islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий фиқҳида мурсал хабарнинг ҳукми.

Мурсал хабарнинг ҳукми Аслида мурсал ҳадис заиф ва мардуддир. Чунки у мақбул хабарнинг шартларидан бирини йўқотган. У шарт-санаднинг муттасил бўлиши шартидир. Демак тушириб қолдирилган ровийнинг ҳолидан хабардор бўлинмагани ва ўша тушириб қолдирилган ровий саҳобийдан бошқаси бўлиши эҳтимоли борлиги учун ровийнинг ўзи ҳам, ривояти ҳам ишончли эмас, “заиф” деб эҳтимол қилинади.
Лекин муҳаддислардан бўлган баъзи уламолар ва улардан бошқалар ҳам мурсалнинг ҳукмига келганда, шунингдек уни ҳужжат сифатида ишлатса бўладими, деган масалада ихтилоф қилганлар. Чунки мурсалдаги кесилиш бошқа кесилишлардан тамоман фарқ қилади. Мурсал ҳадисдан тушиб қолган ровий кўпинча саҳобий бўлади. Саҳобаларнинг ҳаммаси адолатлидирлар. Санаддан тушиб қолган саҳобаларни билмаслик зарар келтирмайди. Уламоларнинг мурсал ҳақидаги ихтилофлари уч қовлдан иборатдир.

1. Мурсал ҳадис заифдир. Бу жумҳур муҳаддисларнинг гапи бўлиб, бу фикрга баъзи бир усулул фиқҳ уламолари ва фуқаҳолар ҳам қўшилганлар. Бу қовлни айтувчиларнинг ҳужжати тушириб қолдирилган ровийнинг ҳолини ноаниқ эканидир. Улар: “Тушириб қолдирилган ровий саҳобийдан бошқа одам бўлиши ҳам мумкин. Агар саҳобийдан бошқа одам бўлса текшириб кўришимиз лозим эди”, деб айтадилар.

2. Мурсал ҳадис саҳиҳ, ҳужжат қилиб олинади. Бу уч имом: Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмаднинг наздидаги фикр бўлиб, бу гапни улардан бошқа уламолар ҳам айтишган. Шу билан бирга шарт ҳам қўйганлар: Мурсал қилувчи, Яъни ўзидан олдинги ровийни тушириб қолдирувчи шахс сиқо бўлсин. Ўзи ҳам сиқо бўлсин ва фақат сиқодан ирсол қиладиган бўлсин. Яъни ўзи ҳам ишончли бўлсин, унга хабар етказадиган одам ҳам ишоночли бўлсин. Буларнинг ҳужжати шуки, тобеъинлар сиқо бўлади. Агар тобеъин сиқо бўлса ўзи:
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар” деб айтаётган бўлса, демак унинг гапини, хабарини ҳужжат сифатида қабул қилиш жоиз. Чунки ишончли одам ҳадисни фақат ишончли одамдан эшитгандагина Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўғридан тўғри зикр қилиш мумкин. Акс ҳолда ишончли одам бу ишни қилмайди.

3. Мурсал ҳадис муайян шартлар билан қабул қилинади. Мурсал ҳадис бир неча шартларни ўзида мужассам қилса, саҳиҳ бўлади. Бу Имом Шофеъий ва баъзи аҳли илмларнинг фикрларидир. Мазкур шартлар тўрттадир. Учтаси ирсол қилувчи ровийга, биттаси мурсал ҳадисга оид. Энди мана шу шартлар билан танишиб ўтамиз.

1. Ўзидан олдинги ровийни тушириб қолдирувчи киши катта тобеъинлардан бўлсин.
2. Агар: “Кимни тушириб қолдиргансан?” деб сўраладиган бўлса, ишончли одамнинг исмини айтадиган бўлсин.
3. Ҳофиз даражасига етган омонатли ровийлар ирсол қилувчи билан шерик бўлиб, гапига хилоф қилмайдиган бўлсин. Яъни ҳадисни ирсол қилувчи ровийнинг зобти мукаммал бўлсин. Бошқа зобтли ровийлар қўсжилиб, у билан бирга келганда, унинг ривояти мазкур бошқа ровийларнинг ривоятига мувофиқ келсин. Зикр қилинган учта шартга қуйида зикр қилинадиганлардан биттаси қўшилиши керак:

а)Ўша ҳадис бошқа бир йўл билан муснад шаклида, санади кесилмаган ҳолатда охиригача етиб броган тарзда ривоят қилинган бўлиши лозим;
б)Ўша ҳадис бошқа йўлдан ривоят қилинган бўлиб, у ҳам мурсал-у, лекин ровий илмини биринчи мурсалнинг эгаларидан бошқа одамлардан олган бўлсин;
c)Мурсал қилинган ҳадис саҳобийнинг гапига мувофиқ келсин;
д) Мурсал қилинган ҳадиснинг маъносига мувофиқ шаклда аксар уламолар фатво берган бўлсинлар.

Ушбу шартлар юзага чиқадиган бўлса, мурсал ҳадиснинг чиққан жойи ва унинг қўлловчисининг ҳам саҳиҳлиги аён бўлади. Агар мазкур иккисига бир саҳиҳ ҳадис қарши келиб қолса ва ораларини жамлаб бўлмаса, ҳалиги иккита ҳадисни бир саҳиҳдан устун қўямиз. Чунки унинг ривоят йўллари кўпдир. Шунингдеқ юқорида айтиб ўтилган гапларни қуйидаги тенгламалар билан баён
қилишимиз мумкин:

а) Мурсал ҳадис+муснад ҳадис=саҳиҳ
б) Мурсал ҳадис+мурсал ҳадис=саҳиҳ
c) Мурсал ҳадис+саҳобийнинг тасдиғи=саҳиҳ
д) Мурсал ҳадис+кўпчилик уламоларнинг фатвоси=саҳиҳ

4-курс талабаси Хамидов Мирзо Улуғбек.

280380cookie-checkҲанафий фиқҳида мурсал хабарнинг ҳукми.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: