islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳожатдан чиқиб нега истиғфор айтамиз?

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам агар хало (ҳожат)дан чиқсалар: “Ғуфронака!” дер, эдилар”. (Имом Термизий ривояти)

Ҳадиси шарифни шарҳлаб, Ҳабибур Роҳман Ал-хойр Ободий ҳазратлари “Мискуш шазий” асарларида бундай ёзадилар:

“Ғуфонака!” истиғфор бўлиб, “Мағфиратинг билан ила кечир”, ёки “Мағфиратингни истайман” маъносидадир. Бундан ташқари, Имом Насоий келтирган ривоятга кўра, “Алҳамду лиллаҳиллазий азҳаба аъннил аза ва аъфааний” дуоси ҳам бор. Маъноси: “Мендан азиятни кетказиб, саломат қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” Хуллас, ҳожатдан чиққан киши истиғфор айтади ёки ҳар икки дуони ҳам ўқийди.

Нима учун ҳожатдан чиқиб, истиғфор айтамиз? Бунинг ажиб ҳикматлари бор:

  1. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳожатда зикрдан узилганлари учун, чиқибоқ истиғфор айтганлар
  2. У зот алайҳис саломнинг муборак одатлари ҳамиша зикр қилиш бўлиб, қазои ҳожатда зикр қила олмаганлари учун Аллоҳ таоло олдидаги хижолату надоматларини изҳор қилганлар
  3. Қазои ҳожатдан сўнг офият берилиши, таом ҳазм бўлиб кетиши, бадан таомга тўйиниши, бутун жасад бўйлаб фойдали нарсалар тарқалиб, кераксиз моддалар осонлик билан чиқиб кетиши – инсон боласи учун жуда катта НЕЪМАТдир. Бу буюк неъматга инсон шукр қилиб ҳам, ҳаққини адо қила олмагани учун истиғфор айтиши керак бўлади.
  4. Аллоҳ олдидаги бандалигини изҳор қилиш, унинг раҳматини исташ учун истиғфор айтилади. Чунки, Ҳабибимиз саллоллоҳу алайҳи васаллам кун давомида 70 тадан кўп истиғфор айтганлар, гарчи гуноҳлари бўлмаса ҳам!
  5. Тилни доимий зикрга ўргатиш ва қалб ҳам мана шунга ҳозир туришини одат қилиш
  6. Ҳожатдан кейин истиғфор сўраш, Одам алайҳис саломдан қолган бўлиб, у киши жаннатдан туширилганларида, қазои ҳожат қилганлар ва ҳид тарқаган. Бу ёқимсиз ҳид сабабини таъқиқланган мевани еганларидан кўриб, Аллоҳга истиғфор келтирганлар.
  7. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам умматга таълим бериш учун ўзлари истиғфор айтиб кўрсатиб берганлар.
  8. “Ғуфронака!” фақат мағфират эмас, шукр маъносида ҳамдир. Чунки араблар: “Ғуфронака, ла куфронака!” дейдилар. Яъни, “ғуфронака” – сенга шукр қиламиз; “ла куфронака” – сенга ношукрчилик қилмаймиз, маъносида бўлади.

Хоҳ катта ҳожат, хоҳ кичик ҳожатдан чиқсак, дуо ва истиғфор сўрашимиз биз учун Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир. Чиқибоқ Роббимини зикр қилишимиз, Яратувчимизга ҳамд айтишимиз – бизни бандалигимиз исботидир.

         Тасаввур қилайлик, овқат еяверсак, суюқлик ичаверсак ва у осонлик билан баданимиздан чиқиб кетмаса қандай даҳшатли ҳолатга тушиб қоламиз?!

        Аввало, тошмалар, қичишишлар, аллергиялар, шишлар, бошқа ички аъзоларнинг ўз ишини бажармай қўйиши, семириш, хунуклашиш, иштаҳасизлик, дангасалик, сусткашлик, ёқимсиз ҳидлар тарқалиши ва энг ёмони ўз-ўзимизни нажосатлардан халос қилиш йўлларни излаб топиш балосига гирифтор бўлар эдик! Сир эмас, ҳозирда мана шундай ускуна медетцинада ихтиро қилинган. “Амок” номли аппарат баъзи ахлат чиқариш муоммоси билан оғиган беморларнинг нажосатларини тортиб, уларни тозалаб беради. Буни нечи кун, нечи марта қилиш мумкин? Бу жараён бир ойда кўпи билан 2,3 марта, бўлиб ҳам ёши катталарга, оила қурганларга рухсат этилади. Ҳаммада ҳам қўлланилмайди. Демак, инсон ихтиро қилган тозалаш аппарати ҳам чекланган ва унинг нуқсони бор. Аммо, Роббимиз берган осон ҳазм қилиш ва уни чиқариб юбориш техникаси бехато ва нуқсонсиз, ҳамма учун ва ҳамма вақт беминнат ишлаб туради. Афсуски, кўпинча буни ҳис қилмаймиз ҳам!

Баъзи беморлар қон ва пешоб аралашиб кетмаслиги пешоб қопча тақиб юрадилар. Бу нақадар оғир ва ёқимсиз жараён. Шукрки, Аллоҳ бизга булардан осон қутулиш йўлларини бериб қўйганки, минг марталаб, миллион марталаб шукр қилсак ҳам, неъматга раҳмат билдира олмаймиз. Шу боис, истиғфор айтамиз, хижолат тортамиз, ожизу нотавон эканимизни изҳор қиламиз.

Ҳожатдан чиқибоқ, неъмат Соҳибига истиғфор айтишимиз, унга ташаккур ила дуо қилишмиз – айни биз учун муносиб ишдир!

Келинг, шу осон дуони айтайлик, ҳамда нима учун айтиб юришимизни қалбан ҳис қилайлик!

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси ўқитувчиси Н.Саидакбарова

327040cookie-checkҲожатдан чиқиб нега истиғфор айтамиз?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: