islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

18 декабрь – Халқаро араб тили куни: Араб тили – муқаддас тил

Араб тили ҳақида нималарни биласиз?

Жаҳон тилларидан бири ҳисобланган араб тили инсоният тамаддунида, илм-фан тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган. Бу тилда яратилган илмий асарлар кўплаб ихтироларга, кашфиётларга сабаб бўлганлигини эшитганмисиз?

Бу тил фақатгина араб диёрлари аҳолисининг мулоқот воситаси бўлибгина қолмай, бутун дунё мусулмонларининг ҳам умумий тилидир. Чунки, мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръон айнан шу тилда нозил қилинган. Кўплаб исломий ибодат ва маросимларни бажаришда шу муқаддас тилдан фойдаланилади. Араб тилининг мавқеи ислом динининг дунё миқёсида кенг тарқалиши туфайли кўтарилди, чунки у кўп асрлар давомида мусулмонлар ҳукмронлик қилган ўлкаларда сиёсат, фан ва адабиёт тилига айланди. Шунингдек, араб тили – жаннат тили ҳисобланади. Шунинг учун ҳам араб тили – муқаддас тил бўлиб қолади.

Араб тили асрлар давомида илмий тил бўлиб келган. Бу тил илм-фанда, аҳоли орасида ишлатилган бўлса-да, ХХ асрга келибгина дунё доирасида расмий тил сифатида эътироф этилди. У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олти расмий тилидан бири ҳисобланади. 1973 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида араб тилини илк бор ишлатишга муваффақ бўлинди. Шу йили араб тилини расмий тиллар қаторига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди. БМТ ва унинг таркибидаги бошқа ташкилотлар 1973 йил 28 декабрда бўлиб ўтган Бош Ассамблея сессиясининг 3190-сонли қарорини эълон қилди. Унда араб тили расмий тиллар қаторига қўшилгани белгилаб қўйилган эди.

2012 йил октябрь ойида ЮНEСКО Ижроия кенгашининг 190-сессияси бўлиб ўтди. Унда 18 декабрни “Халқаро араб тили куни” деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган ва илк бор бу сана ўша йили ЮНEСКОда нишонланган.

2011 йилда “Bloomberg Businessweek” нашри араб тилини бизнес учун энг фойдали тиллар қаторига қўйди. 2013 йилда Британия Кенгаши Бирлашган Қиролликда энг кўп талаб қилинадиган тиллар бўйича “Келажак тиллари” сарлавҳаси остида катта ҳисобот эълон қилди. Ташкилот маълумотларига кўра, араб тили Буюк Британияда энг кўп даромад келтирадиган тиллар рўйхатида иккинчи ўринда туради.

Араб тили сомий тиллар оиласига мансуб бўлиб, унда 467 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Бу тил араб дунёсидан ташқари бошқа кўплаб яқин ҳудудлар аҳолиси орасида ҳам кенг тарқалган. Жумладан, Туркия, Чад, Мали, Сенегал, Эритрея, Эфиопия, Жанубий Судан ва Эронда. Шундай қилиб, у дунёдаги энг кенг тарқалган тиллар орасида тўртинчи ўринни эгаллайди. Расмий тил сифатида тан олинган мамлакатлар (жами 27 та) сони бўйича учинчи ўринда туради. Интернетда энг кўп қўлланиладиган тўртинчи тил араб тили ҳисобланади.

Дунё цивилизация ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб етук аллома аждодларимиздан Имом ал-Бухорий, ат-Термизий, ал-Хоразмий, Абу Райхон Муҳаммад Беруний, ал-Форобий, Имом Қаффол аш-Шоший, Абу Али ибн Сино, Абу Мансур ал-Мотуридий ва бошқа кўплаб етук алломаларимиз айнан араб тилида ижод қилган.

Бизнинг тарих деганда, кўз олдимизда, аввало, Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк аждодларимиз сиймоси гавдаланади. Яна қанчадан-қанча алломаларимиз бўлганки, уларни ҳар қанча фахр билан эсласак, арзийди. Кўҳна Хоразм заминида таваллуд топган, жаҳон фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома Абулқосим аз-Замахшарий ана шундай улуғ зотлардан бири бўлган.

Бобокалонимиз буюк тилшунос Маҳмуд аз-Замахшарий араблар учун араб тили грамматикасини тузиб берган алломадир.

Арабларнинг ўзлари эътироф этиб – агар хоразмлик Маҳмуд аз-Замахшарий бўлмаганида, улар ўз тилининг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўларди, деганлар.

1075 йил 19 мартда Хоразмнинг Замахшар қишлоғида дунёга келган аз-Замахшарий ҳақидаги маълумотлар асосан Ўрта аср араб манбаларида кўп келтирилади. Тарихчиларнинг аллома ҳақида билдирган маълумотларига кўра, ёшлигида юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли унинг бир оёғини кесиб ташлашади ва бутун умри давомида ёғоч оёқда юради. Бу изтиробли воқеа сабабми ёки ўз табиати шундай бўлганми – ҳар ҳолда аз-Замахшарий болаликдан илмга чанқоқ эди. Илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, тенгдошлари орасида зўр истеъдодини намоён қилди. У мадрасада ўқитиладиган фанларни пухта эгаллашга киришди. Айниқса, араб тилшунослиги ва грамматикасига оид асарлар Маҳмуд аз-Замахшарий фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди.

Олим беш йил Маккада яшаб, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг шева ва урф-одатларини чуқур ўрганди. Кўплаб асарлар ёзди. Шулардан бири араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал фин-наҳв” (1121 йил) асаридир. Алломанинг тилшунослик бўйича “Унмузаж” ва “Ал-Муфассал фин-наҳв” асарлари нафақат ўша даврнинг муҳим манбаси бўлган, балки ҳозир ҳам зарур қўлланма вазифасини бажармоқда.

Бу иш араб тилини ўрганишда йирик қўлланма сифатида шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади.

Шунингдек, олимнинг «Муқаддамат ал-адаб», “Жавоҳирул-луға”, «Ал-Муфассал», «Асос ал-балоға», “Ал-Асмо фил-луға” каби йирик асарлари дунё илм аҳли орасида ғоят қадрланади.

Маккада яшаган даврида аз-Замахшарий аксар вақтини Каъбада ўтказган. Улуғ аллома доимо шеърият ихлосмандлари, толиби илм вакиллари, мухлис ва шогирдлар қуршовида бўлган. Кўпчилик ундан сабоқ олгани эътироф этилган.

Ўз даврида алломани яхши таниганлар ҳурмат юзасидан уни “Устоз уд-дунйа” (“Бутун дунёнинг устози”), “Устоз ул-араб вал-ажам” (“Араблар ва араб бўлмаганларнинг устози”), “Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”), “Фахру Хаваразм” (“Хоразм фахри”) деб аташган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасига ташрифи чоғида биз ҳақли равишда доимо аждодларимиз билан фахрланиб келишимизни таъкидлар экан, айни пайтда ўзимиз ҳам уларга муносиб бўлишимиз кераклигини алоҳида қайд этди. Дарҳақиқат, даҳолигу жасурликда дунёни лол қолдирган бобокалонларимиз биз учун ҳамиша фахру ғурур манбаи бўлган. Мовароуннаҳр мутафаккирларининг бой илмий меросини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш учун бу тилни, яъни араб тилини ўрганиш жуда муҳим.

Тошкент ислом институтида илмий салоҳияти юқори, тажрибали устозлар томонидан асл манбалар асосида профессионал таълим берилади. Сиз, ушбу илм даргоҳида ўқиб, диний соҳага ва инсонларга нафи тегадиган кадр бўлиб чиқишингизга ишонамиз. Дунё ва охиратга фойдали илмларни шу ерда эгалланг!

Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида тажрибали устозлар томонидан араб тили фани иккига бўлиб: араб тили грамматикаси ва муҳовара йўналишида кундузги ва модуль таълим талабалари учун ўқитилади. Грамматика фани 1-босқич талабаларига Жамолиддин Ибнул Ҳажиб томонидан ёзилган “Кафия” асари асосидаги дарслик,  2-босқич талабаларига Саид Аҳмад Баланфури томонидан ёзилган “Ал-Вафия” асари асосида ТИИ устозлари томонидан яратилган дарслик, 3-босқич талабаларига Абдураҳмон Жомийнинг “Шарҳ мулла Жомий” асари асосидаги дарсликлардан таълим берилмоқда. Шунингдек, 4-курс талабаларига “Араб матбуот тили устида ишлаш” дарслигидан замонавий ахборот манбалари билан ишлаш амалиётини ўрганмоқдалар. Араб тили (муҳовара-сўзлашув) фани 1-босқич талабаларига “Ал арабияту байна ядайка”, “Келинг араб тилида гаплашамиз” дарслиги, 2-босқич талабаларига “Ат-такаллум”,  “Камил фи таълимил луғатил арабия” В1 ва В2 китоблари асосида олиб борилмоқди.

Ота-боболаримизнинг муқаддас дини — Исломнинг ҳаётимизда тутган ўрни, буюклиги, илоҳийлигини англаб, динимиз ривожига ҳисса қўшиш, Аллоҳ таоло олдидаги бурчни адо этиш, муқаддас динимизни, Қуръони карим оятларини, ҳадисларни чуқур ва кенг ўрганиш, уларни тарғиб қилиш, халқимиз, миллатимиз, ёш авлоднинг бу бебаҳо хазинадан баҳраманд бўлишига шароит туғдириш ва шулар асносида маънавий ҳаётимизни юксалтиришни мақсад қилган ва бу мақсадни амалга оширишда жуда катта ҳажмдаги ишларни олиб боришган. Муносиб ворис бўлиш илинжида Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари бир тан, бир жон бўлиб фаолият олиб бормоқдалар.

Тиллар кафедраси катта ўқитувчилари Ерназаров Фахриддин,

Бухарбаев Ёқуб томонидан тайёрланди

266220cookie-check18 декабрь – Халқаро араб тили куни: Араб тили – муқаддас тил

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: