Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Академия раҳбарияти ва жамоаси, диний маърифий соҳа вакиллари, илмий-тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари раҳбар ҳамда ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов олиб борди.
Кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан Музаффар Комилов сўз юритар экан, масъулиятли лавозимларга муносиб номзодларни тайинлаш ҳақида тегишли буйруқ қабул қилинганини билдирди.
Шунга кўра, бугунги кунга қадар “Исломшунослик” факультети декани лавозимида фаолият юритган Зокиржон Рўзиев Академиянинг Ўқув ишлари бўйича проректори этиб тайинланди. Зокиржон Рўзиев айни пайтда Академик лицей директори вазифасини ҳам бажаради.
Бундан ташқари, Зокиржон Рўзиевнинг бошқа лавозимга ўтиш муносабати билан “Исломшунослик” факультети декани лавозимига Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг “Замонавий ислом тадқиқотлари бўлими” бошлиғи Жаҳонгир Тоҳиров тайинланди.
Шу билан бирга йиғилишда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори лавозимига шу пайтгача Марказ директорининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Жамолиддин Каримов тайинланди.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Академик лицейнинг ижрочи директори этиб “Ислом иқтисодиёти ва молияси” факультети “Халқаро муносабатлар ва ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Феруз Рашидов тайинланди.
Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRSICА” кафедраси мудири, тарих фанлари доктори Неъматулло Муҳамедов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази “Таржималар бўлими” бошлиғи Абдулходий Юсупов мазкур тайинловлар ҳақида ўзларининг ижобий фикр-мулоҳазаларини билдириб, янги ва ёш раҳбарларнинг келгуси иш фаолиятига муваффақият тилади.
Тошкент ислом институти жамоаси ва раҳбарияти янги лавозимларга тайинланган барча масъулларга илм-фан ривожи ва баркамол авлод тарбияси йўлида олиб бораётган хайрли ишларида Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тилайди.