islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қўрқувдан қандай қутилиш мумкин?

Мўмин ўлимдан эмас, балки Аллоҳнинг ҳузурига қандай амаллар билан боришидан қўрқиши керак. Мўмин инсон Қодир Зотнинг борлигига ишонар экан, бир сония ҳам Унинг ҳимоясидан ташқарида эмаслигини англайди. Ҳеч бир нарса Унинг изнисиз содир бўлмаслигини билган инсонда қўрқув ва хавотирлар бўлмайди.

Агар У зот хоҳламаса, бутун дунё бирлашиб ҳаракат қилса ҳам зарар етказа олмаслигини билишимиз лозим. Ўлим эса, банда ундан қўрқса ҳам, қўрқмаса ҳам, албатта, бир куни бошига тушади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

أَيْنَمَا تَكُونُواْ يُدْرِككُّمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنتُمْ فِي بُرُوجٍ مُّشَيَّدَةٍ

“Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир” (Нисо, 78).

✅ Инсон ҳар қандай қўрқувдан халос бўлиши учун диннинг барча кўрсатмаларига амал қилиши, айниқса намозни тўлиқ адо қилиши муҳимдир. Намоз инсон ҳаётининг барча ўринларига кучли таъсир қилади, стресс ва сиқилишларни енгишга ёрдам беради.

 ✅ Қуръон ўқиш, ҳаромлардан сақланиш, Аллоҳни зикр қилиш қўрқув ва хавотирларни кетказади, хотиржамликка етказади.

Мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳудан: “Ўлимга қандай тайёр бўлиш керак?” — деб сўрашди.  У зот: “Ўлимга тайёр бўлиш, Аллоҳнинг буюрганларига амал қилиш, ҳаромлардан узоқлашиш ва гўзал хулқли бўлишдир”, деб жавоб бердилар.

Инсон турли нарсалардан қўрқиши мумкин, қоронғуликдан, ҳайвонлардан, баландликдан ва ҳаказо.

Шу каби хавотирли вазиятларда, душманга рўбарў бўлганда, ёмонлик ва ёвузликка дуч келганда, шунингдек, қалбида пайдо бўлган жамики қўрқув пайтида Қуръони каримда келган дуоларни ўқиш лозим.

Қўрқувдан халос бўлиш учун Аллоҳни эслаб, қуйидаги дуолардан бирини ўқиш тавсия этилади:

حَسۡبُنَا ٱللَّهُ وَنِعۡمَ ٱلۡوَكِیلُ

“Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!” (Оли Имрон, 173).

قُل لَّن يُصِيبَنَآ إِلَّا مَا كَتَبَ ٱللَّهُ لَنَا هُوَ مَوۡلَىٰنَاۚ وَعَلَى ٱللَّهِ فَلۡيَتَوَكَّلِ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ

“Айтинг: Бизга фақат Аллоҳ ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг Хожамиздир. Бас, иймонли кишилар фақат Аллоҳгагина суянсинлар!” (Тавба, 51).

هُوَ ٱللَّهُ ٱلَّذِي لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَۖ عَٰلِمُ ٱلۡغَيۡبِ وَٱلشَّهَٰدَةِۖ هُوَ ٱلرَّحۡمَٰنُ

“У — Аллоҳ, шундай Зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ғайб ва шаҳодатни билгувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир” (Ҳашр, 22).

Олимлар томонидан тажрибада синалган мазкур дуолардан бирини қўрқув ва хавотир пайтида ўқисангиз, албатта безовталик, ваҳима каби қўрқувлардан халос бўласиз.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

273180cookie-checkҚўрқувдан қандай қутилиш мумкин?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: