Бугун, 12 май Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда Рамазон ойи кириб келаётгани муносабати билан “Инсон қадри азиз, ўтганлар хотираси – муқаддас” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида узоқ йиллар машаққатли ва самарали меҳнат қилиб, юртимизда муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб этиш, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ишига беқиёс ҳисса қўшган марҳум ва барҳаёт муфтийлар, муфтий ўринбослари, олий маъҳад ректорлари ва мударрислари, устоз имомларга ҳурмат бажо келтирилди.
Мазкур фахрий устозлар ўз ташрифлари билан тадбирга файзи футуҳ бағишладилар:
– муфтий ўринбосари Исмоил Махдум Соттиевнинг ўғиллари Абдуллоҳ домла Исмоилов;
– муфтий ўринбосари Юсуфхонтўра Шокировнинг ўғиллари Муҳаммад-акмалхон Шокиров;
– узоқ йиллар муфтий ўринбосари вазифасида хизмат қилган Абдураззоқ домла Юнусов;
– Олий маъҳадга турли йилларда ректорлик қилган Абдуқаҳҳор домла Шоший, Абдуқаюм домла Азимов;
– Кўплаб қорилар устози, “Шайх Зайниддин” масжидида кўп йиллар имомлик қилган Раҳматуллоҳ қори Обидов;
– Тошкент ислом институтининг фахрли устозлари Аҳмаджон домла Бобомуродзода, Илҳомжон домла Эшонжонов, Жалолиддин домла Ҳамроқулов, Собиржон домла Рустамов, Мўминжон домла Сайдалиев.
Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Абулҳасан Нуримон, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси Салоҳиддин Шерхонов ва Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти директор ўринбосари Абдулвосеъ Ғаниев мазкур тадбирда иштирок этдилар.
Тадбир бошида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” Республика босқичи “Олий ўрин” соҳиби институтимиз 3-курс талабаси Йўлдош қори Нуриддинов тиловат қилиб берди. ЎМИ раиси ўринбосари лавозимида кўп йиллар самарали меҳнат қилган Абдураззоқ Юнусов дуо қилиб, ўтганлар ҳақига дуои хайрлар қилдилар.
Дастлаб, институт ректори Уйғун Ғафуров мустабид тузум даврида жасорат ила меҳнат қилган дин уламоларини хотирлаш юртимизда бугунги дорул-омон кунларда диний-маърифий соҳадаги ижобий ўзгаришлар қадрига етишнинг замини экани ҳақида сўз юритди.
Сўнгра Абдураззоқ домла Юнусов, Абдуқаҳҳор домла Шоший диний соҳадаги яқин ўтмиш хотиралари билан ўртоқлашди. Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Абулҳасан Нуримон ҳам сўз олиб, тадбирга ташриф буюрган азиз ва қадрли устозларни кўриб турганидан мамнунлигини изҳор этди.
Шундан сўнг, фахрий устозларга диний соҳада кўрсатган жонбозликлари ва хизматларини қадрлаб институт томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тадбир давомида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” ғолиб ва совриндорлари, уларнинг устозлари ҳамда танловнинг ташкилиш ишларида ўзларининг маънавий ва моддий ёрдамларини аямаган бир гуруҳ устозлагар – Собир домла Рустамов, Ҳасан домла Қодиров, Жалолиддин домла Ҳамроқуловга институт раҳбарияти томонидан ташаккурнома билдирилди.
Энг асосийси, қори талабаларнинг бундай юқори натижа кўрсатишларига сабабчи бўлган устозлари – Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмад қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудовга музлатгич совға қилинди.
“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018”нинг Республика босқичи “Олий ўрин” соҳиблари Йўлдош қори Нуриддинов ва Нажмиддинова Робияга 2018-2019 ўқув йили тўлов-шартнома маблағи, 2-ўрин соҳиби Муҳаммадхожи Мирзо қори Саидалиев, 3-ўрин соҳиби Ҳамидуллоҳ қори Нажмиддинов ва 1-ўрин соҳибаси Саъдуллаева Муфаззалага 1-семестрнинг тўлов-шартнома маблағи институт томонидан тўлаб бериладиган бўлди.
Кувайт ва Эронда ўтказилган халқаро миқёсдаги Қуръон мусобақаларда юртимиз ҳамда институтмиз шарафини муносиб ҳимоя қилган қори-талабалар – Раҳмонберди Абдулазиз ва Туйғун Иброҳимга ҳам қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.
“Ҳадиси шариф билимдони – 2018” Республика танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиби Юсупов Халиллуллоҳ ва 2-ўрин соҳиби Тўхтасинов Рўзимуҳаммадга қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар берилди.
Шунингдек, тадбирда келаётган Рамазон ойида Тошкент шаҳри ва вилоятининг масжидларида “Хатми Қуръон”га ўтадиган 78 нафар институ қори устоз ва талабаларига Яратгандан мадад сўраб дуойи хайрлар қилинди.
Тадбир сўнгида Раҳмонберди Абдулазиз Қуръон тиловати қилиб берди ва устоз Абдуқаҳҳор домла Шоший дуо қилиб, савобларни марҳум устозлар ҳамда ўтганлар руҳига бағишладилар.
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими
услубчиси Усмонхон Баҳодирхонов