islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Масхара қилиш-жирканч иллатдир.  

Билинг, мазаҳ ёмон иллат. Чунки буни зарари ҳар иккала томонга баробар тегади. Яъни бу мазаҳ қилувчини шарманда қилади ва мазаҳ қилинган инсонга озор беради. Мазаҳ қилувчини шарманда бўлиши биринчи ўринда ундан ҳайбати ва ҳаёсини кетказади. Иккинчидан ғавғо ва нодонликни келтиради. Энди солиҳ кишиларни озорлашга келсак, уларни беҳуда, бемаза қилиқдан қалби ранжийди. Мазаҳ, бу шайтондан кўчирма ва кибру ҳаводан дарак. Умар ибн Абдулазиз айтади: Масхара қилишдан сақланинг, чунки бу ахмоқлик, адоватни мерос қилади. Баъзи уламолар айтади: “Масхара қилишлик ҳайбатни ейди, гўё олов ўтинни егандек”.

Албатта мазаҳни бошланиши ҳаловат,
лекин унинг охири адоватдир.

Одамлар бир-бирини нима учун масхара қилади? Бир инсонни “қувватсиз” бўлгани, билимсиз бўлгани, камбағал бўлгани учун масхара қилади. Масхара қилиш учун ерга уруш ўзини баланд билиш кифоя. Бир одамни хилқатини (яъни ташқи кўринишини) масхара қилмоқчи бўлса, демак у Аллоҳнинг қудратини масхара қилибди. Уни бўйи узун, уники пакана, бу семиз, у ариқ каби сўзлар билан Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй мўминлар, бир қавм иккинчи қавм устидан масхара қилиб қўймасин, балки улар сизлардан устунроқдур” дейди.

Масхара қилиш сўз билан, гоҳи иш-ҳаракат, гоҳи ишора билан бўлади. Масхарани асли енгилтакликдан келиб чиқади. Енгил табиатли инсон бошқаларни масхара қилади. Бойлар айтади: мени бир жойим Аллоҳга ёқиб қолгани учун мени бой қилди, сени бир жойинг Аллоҳга ёқмагани учун сени камбағал қилди. Аслида бойлик ва камбағаллик бизларга берилган синовдир.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир фақир киши келди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Мени ҳузуримга сизни келишингизни Жаброил алайхиссалом хабарини берган, хуш келибсиз дедилар. У киши менга ўхшаган, деди. “Ҳа” ерда эътиборсиз бўлган самода саййидлардан бўлган инсон, дедилар.

Демак биз қадримизни Аллоҳнинг хузурига борганда биламиз. Масхара қилишда бандаларга жабр қилиш ва ширк хавфи бор. Ҳар ким ўзидаги бор нарса билан фахрланиши ўзини қилдим, ўзим топдим ҳамма нарсани ўзига хослаши ширк бўлади.

Қорун: “Мени бойлигим мени илмим учун бўлди” дейди. Биз ҳамма нарсани Аллоҳдан деб билишимиз кэрак. Масхарани ҳар қандай турини қилмаслик керак. Мусулмон инсоннинг масхара қилиш мусулмонликдан бўлмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

Эй иймон келтирганлар ! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар, ўзлари золимлардир. (Ҳужурот сураси 11 оят)

Албатта ўзгаларни масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишдан қайтармоқда.

“Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир”.

Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ушбу оятни яна,

“Эй иймон келтирганлар!” нидоси ила бошламоқда. Бу сураи шарифанинг аввалидан бери бу шаклдаги тўртинчи нидодир. Шунинг ўзи ҳам нидодан кейин келадиган масала ўта муҳимлигидан дарак беради.

Ожиз инсон ҳар нарсани ўз ўлчови билан ўлчашга ҳаракат қилади. Шунингдек, масхара қилувчилар ҳам ўзларича одамларни қадрини ўлчашиб, бой камбағалдан, кучли кучсиздан, амалдор амали йўқдан, фарзанди кўп фарзандсиздан кулиши мумкин. Лекин Аллоҳнинг ўлчови бошқа. Эҳтимол, ҳеч ким кўзга илмайдиган бир инсон Аллоҳнинг ҳузурида минглаб бой-зодагон, уддабуронлардан чандон-чандон яхши мартабададир.

Одатда, кўпгина ишлар ҳақидаги ҳукмлар эркакларга хитобан айтилса-да, ўз-ўзидан аёлларни ҳам ичига олиб кетаверади. Аммо бир-бирини масхара қилишдан ман қилувчи хитобда эркаклардан кейин аёллар алоҳида зикр қилинган.

“Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир”.

Нимага? Чунки, бир-бирини масхара қилиб устидан кулиш, турли ишлар билан фахрланиб ўзгаларни камситиш аёлларда кўпроқ учрайди. Чиройли аёл хунугини, бойи камбағалини, ёши қарисини, моҳираси нўноғини масхара қилиб устидан кулади. Лекин Аллоҳнинг ўлчови бошқа-ку! Эҳтимол, ҳаётда хунук, камбағал, нўноқ бўлган аёл Аллоҳнинг ҳузурида минглаб чиройли, бой ва моҳира аёллардан кўра яхшироқдир.

Ҳа, кишилар қадрини ўлчашда Аллоҳнинг торозуси ҳақиқий торозу ҳисобланади.

Сўнгра оятда мўминлар яна бир юксак одобга чақириладилар:

“Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг”.

Ояти каримадаги ушбу жумла ким бирон мўминни мазах қилса, ўзини мазах қилган билан баробар эканлигини айтмоқда. Чунки, улар бир оиланинг фарзандлари, бир жисмнинг аъзолари, шунинг учун, ким бирор биродарини мазах қилса, ўзини мазах қилган бўлади. Биз “мазах қилиш” деб таржима қилаётган сўз оятда “Ла талмизу” бўлиб келган бу сўз “Ламз”дан олинган бўлиб, бирор кишининг, нуқсонларини тил билан зикр қилиб айблашга айтилади. Мисол учун, фалончи кўр, писмадончи чўлоқ ёки анаву мана бундоқ қилиб гапиради, кабилар. Албатта, бир-бирини мазах қилиш орқасидан жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчиликлар, норозиликлар келиб чиқади. Натижада ижтимоий алоқалар бузилади, жамиятга катта зарар етади. Ислом жамиятида эса, бунинг акси бўлиши керак.

Ояти каримадаги даъват қилаётган учинчи юксак одоб  Аллоҳнинг:

“бир-бирингизга лақаб қўйманг”, деган сўзида намоён бўлган.

Одатда, лақаб қўйиш орқали бир кишини камситиш, масхара қилиш мақсади бўлади. Ҳам лақаб ёмон сифатларни зикр қилишдан иборат. Демак, бу иш аслида яхши эмас. Ислом гўзал дин, гўзалликни тарғиб қилувчи дин, “Аллоҳ гўзалдир, Аллоҳ гўзалликни яхши кўради”, дейилади асарларда.

Шунинг учун ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом жоҳилият пайтидан қолган хунук исм ва лақабларни чиройлисига алмаштирганлари ҳаммага маълум.

Имом Аҳмад қилган ривоятда Абу Жубайра ибн Аз-Заҳҳок деганларки: “Бир-бирингизни мазах қилманг” ояти бизнинг, Бани Салама қабиламиз ҳақида нозил бўлган.  Расулуллоҳ соллалоҳу  алайҳи васаллам Мадинага келганларида, бизнинг ҳар биримизнинг икки ёки уч  хил номларимиз бор эди. Агар у киши бирортамизни ўша исмлардан бирини айтиб чақирсалар, кишилар: “Эй Расулуллоҳ, у бу исмни эшитса ғазаби чиқади”, дейишарди.

Кейинги даврларда ҳам бу ғайри одобий ишга қарши қаттиқ кураш олиб борилган. Лақаб қўйиш орқали инсонни камситиш катта гуноҳ ҳисобланади. Айниқса, у инсон мўмин бўлса. Шунинг учун ҳам, оятда:

“Иймондан кейин фосиқлик исми қандоқ ҳам ёмон!” дейилмоқда.

Агар баъзи кишилар бир-бирларига лақаб қўйишиб юрган бўлсалар, ҳукмни билмаган бўлсалар, энди ҳукмни билиб, тушуниб етиб тавба қилсинлар, астойдил наъдомат чекиб, кейин бу ишни такрорламасинлар. Шунда Аллоҳ таоло уларни аввалги гуноҳларини кечиради. Тавба қилмаганлар-чи? Бу саволга жавоб оятни ўзида келган:

“Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир”.

Соф исломий жамиятда кишиларнинг иззат-обрўлари, шахсий ҳурриятлари қандай сақланиши ҳақидаги йўл-йўриқлар келгуси оятда давом этади.

ТИИ талабаси Турсунбоев Абдулаҳад

371150cookie-checkМасхара қилиш-жирканч иллатдир.  

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: