islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ота-она ёки устоз, қай бири афзал?!

Шайхулислом муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Кунларнинг бирида Мисрнинг катта фақиҳларидан бўлмиш шайх Абдулаҳад Азҳарий каминанинг ҳузурида меҳмон бўлдилар ва бир мажлисда кўпчилик жамоатнинг олдида ниҳоятда гўзал тарзда Қуръон қироат қилдилар. Сўнгра ўзаро суҳбат бошланди. Шунда мажлисда ўтирганлар ўртасида “Қуръон Араб диёрида нозил бўлган, Мисрда қироат қилинган ва Ҳинд диёрида тушунилган” деган гап айлана бошлади. Бу гапни эшитгандан сўнг Абдулаҳад Азҳарий ўзлари билан бўлиб ўтган қуйидаги воқеани сўзлаб бердилар:

“Бир куни мен Масжиди Набавийда ҳозир бўлдим. Айрим мухлис уламолар каминани юқорига ўткизиб, уларга насиҳат қилишимни айтдилар. Уларга ваъз қилганимдан сўнг ўзаро савол-жавоблар бошланди. Шу орада кимдир “Устознинг мартабаси улуғми ёки ота-онанинг мартабасими?” дея савол берди. Мен: “Баъзи уламолар узтознинг мартабаси улуғ эканини ёзганлар. Чунки ота-она фарзандни пастликка, яъни дунё тарафига юришига кўмаклашсалар, устоз эса, болани пастдан юқорига кўтарилиши йўлида меҳнат қилади” деб жавоб бердим. Шунда ўрта ёшли бир киши: “Сизнинг бу жавобингизни тушуна олмадим” деди. Мен унга: “У ҳолда ўзингиз тушунтириб беринг” дедим. У киши деди: “Саҳобалар замонидан буён аввало, Аллоҳнинг китоби, сўнгра Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатлари, сўнгра саҳобаларнинг амаллари ва охирда қиёс жорий бўлиб келмоқда. Сиз юқорида айтган гапингизда биринчи қиёсдан далилландингиз. Ҳолбуки, ота-онанинг мартабаси насс (яъни ояти карима) билан собит бўлган. Сиз келтирган далил эса, қиёсдир. Зеро, Қуръони карим бирор нарсанинг фазилати борасида ворид бўлган бўлса ва унинг хилофига бошқа бир насс (матн) келмаган бўлса, у ҳар ҳолатда афзал саналади”. Бу гап мен учун катта дакки каби бўлди ва ўзимга ўзим бу дакки етишига қандай йўл қўйдим, деб ўйлай бошладим. Ваҳоланки, усулий қоидага биноан, бирор нарсанинг фазилати ёки савоб ҳамда азобга ҳақли бўлишини исбот қилиш учун дарҳақиқат насс (яъни ояти карима) бўлиши ёки муттасил санад билан келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари лозим бўлади. Кейин мен у кишига: “Ҳақиқатда, мендан хато ўтибди. Бу борада яна тушунча берсангиз” дедим. У киши деди: “Абу Лаҳабнинг Сувайба исмли озод қилган чўриси бор эди. У бир неча кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни гўдаклик чоғларида эмизганди. Кейинчалик, Сувайба бир бор ташриф буюрган вақтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг муборак саллаларини унинг йўлига ёздилар ва у аёлга жуда юксак эҳтиром кўрсатдилар. Ўйлаб кўрингчи, сут эмизганга шунча ҳақ берилса, туғиб, катта қилган кимсага қандай улкан ҳақдорликлар бўларкин? Бошқа жиҳатдан қараганда, ҳазрати Жаброил алайҳиссалом бир эътибордан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устозлари бўладилар. Лекин, Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига ташриф буюрганларида юқоридаги каби икром қилиш ҳолати кузатилмаган”. Кейин мен дедим: “Мен сизнинг жавобингиздан хотиржам бўлдим. Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амалларидан сўнг менга бошқа бирор нарса зарур эмас”. Сўнгра у киши чиқиб кетди. Мен: “Эҳтимол, у киши катта фақиҳ олим бўлса керак” деб ўйлаб қолдим. Шунда мажлисда ўтирганлар: “Бу киши Ҳиндистондаги Дорул-улум Девбанднинг ҳадис фанидан устози шайх муфтий Саид Аҳмад Боланпурий бўладилар” дейишди.

“Мажалису Усмоний” китоби асосида Аҳмаджон қори масжиди ноиби Ҳикматуллоҳ домла Абиев тайёрлади

273150cookie-checkОта-она ёки устоз, қай бири афзал?!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: