига мувофиқ ажратиладиган давлат бюджети маблағлари;
- тақиқланмаган бошқа манбалар.
Маблағлар қуйидагилар учун сарфланади:
- илмий адабиётларни яратиш, чоп этиш, ноёб асарлар сотиб олиш орқали марказ китоб фондини кенгайтириш;
- илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, тадқиқот учун грант ажратиш;
- ижтимоий, илмий, маънавий ва маърифий тадбирлар ташкил қилиш;
- кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, конференция, семинарлар ўтказиш;
- мултимедиа ва тармоқ қурилмалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2017 йилдаги (ПП-3080) қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистон Ислом маданияти маркази ташкил қилинган эди. Кейинроқ шу йилнинг ўзида давлат раҳбари унинг номини Ислом цивилизацияси марказига ўзгартиришни таклиф этганди. 2021 йилнинг январида россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли USM Holdings Limited компанияси Ислом цивилизацияси маркази қурилиш ишларини 2021 йилнинг охирги чорагигача тугатишни режалаштираётгани маълум бўлган эди.