Ўзбекистонда исломий молия йўлга қўйилса, юқори натижаларга эришиш мумкин. Бу ҳақда Самарқандда ўтказилган иқтисодий форум ёпилишида Халқаро ислом савдо молия корпорацияси бош операцион директори Назеем Ноордали айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Экспертнинг таъкидлашича, республикада мусулмонлар кўплиги боис, исломий молия тизими тез ривожланиши мумкин.
Ўзбекистонга ҳали исломий молия чуқур кириб бормади. Исломий молиялашни чакана савдо ва бошқа барча соҳаларга кириб боришига қонунчилик имконият бериши керак. Бунга иқтисодиётнинг альтернатив имконияти сифатида қараш лозим. Ўзбекистонда исломий молия йўлга қўйилса, катта натижаларга эришиш мумкин. Айтиш керакки, мамлакат бу тизимни жорий этса, минтақада исломий капитал бозори учун регионал марказга айланиш эҳтимоли катта. Чунки аҳолининг аксарият қисми мусулмонлар.
Назеем Ноордали мамлакат иқтисодиёти тўғрисида ҳам фикр билдирди.
«Бугунги Ўзбекистон иқтисодиётини 2018 йилдагиси билан солиштирганда ҳукумат иқтисодиётни трансформация қилишда катта натижаларга эришганини кўриш мумкин. Ҳозир мамлакатда кичик ва ўрта бизнес ривожланиши яхши жараёнда. Банк тизими ҳам сифат даражасига ўтяпти. 2026 йилгача белгиланган тараққиёт стратегиясига қараб, Ўзбекистонни ўсиб келаётган давлат дейиш мумкин. Барча қийинчиликларга қарамасдан ривожланишга ҳукумат ва халқ ишончи ҳамда хоҳиши кучли. Мамлакатни келажакда янада ривожланишини кўриш истагидаман», – деди мутахассис.
Аввалроқ бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон аҳолисини келгуси беш йил ичида бир қатор ўзгаришлар кутаётганини айтганди.
«Бу даврда электр ишлаб чиқариш станцияларини яшил энергия манбаларига алмаштирамиз. Банклардан фақат биттаси давлат банки бўлиб қолади. Қолганлари хусусий бўлади. Келаси 5 йил ичида мамлакатда камбағаллар сони 2 баравар камаяди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми киши бошига 2 минг 800 долларни ташкил қилади», – деган эди вазир.
Манба:daryo