islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олий маъҳад битирувчилари Имом Термизий мадрасасида дарс берадилар

Тошкент ислом институтига Сурхондарё вилоятида жойлашган Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурулло Умаров ташриф буюриб, сурхондарёлик ва қашқадарёлик талабалар билан учрашди.

Тадбирни ТИИ ректори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов кириш сўзи билан очиб берди.

Айни пайтда Олий маъҳадда 13 нафар сурхондарёлик ва қашқадарёлик юқори курс талабалари таҳсил олмоқда.

Мазкур талабалар институтни битиргач, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги масжидларга имом-хатиб ёки ноиб имом вазифалари билан бир қаторда Термиз шаҳридаги Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасига ўқитувчи лавозимига ишга тақсимот қилинадилар.

 Мулоқотда Ш.Умаров Имом Термизий мадрасаси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти, ўқитувчи ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, келгусидаги режалар тўғрисида маълуот берди.

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириғи ижроси юзасидан 2020 йилда ташкил этилган эди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”  ПҚ-2774-сонли қарорига асосан ташкил этилган.

Имом Термизий халқаро марказининг асосий вазифалари қуйидагилар:

Ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш;

Юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан доимий иш олиб бориш;

Турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш;

Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;

Мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

Маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланишга доир тегишли илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш.

Имом Термизий мадрасаси: https://t.me/termiziylar

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази: https://t.me/Imom_Termiziy

ТИИ Матбуот хизмати

366730cookie-checkОлий маъҳад битирувчилари Имом Термизий мадрасасида дарс берадилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: