Мисрдаги Ал-Азҳар университети “Ал-Азҳар овози” газетасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдовнинг “Абу Азаба ва унинг Ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги гўзал чаманзор номли асари” мақоласи чоп этилди.
Газетанинг жорий йил апрель ойидаги сонидан ўрин олган мақола Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчиларининг таржима ва нашр ишлари борасидаги ютуқларига оид маълумотлар билан бошланган. Муаллиф марказда яқинда таржима қилинган Абу Азабанинг энг машҳур “Ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги гўзал чаманзор” номли асари моҳиятига тўхталган. Абу Азаба номи билан танилган ақидашунос олим Шайх Ҳасан ибн Абдулмуҳсин мазкур асарни 1759 йилда ёзиб тугатган. Манбаларда унинг ҳаёти, туғилган ва вафот этган жой ҳамда саналари тўғрисида маълумотлар берилмаган. Асарни ёзиб тугатган йилда вафот этганлиги бўйича тахминлар мавжуд.
Китобда ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги ихтилофли масалалар лафзий ва маънавий фарқларга ажратиб баён қилинган. Мақола сўнгида асар ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги оғзаки ва маъно жиҳатидан фарқли масалаларни тадқиқ қилишда муҳим китоб экани таъкидланган. Ушбу мақола марказ олимларининг сўнги олти ой мобайнида ислом оламининг нуфузли нашрларидан бири “Ал-Азҳар овози” газетасида эълон қилинган учинчи мақоласи ҳисобланади.