islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

“Вақтики, ерда Қуръондан ҳеч нарса қолмайди”

Қуръон ўқиб унга амал қилувчининг ўзи ҳам, ота-онаси ҳам Аллоҳнинг раҳматига эришади ва Қуръон ўқилган уйда фаришталар ҳозир бўлиб, шайтон бу уйдан узоқлашади. Фаришталар қорининг ҳақига дуо қиладилар. Қуръон ўз қориси учун ерда нур, осмонда эса захира бўлади. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу айтадилар: Бир куни мен: «Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?», дедим. У зот дедилар: «Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларнинг бошидир». «Эй Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг», дедим. Шунда у зот айтдилар: «Сен ўзингга Қуръон тиловатини лозим тутгин, зеро у сен учун ерда нур, осмонда захирадир» (Ибн Ҳиббон ривояти).

Али ‏ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عن علي رضي الله عنه قال‏:‏ قال رسول الله صلى الله عليه وسلم‏:‏ ‏ «‏من قرأ القرآن فحفظه واستظهره أدخله الله الجنة وشفعه في عشرة من أهل بيته كلهم قد وجبت لهم النار‏» ‏‏.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръон ўқиса, унга риоя қилса, уни ёдласа, Аллоҳ уни жаннатга киритади ва у оиласидан дўзах вожиб бўлган ўн кишини шафоат қилади».

Бугун бизда Қуръони каримни ёд олиб унга амал қилганга бериладиган мукофотларга эришиш имконияти бор экан, унга шошилишимиз керак. Қиёматга яқин шундай кун келадики, у кунда мусҳафлардан ва қалблардан Қуръон кўтарилиб кетади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хабарини берган у кун келишидан олдин Аллоҳ таолонинг Каломини ёдлашга шошилиш лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом кийимнинг безаги ўчиб кетгани каби йўқолиб кетади. Ҳаттоки, рўза, намоз, тақво, эҳсоннинг нима эканини билмайдилар. Бир кечада Аллоҳнинг Китоби кўтарилади ва ундан бирор оят ерда қолмайди. Инсонлардан катта ёшлилари, қарилари қолади ва: “Аждодларимизни «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси узра топдик ва биз (ҳам шундай) деймиз”дейдилар”.

Қуръон ёд олувчилар хусусида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ўгитларига амал қилиш мақсадга мувофиқ бўлади, улар шундай деганлар: «Қуръонни ёд олувчи киши одамлар уйқуга кетганида бедорлиги билан, одамлар еб-ичишга шўнғиганда ғариб кундузи билан, одамлар фараҳга ботганида қайғуси билан, одамлар ўйин-кулгуга берилганида йиғиси билан, одамлар шовқин-сурон билан тошганида жимлиги билан бўлсин! Одамлар ҳийла–найрангга ўтганида, ўзининг қўрқинчи билан бўлсин! Қуръонни ёд олувчи йиғиси кўп, маҳзун, ҳикматли, виқорли киши бўлмоғ лозим. Қуръонни ёд олувчи киши қўпол, сершовқин, бақироқ, ғазабнок бўлмаслиги керак».

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ислом билим юрти мударрисаси

Кенжабой Гулруҳ

31490cookie-check“Вақтики, ерда Қуръондан ҳеч нарса қолмайди”
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!