Жоҳилият даврида фарзанд асраб олиш масаласи Қуръони Каримнинг “Аҳзоб” сурасида:
وَمَا جَعَلَ أَدْعِيَاءَكُمْ أَبْنَاءَكم [1]
“…ва асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган эмас” дейилмоқда. Арабларда бола асраш, хусусан ўғил болани асраб ўзига ўғил қилиб олиш одати бор эди. Бу ҳолат айниқса урушда асир тушганларни ўғил қилиб олиш борасида кўпроқ содир бўлар эди. Жоҳилият арабларидан ҳар бири бошқа бир одамнинг ўғлини ўзиники қилиб олиши мумкин бўлиб, бу ҳолат жуда кенг тарқалган эди. Бир одам бировнинг боласига “Сен менинг ўғлимсан, мен сенга меросхўрман, сен менга меросхўрсан” деса ва бола буни қабул қилса иш битди ҳисоб. Бола унга ўз сулбидан бўлган ўғлидек бўлар, мерос, никоҳ, талоқ ва бошқа ҳукмларда ўз ўғлига нима муомала қилинса, асранди болага ҳам шу муомала қилинар эди.
Аллоҳ таоло иродасидаги ҳикматга биноан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар бўлишларидан олдин араблар одати бўйича Зайд исмли болани асранди ўғил қилиб олган эдилар. Бу воқеанинг ҳам ўзига яраша тарихи бор, уламоларимиз бу қиссани батафсил ёзиб қолдиришган:
Зайд онаси билан Той қабиласидаги тоғалариникига зиёратга борганларида улар устига араб қабилаларидан бири бостириб келиб қолади, ўшанда Зайд ҳам асирга тушганлар билан бирга Маккага келтирилади. Уни Хадича бинти Хувайлид хоним сотиб оладилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларидан сўнг, ул зотга Зайднинг заковати ва етуклиги ёқиб қолганлигини мулоҳаза қилиб ҳадя қиладилар. Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилиб юради.
Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шарҳабил ўғли асирга тушганидан сўнг унинг фироқида кечаю-кундуз йиғлар эди, унинг ҳақида шеърлар айтар эди. Кунларнинг бирида Ҳорисага ўғли Зайд Маккада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида эканлиги хабари етди. Дарҳол укаси билан Маккага келиб Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни излаб топди ва:
“Эй Муҳаммад, албатта сизлар Байтуллоҳнинг аҳлисизлар, асирга тушганларни озод қиласизлар, асирга таом берасизлар. Менинг ўғлим сизнинг ҳузурингизда экан, уни бизга беринг, унинг тўлови ҳақида бизга яхшилик қилинг. Албатта сиз ўз қавмининг улуғи бўлган зотнинг зурриёдисиз. Унинг тўловига нимани истасангиз берамиз” деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларга бундан ҳам яхшироқ нарсани бераман” дедилар. Улар “У нарса нима?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом:
“Ҳузурингизда уни ўз ихтиёрига қўяман, агар у сизларни ихтиёр қилса уни тўлов бермай олиб кетаверасизлар, агар у мени танлайдиган бўлса, мен ўзимни ихтиёр қилган киши учун тўлов оладиган одам эмасман” дедилар. Улар:
“Жуда яхши қиласан, Аллоҳ сенга яхши мукофотлар берсин” дейишди.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдни чақириб:
“Эй Зайд, анавиларни танийсанми?” деб сўрадилар. У:
“Ҳа, буниси отам, анавиниси амаким” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Эй Зайд, бу отанг, бу амакинг, мен ўзинг билган одамман, биздан кимни хоҳласанг танла” дедилар. Шунда Зайднинг кўзларидан ёш оқа бошлади ва:
“Мен сиздан бошқа ҳеч кимни ҳеч қачон ихтиёр қилмайман. Сиз мен учун ҳам ота, ҳам амаки ўрнидасиз” деди. Отаси билан амакиси:
“Ҳой Зайд, ҳурликни қўйиб қулликни танлайсанми?” дейишди. Зайд уларга: “Албатта мен бу одамдан шунчалар яхшилик кўрдимки, энди ундан ажрай олмайман, мен ҳеч қачон ундан бошқа одамни ихтиёр қила олмайман” деди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ҳузурига чиқдилар ва:
“Гувоҳ бўлинглар Зайд менинг ўғлимдир, мен унга меросхўрман ва у ҳам менга меросхўр” дедилар.
Зайднинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида қанчалик икром, эъзозга эга эканлигини кўрган отаси ва амакиси кўнгиллари таскин топиб ортга қайтдилар. Қуръони Карим оятлари тушиб асранди ўғил бекор қилингунча “Зайд ибн Муҳаммад” деб чақирилиб юрди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳорисани аввал айтилганидек Аллоҳ таоло ирода қилган бир ҳикмат билан асранди ўғил қилиб олганларини ёдимизда тутайликда яна жоҳилият аҳлининг бошқа бировнинг боласини ўзига фарзанд қилиб олишдек номаъқул одатига қайтайлик. Аллоҳ таоло ушбу оят билан бу одатнинг ботил эканини баён қилди.
Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бировнинг боласини бошқа одам ўзига фарзанд қилиб олиш одатини бекор қилмоқда.
Аллоҳ асранди фарзандлар ҳақида қуйидаги йўлни кўрсатади:
ادْعُوهُمْ لِآَبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِنْدَ اللَّهِ فَإِنْ لَمْ تَعْلَمُوا آَبَاءَهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ وَمَوَالِيكُمْ وَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ فِيمَا أَخْطَأْتُمْ بِهِ وَلَكِنْ مَا تَعَمَّدَتْ قُلُوبُكُمْ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا [2]
“Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу, Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зот”
Бу оятлар нозил бўлгунча, одамлар бировнинг боласини ўғил қилиб олиб юрганлар. Инсонлар жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар билан иш тутишган. Энди эса, оят нозил бўлиб, бу одатни ботил қилди. Ўз-ўзидан, одамларда: нима қилиш керак, аввал асраб олинган фарзанд хусусида нима қиламиз, олдинги ишларимиз учун ҳам жавоб берамизми, каби саволлар пайдо бўлди. Ушбу ояти карима ана шу саволларга жавоб бермоқда. “Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу, Аллоҳнинг наздида тўғридир.
Яъни, асраб олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ўзининг ҳақиқий отасининг номи билан чақиринглар.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ўз китобларида Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا
أَنَّ زَيْدَ بْنَ حَارِثَةَ مَوْلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا كُنَّا نَدْعُوهُ إِلَّا زَيْدَ بْنَ مُحَمَّدٍ حَتَّى نَزَلَ الْقُرْآنُ
{ ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِنْدَ اللَّهِ }
“Расулуллоҳнинг “мавло”[3] – яъни дўстлари Зайд ибн Ҳорисани Зайд ибн Муҳаммад деб чақирар эдик. Қуръони Каримни “Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар, ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир” ояти нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга “Сен Зайд ибн Ҳориса ибн Шарҳабилсан” дедилар[4].
“Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир”.
Мабодо асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким эканлиги маълум бўлмаса “Улар сизга ислом дини бўйича қардош бўладилар. “Дин қардошим” деб мурожаат қилинглар, ёки мавло-дўстларинг бўладилар, “эй дўстим” деб мурожаат қилинглар. Аммо зинҳор “ўғлим, фарзандим” деб мурожаат қилманглар.
Ушбу оятлар тушгунча бировнинг боласини “ўз фарзандим” деб унга ўз сулбидан бўлган фарзандига қилган муомалани қилиб юрганлар бу ҳақидаги илоҳий ҳукмни билмаган эдилар.
“Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ”.
Шунинг учун бу оятлар тушгунича қилган ишларингизни ўйлаб, хижолат бўлманг, энди ҳукмни билдингиз унга амал қилишга ўтинг.
Аммо ўша ишни билмасдан эмас, билиб туриб қилган бўлсангиз, гуноҳга қоласиз. Бировнинг боласини “ўз болам” деб даъво қилиш гуноҳ эканлигини билиб туриб шу ишни қилсангиз гуноҳ бўлади.
“Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли Зотдир”.
Билмай қилинган хатоларни кечиради ва Ўзи тўғри йўлни лутф билан кўрсатади. Дилингиздан қасд қилган бўлсангиз ҳам, тавба қилсангиз Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир, кечиради. Яъни билмасдан қилинган хато учун Аллоҳ сизни гуноҳкор қилмайди. Аммо қасддан қилган гуноҳингиздан ҳам қайтишга йўл бор.
Ушбу ояти карима ҳукмига биноан, биров бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни “ўз болам” дейиши ҳаромдир. Шунингдек, бировни “отам” деб танлаши ҳам катта гуноҳдир.
Ислом шариатида фарзанд асраб олишга бўлган муносабат
[5]عَنْ سَعْدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَنْ ادَّعَى إِلَى غَيْرِ أَبِيهِ وَهُوَ يَعْلَمُ أَنَّهُ غَيْرُ أَبِيهِ فَالْجَنَّةُ عَلَيْهِ حَرَامٌ
Саъд (р.а)дан ривоят қилинади .У киши мен
Расулуллоҳ (с.а.в)нинг “Ким ўзи билиб туриб отасидан бошқанинг боласиман деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир” деганларини эшитдим дедилар.
Чунки ислом кўзда тутган беш катта масаладан бири инсон наслини муҳофаза қилишдир. Шунинг учун ҳам никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўплаб ҳукмлар жорий қилинган. Ҳамма нарса инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса ҳаром ва ҳалол аралашиб ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади, инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона бўлган болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-ҳариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик, номаҳрамлик қоидалари бузилади. Бир куни келиб ота ўз қизига ёки ака ўз синглисига уйланиб қолиши мумкин. Мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ўнглаб бўлмас хатолар вужудга келиши мумкин. Шунинг учун ҳам исломда бу иш ҳаром қилинган.
Аммо бу дегани етим болани, қийинчиликда қолган оиланинг боласини боқиб қараш, тарбия қилиш мумкин эмас дегани эмас. Аксинча бундай қилинса жуда ҳам савоб бўлади, бу ишларни қилиш керак, лекин болани ўз боласидек номига ўтказиб олиб эмас балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса ўшанинг номида қолдириб, шариат ҳукмига мувофиқ қилиш керак.
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси
Абдуллаев Расулжон
[1] ( سورة الأحزاب-4) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 4-жуз
[2] (5) ( سورة الأحزاب) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 4-жуз
[3] “мавло” кул ва уни озод килган егаси шундай номланади.
[4] САҲИҲИ МУСЛИМ
[5] [2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Хадис ва ХАЁТ. 146 бет. “Шарқ”, Тошкент 2008
[1] (Бешовлари ривоят қилишган)
[2] (Имом Бухорий ривояти)
[3] Маъқал ибн Ясор 678 вафот етган
[4] (Имом Абу Довуд, Имом Насаий ва Имом Ҳоким ривояти).
[5] (Сунан эгалари ривоят қилишган)
[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 3-жуз
[7] ЭҲТИРОМ. Хожи Юнус
[8] “Хадис ва Хаёот”дан
[9] (Абу Довуд ва имом Насаий ривояти)
[10] “Хадис ва Хаёот”дан
[11] САҲИҲ БУХОРИЙ
[12] (Azon.uz)