islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мусталаҳyл-ҳадис илмининг шаклланиши

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик вақтларида ва тўрт халифа даври, то юзинчи ҳижрий йилгача ҳадисларни ёзиб қўйиш расмий равишда йўлга қўйилмаган. Чунки у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мендан Қуръондан бошқани ёзманглар”, деганлар. Аммо хусусий равишда ўзлари учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ёзиб юрганлар бор эди. Лекин ёзганлар ҳам, ёзмаганлар ҳам ҳадисларни ўта аниқлик билан ривоят қилишликни ўзларининг муқаддас бурчлари, деб билар эдилар. Бирорта ҳадисни аниқлаш учун ҳар қанча оғир меҳнатдан, узоқ сафардан қочмас эдилар.

Биринчи ҳижрий аср охирида халифалик қилган Умар ибн Абдулазиз (вафоти 101-ҳ.)  Ибн Шиҳоб аз–Зуҳрийдан (вафоти 124-ҳ.) ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоб ёзишни сўрадилар. Шунда Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди. Бу муборак ва масъулиятли вазифага алоҳида ҳимматли уламолар бел боғлаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ишончли, адолатли ривоятлардан олишни, суннати набавийя пок, соф эканлигини исбот этишни ўз олдиларига вазифа қилиб қўйдилар. Шу билан бирга улар сохта ҳадислар ва уларни тўқиганларни фош қилишни ҳам кўзлаб иш олиб бордилар. Улар бу мақсадга эришиш йўлида инсоният тарихида мисли кўрилмаган улкан ва нозик, ишончли ва покиза илмий иш олиб бордилар.

Ҳижрий учинчи аср ҳадис илмининг олтин асри бўлди. Айнан шу асрда бу илм ривож топиб, энг машҳур китоблар ёзилди. Аввал бошида уламолар “Муснад” китоблар таълиф этишди. Сўнгра Имом Бухорий (вафоти 256-ҳ.) ўзларининг “Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобларини ёздилар. Кейин айнан шу услубда шогирдлари Имом Муслим “Саҳиҳ ал-Муслим” (вафоти 261-ҳ.) китобларини туздилар. Мана шу асрда “Сунан” номи билан шуҳрат топган ҳадис китобларини таълиф этиш одат тусига кирди. Имом Абу Довуд (вафоти 275-ҳ.), Имом Термизий (вафоти 279-ҳ.), Имом Насаий (вафоти 303-ҳ.) ва Имом ибн Можаларнинг (ваоти 273-ҳ.)  “Сунан” китоблари ана шу китобларнинг энг машҳурларидир.

Булардан кейин келган муҳаддислар ҳам асосан аввалги муҳаддислар тўплаган ҳадисларни турли тўпламларга жамлаш, тартибга солиш  ёки уларга шарҳ ёзиш билан шуғулланганлар. Мазкур илмий ҳаракат самараси ўлароқ “Мусталаҳ ал-ҳадис” илми пайдо бўлди. Бу илм: ривоят қилинган хабарнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини аниқловчи илмдир. У тўғри бўлса, қай даражада тўғри, нотўғри бўлса, қай даражада нотўғри эканлигини яхшилаб баён қилиш қоидаларини ўз ичига олади. Бу илм туфайли дунёдаги хабар ва ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашнинг энг ишончли услуби ва йўллари ишлаб чиқилди. Муҳаддисларнинг бу илмга асос солишлари бошқа илмларнинг ривожига ҳам сабаб бўлди.

Тошкент ислом институти талабаси

 Саидасрор Нақибхонов

366210cookie-checkМусталаҳyл-ҳадис илмининг шаклланиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: