islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий

Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида 333 ҳижрий санада вафот этган.

У киши Ҳанафий мазҳабида бўлиб, имом Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлган. Яъни, у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Мовароуннаҳрда аҳли суннанинг шайхи бўлган. Бу ерда аҳли сунна ғолиб бўлгани учун у киши имом ал-Ашъарийга ўхшаб ҳар хил йўлларда ва турланишларда бўлмаган. Балки, аввал бошдан мўътадил йўлдан бориш имконини топган. У киши кези келганда нақлга, кези келганда ақлга суяниб иш кўрган.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи фуқаҳолар ва муҳаддислар даъват қилган нарсага чақирган. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча унга мурожаат қилган. У кишидан фиқҳ, усули фиқҳ ва бошқа диний илмларни таълим олишган.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳда «Маъохизуш шарийъа» китобларини таълиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳлининг мазҳаб соҳибига айланди.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан ал-Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи бир қанча китоблар ёзган. «Китобур радди ала ал-Каъбий ал-Мўътазилий», «Китоб авҳомул Мўътазила», «Китобур радди ала ал-Мўътазила», «Китобур радди ала ал-Қаромита», «Китобур ради ала-ар-Рофиза», «Китобут тавҳид» ва «Таъвийлоту аҳлис сунна» китоблари шулар жумласидандир.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг икки катта имомларининг ақийдаларини солиштириб кўрган шайх Муҳаммад Абдуҳу икки томон ўттизга яқин масалада хилоф қилганларини, аммо аксари уламолар бу хилофлар фақат лафзда экани, жавҳар эса, тамоман бир-бирига ўхшаш эканини таъкид-лашларини қайд қилган.

Баъзи муҳаққиқ уламолар ал-Мотуридий билан ал-Ашъарийнинг ораларида асосан учта масалада хилоф борлигини айтадилар.

Биринчиси, Ал-Ашъарий ҳолни нафий қилади ва шунинг учун, унинг фикрича, сифати зоидалар йўқ ҳисобланади. Ал-Мотуридий эса, уларни собит дейди.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи, таквийн сифати бор, у ҳар бир махлуққа шомил сифатдир, дейди. Ал-Ашъарий бу номдаги сифат йўқлигини айтади.

Шунингдек, улар савобу иқоб ҳамда ирода ҳурлиги ҳақида ихтилоф қилишган.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.

Кейинчалик имом Ғаззолий, Саъдуддин Тафтазоний, имом Тоҳовий, имом Умар Насафий ва бошқа уламолар ақоид илмида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.

Ҳозирги давримизда ақоид илмини янгидан ўрганиб чиқиш ва қадимги уламоларнинг китобларидан фойдаланиб, ҳозирги замон талабларини ҳисобга олиб ақийда китоблари таълиф қилиш йўлга қўйилди. Бу борада кўплаб китоблар ёзилди.

Шайх Абдулҳамид Соиҳнинг «Ақийдатул муслими ва маа ятаъаллақу биҳи»«Мусулмоннинг ақийдаси ва унга тегишли нарсалар», устоз Абдурроҳман Ҳабаннакал Майдонийнинг «Ал-Ақийда ал-Исломия ва усусуҳа»«Исломий ақийдалар ва уларнинг асослари», доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг «Кубро яқийниётил кавния»«Борлиқнинг энг улкан ишончи», шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг «Ақийдатул муслим»«Мусулмоннинг ақийдаси», шайх Саййид Собиқнинг «Ал-Ақоид ал-Исломия»«Исломий ақийдалар» асарлари каби китоблар ёзилди.

Мазкур замонавий китобларда ҳозирги замон мусулмонларига ўз ақийдаларини уларга осон ва тушунарли йўл билан баён қилиб беришга ҳаракат қилинган. Биз ҳам худди шу фикр билан иш бошладик, Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкоримиз бўлсин!

Мотурид мавзеида Имом Абу Мансур Мотуридийнинг боғчалари бўлганки, қадимдан “Қадамжойи Шайх” номи билан машҳур бўлган. Бу боғчада “Лисонул-асфур” деб аталадиган жуда эски бир дарахт бўлар эди. Шу ерлик ўқимишли Шайх Муҳаммад ибн Маҳмуднинг хонадонида туғилган Абу Мансур Мотуридийнинг Мотурид мавзеидаги ушбу боғларида ул зот кўпинча дарахт кўчатларини ўз қўллари билан ўтказар эканлар. Абу Тоҳирхожанинг келтиришича,

“Ҳайратул-фуқахо” асарида ёзилишича, бир куни Шайх Абу Мансур Мотуридий ўз шогирди ёрдамида ток-узум кўчатлари ўтқазар эди. Шу пайт, ногаҳон муаззин азон айтади. Шайх ишини тўхтатиб, намозни адо этиш мақсадида масжидга бормоқчи бўладилар, лекин кўчатлардан бироз қолгани туфайли, қолганини ҳам ўтказишга ошиқиб, намозга бироз кечикадилар. Шундан сўнг, бир йил вақт ўтгач, юрт подшоҳи фуқароларнинг ҳар бирини боғидан бидъат ичимлик учун узум солиғини солади. Имом Мотуридий, “ушбу бидъат солиқ менинг узум кўчати ўтказишга машғул бўлиб, намоз ишини кейинга қолдирганим туфайли юз берди”, – деб бошларидаги муборак саллаларини ерга уриб йиғлаган эканлар. Бу ривоят Имом Мотуридийнинг эътиқоди кучлилигининг намунасидир.

Бошқа ривоятда келтирибдиларким, Бағдоддаги Аббосийлар сулоласи халифаларидан бири калом-эътиқод масаласи юзасидан бир саволга ислом олами пойтахти бўлган Бағдод уламоларидан жавоб топа олмагач, Самарқандга элчи юбориб, Имом Мотуридийдан жавоб топишни илтимос қилади (Имом Мотуридий ҳаётларининг охирги ўн йил давомида Бағдодда ал-Қоҳир (932-934), ар-Рози (934- 940) ва ал-Муқтаф Баллоҳ 940-944) лар ҳукм сурган бўлишиб, улардан бири элчи юборгандирлар). Элчи тинмай от чоптириб, Самарқандга етиб келади ва Мотурид мавзеига бориб, Имомнинг дарвозаларини тақиллатади. Имом Мотуридий эски, йиртиқ-ямоқ кийимда дарвозани очадилар. Элчи: “Мавлоно қайдадир?”,- деб сўради. Шайх: “Мавлоно Худодир”, – деб жавоб берадилар. Элчи: “Хожа қайдадир?”, – деб сўради. Имом: “Хожа Мустафодир (яъни, пайғамбардир)”, – деб жавоб қайтарадилар. Элчи яна: “Абу Мансур қайдадир?”, – деб сўраганда, Мотуридий: “қаршингдаги ушбу тиланчи кексадир”, – деб ўзини кўрсатади. Бу ривоят унинг камтаринлик билан буюклиги мужассамлашганлигининг намунасидир.

“Самария” ва “Қандия”да Ҳазрати Шайх Мотуридийнинг соҳиб каромат, соҳиб мақомот ва ҳаддан зиёд ҳориқ одатликлари борасида қуйидаги ривоятлар келтирилгандир:

Самарқанд уламолари ва Имомнинг ёронлари калом ва фиқҳ илмидан дарс олиш учун унинг боғига келиб туришар эканлар. Қиш фасли чиқиб, баҳор энди кирай деб турган ҳамал ойида, бўлиб ўтган дарс мажлисларидан бирида Имом Мотуридий шогирдларини хушнуд этиш мақсадида ўрик дарахтининг бир катта шохини қоқади. Каромат юз бериб, пишиқчилик фасли бўлмасада, дарахтдан ўриклар ёғилиб тушади, шогирдлар эса уни еб тўядилар.

Ҳидоятга бошловчилар Имоми Мотуридий 333 (944) йилда вафот этгач, Чокардизадаги боғнинг эгаси қабри ёнига, яъни Имом Абу Исҳоқ қабрлари ёнида дафн этишади. Имом вафот этгач ҳам кароматлар давом этаверади. Шаҳарга вабо ё бирор бало келса, зоҳид ва олимлар Имом қабрлари ёнидаги масжидга йиғилишиб, дуо қилишар ва ижобат бўлиб, бало даф бўлар эди.

Имом Мотуридийнинг дафн этилган масаласига келганда, у зот зикр этилган жамии китобларда Самарқанднинг Чокардиза қабристонида кўмилганликлари эътироф этилади. Биз учун, бу соҳадаги асосий манба “Самария” ва “Қандия” каби китоблар ҳисобланади. Уларга кўра, Шайх Абу Мансур Мотуридийнинг қабрлари Чокардизададир. Бу қабристон шаҳар ичида, кунчиқар-шарқ томондадир. Бу ер аввал Мотуридийнинг замондоши Имоми Абу Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Самосий Мутаваъийнинг боғи бўлиб, ўзи ҳам ўша ерда биринчи бўлиб кўмилган шахс эди. Бу ерда, боғнинг эгасидан сўнг Мотуридийдек ҳамда Абул Қосими Ҳакими Самарқандийдек алломаларнинг кўмилиши натижасида машҳур қабристон сифатида шакллана боради.

280250cookie-checkИмом Абу Мансур ал-Мотуридий

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: