islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Аллоҳ адолат қилувчиларни севар”

Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни ўрнатиш, миллатлар ва эллатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб, ҳозирда бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Уларнинг ёрқин намунаси 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”дир. Ҳозирда ушбу кун бутун дунёда “Ҳалқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланади.

Тошкент ислом институтида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик — жамият барқарорлиги гарови” мавзусида модуль таълим тизими талабалари ва кундузги таълим тизими талаба қизлари учун давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент ислом институти ва Тошкент давлат юридик университети доценти, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), Абдурасул Абдуллаев маъруза билан иштирок этди.

Аллоҳ таоло «Мумтаҳана» сурасининг 8-9 оятларида марҳамат қилиб айтади: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севар. Аллоҳ фақат сизларни дин тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришга бир-бирларига ёрдамлашган кимсалар билан дўстлашишингиздан қайтарур. Кимки улар дўстлашса, бас, ана ўшалар айнан золим кимсалардир». Аллоҳ таоло ўзи ояти каримада инсонларни ўзаро аҳил-иноқ, бирдамликда яшашга чақирмоқда.

Ҳазрати Умарнинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатҳоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларга ибодат қилмаслиги кафолатланган эди.

Ғайридинларга берилган кенглик, омонлик ва ҳуррият борасида зарбулмасал бўлган мазкур аҳдноманинг матни қуйидагича:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ушбу, Аллоҳнинг бандаси, амирул мўминийн Умар томонидан Илиё аҳлига берилган омондир. Уларнинг жонларига ва молларига, канисалари ва бутларига, шаҳарнинг бемору соғ барча миллатига омонлик берар. Уларнинг канисаларида биров истиқомат қилмас ва уларни бузилмас. Уларга ва уларга тегишли жойларга, шунингдек, уларнинг бутларига ва молу мулкларидан ҳеч бир нарсага нуқсон етказилмас. Уларнинг бирортасига ҳеч ким қасддан зарар етказмас. Илиёда улар билан бирорта ҳам яҳудий бирга яшамас. Аҳли Илиё ҳам, Аҳли Мадоин каби, жизя берарлар. Улар у ердан румликлар ва ўғриларни чиқаришлари керак. Улардан ким бошқа томон чиқса, тинч жойига етиб олгунча жони ҳам, моли ҳам омонда бўлур. Ким туриб қолса, омонликдадир. У ҳам Аҳли Илиё мислича жизя беради.

Илиё ахдидан жонини ва молини олиб, ибодатхонаси ва бутларини қолдириб румликлар билан кетмоқчи бўлганларнинг ўзларига, ибодатхоналари ва бутларига тинч жойларига етиб олгунларича омонлик берилур. Фалончининг ўлдирилишигача ер эгаси бўлганлардан ким ўтириб қолишни хоҳласа, қолиб, Ахли Илиё каби жизя ўтасин. Хохлаганлар румликлар билан кетсин. Ким хохлаб ўз ахдига қайтиб келса, ҳосилни йиғиб олгунларича улардан ҳеч нарса олинмайди. Ушбу ёзилганларга Аллоҳнинг аҳди, Унинг Расулининг, халифаларининг ва мўминларнинг зиммаси бўлур. Агар Аҳли Илиё ўзларига белгиланган жизяни ўтасалар.

Ушбу аҳдномага Холид ибн Валид, Амр ибн Осс, Абдурроҳман ибн Авф, Муовия ибн Абу Суфён гувоҳ бўлдилар. Ўн бешинчи санада ёзиб, таҳрир қилинди».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжиддарига туширганлар ва «Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман», деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар.

Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳиблари бўлган олимларни тўплаган, ҳамда уларга: «Илмдан нимани хоҳласангиз баҳс қилаверинглар, фақат, тоифачилик мушкулоти келиб чиқмаслиги учун, бирингиз ўз диний китобидан далил келтирмаса бўлди», деган эди.

ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси

катта ўқитувчиси Т.Азимов 

 

342730cookie-check“Аллоҳ адолат қилувчиларни севар”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: