«Ҳадис ва ҳаёт» китоби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳадис илмида шарҳлаган китобидир. Имом Бухорий бу китобда мавзуларга оид ҳадисларни саралаб келтирганлар. Бу китоб Мансур Алий Носиф Ҳусайнийнинг Исломнинг асосий мавзулари бўйича жамланган ҳадислар тўплами бўлмиш «Ат-тажул-жамиъ лил-усул фи аҳадисир-росул» асарининг таржима ва шарҳи. Ушбу «Ҳадис ва Ҳаёт» мажмуаси 37 жилддан иборат 39 жузли йирик силсила бўлган. Улар қуйидагилардир:
1-жуз Муқаддима;
2-жуз Ислом ва Иймон китоби;
3-жуз Ният, Ихлос ва Илм китоби;
4-жуз Поклик китоби;
5-жуз Намоз китоби-1;
6-жуз Намоз китоби-2;
7-жуз Намоз китоби-3;
8-жуз Закот китоби;
9-жуз Рўза китоби;
10-жуз Ҳаж ва Умра китоби;
11-жуз Савдо, Зироат ва Вақф китоби;
12-жуз Фароиз ва Васият китоби;
13-жуз Никоҳ, Талоқ ва Идда китоби;
14/15-жузлар Қасамлар, назрлар ва ов китоби;
16/17-жузлар Таом, шароб ва либос китоби;
18-жуз Тиб ва Дам китоби;
19-жуз Оламларга рахмат пайғамбар;
20-жуз Анбиёлар қиссаси;
21-жуз Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо;
22-жуз Усмон ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо;
23-жуз Жаннат башорат берилганлар ва аҳли байт;
24-жуз Пешқадамлар розияллоҳу анҳум;
25-жуз Нубувват хонадони хонимлари;
26-жуз Ансорлар розияллоҳу анҳум;
27-жуз Ахёрлар ва Диёрлар фазли;
28-жуз Тафсир китоби;
29-жуз Тафсир, Туш ва Масаллар китоби;
30-жуз Қуръон фазилатлари китоби;
31-жуз Сияр ва Мағозийлар китоби;
32-жуз Фитналар ва Қиёмат аломатлари китоби;
33-жуз Сияр ва Мағозийлар китоби;
34-жуз Яхшилик ва Ахлоқ китоби;
35-жуз Дуолар, Зикрлар, Истиғфор ва Тавба;
36-жуз Зуҳд ва Рақоиқлар китоби;
37-жуз Адаб китоби;
38-жуз Ҳадлар китоби;
39-жуз Амирлик ва Қозилик аломатлари;
Ушбу мавзулар асосида ҳадислар келтирилиб, уни мавжуд муаммолар ечими ўлароқ ўрганишда ушбу асарнинг ўрни катта. Шу билан бирга “ҳадис ва ҳаёт” асарининг миллий қадриятларимиз уйғунлигида шарҳлангани ҳам асарнинг қадрини янада оширади десак муболаға бўлмайди.
Бу асарнинг муқаддимасида шундай дейилади:
«Ҳадис ва Ҳаёт»ни ёзиш жараёнида у кўпчилик тушунадиган содда тилда бўлишига алоҳида эътибор берилди. Қолаверса, бу китоблар юртимизда асрлар оша мусулмонларнинг ягона ва доимий фиқҳий мазҳаби бўлмиш ҳанафий мазҳабида бўлиши эътиборимизда турди.
Албатта, бош вазифалардан бири Аллоҳ юборган ва Пайғамбар алайҳиссалом татбиқ қилган мўътадил Ислом таълимотларини халқимизга етказиш эди. Шунинг учун ҳам баъзи фирқа ва тоифаларга раддиялар берилиб, уларнинг даъволари нотўғрилиги баён қилинди. Агар мазҳабимизда олинмаган ҳадислар келса, у ҳадисга қайси мазҳаб амал қилиши ва ҳанафий мазҳабида нима учун бу ҳадис олинмагани айтиб ўтилди. Баъзи ҳолатларда шарҳ қилинаётган матнда ҳанафий мазҳаби далили зикр қилинмаган бўлса, ўша далилни бошқа китоблардан топиб, ўз ўрнида зикр қилинди. Ҳозирги кунимизда турли омилларга кўра, мусулмонлар ичида тарқалиб, кўпчиликнинг ташвишига сабаб бўлаётган масалалар ҳам ўрни келганда ҳужжат ва далиллар билан ҳақиқий шаръий ҳукми айтиб ўтилди. Ихтилофлар ноўрин эканлиги баён қилинди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни араб тилидан бошқа тилларга таржима ёки шарҳ қилишда арабча матн, албатта, бирга бўлиши кераклиги ҳақидаги фатволарга амал қилиб, баъзи арабчани биладиган ўқувчиларга ёрдам бўлиши ва матннинг қудсиятини сақлаб қолиш ниятида аввал ҳар бир ҳадиснинг матни рақамланган ҳолда келтирилди. Кейин ҳадислар сўзма-сўз таржима қилинди. Шарҳга ўтганда қадимги уламоларимиз одатига эргашиб, ҳар бир ҳадиснинг ровийси бўлган саҳобийнинг қисқача таржимаи ҳоли бериб борилди. Шарҳга эҳтиёжи бор истилоҳлар ва сўзлар керагича шарҳ қилинди. Сўнгра ҳадиснинг умумий шарҳига ўтилди. Ҳадисдан чиқадиган ҳукмлар баён қилинди. Ҳадисдан олинадиган фойдалар ҳам рақамланган ҳолда санаб кўрсатилди. Айниқса, ҳар бир ҳадис маъносини бугунги кунимизга яқинлаштиришга алоҳида эътибор берилди. Баъзи бир илмий кашфиётлар ҳадисда келган маънони тасдиқлаган бўлса, улар ҳам зикр этилди.
Китобнинг жузлари асосан мавзуга қараб белгиланди. Мисол учун, «Поклик китоби», «Таом ва шароб китоби», «Яхшилик ва ахлоқ китоби», «Рўза китоби» ва шунга ўхшаш. Ҳаммаси бўлиб, «Ҳадис ва Ҳаёт» китоби ўттиз тўққиз жузни ташкил қилди. Улардан мусулмон одамнинг ҳаётида дуч келадиган асосий масалаларнинг барчасига жавоб топиш, ҳеч бўлмаганда, йўлловчи маълумот олиш мумкин.
Бу эса ўз навбатида кўпчиликни ўйлантириб турган саволларга жавоб топиш ва бошқа ерларда бўлиб ўтган, келажакда жамиятимизда содир бўлиш эҳтимоли бор масалаларни ҳам муолажа қилишда ёрдам берса ажаб эмас.
Ҳар бир мавзуни ёритишда кўпжилдлик она манбалар билан бир қаторда мазкур мавзуни ёритиш учун алоҳида битилган кўплаб асл манбалардан ҳам фойдаланилди. Ва ниҳоят, 26.06.1996 да бошланган иш Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан 10.07.2002 чоршанба, 09 соат 09 дақиқада ўз ниҳоясига етди.
Бу шарафга муяссар қилган Азизу Алийм Аллоҳга ҳадсиз шукрлар айтиш билан бирга, бу ишда ўз ёрдамини аямаган ҳамма биродарларга ўз миннатдорчилигимни изҳор қилишни муқаддас бурчим деб биламан. Албатта, уларни номма-ном санаб ўтишдан ожизман. Лекин ўша олижаноб зотлар учун умр бўйи дуода бўлишга бурчлиман.
«Ҳадис ва Ҳаёт»нинг «Муқаддима» деб аталмиш биринчи жузини сиз алоҳида қадрли ўқувчиларимга тақдим қилар эканман, бу китобни айнан азиз ватанимизда чоп этилишига алоҳида эҳтимом билдирилганини ҳам таъкидламоқчиман. Бу эса ўз навбатида китобни чоп этиш масаласини ҳал қилишда жонбозлик кўрсатган ва кўрсатадиган кишиларга, келажак жузларни нашр қилишда ёрдам бериш ниятида бўлганларга алоҳида ташаккурларимизни изҳор қилишимизни тақозо қилади.
Буюк муҳаддислар юрти бўлган бугунги мустақил ватанимизда истиқомат қилаётган ватандошларимизга уларнинг юртларини ҳам, ўзларини ҳам шарафлаган илм – ҳадис илми бўйича озгина бўлса ҳам хизмат қилган бўлсак, ўзимизни чексиз бахтиёр ҳис этар эдик.
Азиз ва қадрли ўқувчилар! «Ҳадис ва Ҳаёт» китобини ўқиш жараёнида ўзингиз учун бирор фойдали нарса топсангиз Аллоҳ таолодан деб, нуқсон ва камчиликлар учратсангиз камина ходимингиздан деб билгайсиз.
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси
Аҳмедов Оқилхон