islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Муслим ҳаёти ва ижоди.

Имом Муслимниг тўлиқ исми қуйидагича: Муслим ибн Ҳажжок ибн Муслим ибн Вард ибн Кувшоз ал-Қушайрий ан-Нисобурий. Куняси Абу Ҳусайн. Имом Муслимнинг «Қушайрий» нисбати ҳақида турлича талқинлар мавжуд. Бу нисбат бевосита имомнинг ўзига тегишлими ёки унинг аждодларини қулликдан озод қилган ёхуд иттифоқдош мавлоларигами, деган саволга икки хил жавоб берилган. Имом Ибн Салоҳ бу нисбат унинг ўзига тегишли эканини таъкидласа, бир қатор муҳаддис ва муаррихларининг фикрича, Қушайрий нисбати имом Муслимнинг мавлоларига тегишли бўлиб, шунинг учун уни ҳам Қушайрий дейишган.
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ араблар наслидан бўлиб, Қушайр арабларнинг маълум ва машҳур қабиласидир. Қабиланинг насаби Қушайр ибн Каъб ибн Рабиъа ибн Омир ибн Саъсаъадан бошланади. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ имом Муслим ҳақида шундай дейди: «У киши насабда Қушайрий, ватанига кўра Найсобурий, асл келиб чиқиши араблардан, ҳадис илмида имомларнинг энг улуғ намояндаларидандир».
Ибн Салоҳ айтади: «У кишининг насаби Қушайрий, ватани Найсобур, асл келиб чиқиши араб, Хуросоннинг аҳли ҳадисларидандир».
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 261 cана ражаб ойининг йигирма бешинчисида душанба кечаси вафот топди. Бу милодий 875 йил 6 майга тўғри келади. Юқорида таъкидланганидек, энг тўғри фикрга кўра, у киши вафот этганда эллик беш ёшда бўлган. Халқ буюк имомнинг ўлимидан қаттиқ қайғуга тушди. Имом Муслим ибн Ҳажжож сешанба куни Найсобурнинг Насробод деган жойидаги Зиёд майдонининг кираверишига дафн қилинди.
Кўпчилик манбаларда имом Муслимнинг ўлими сабаби ҳақида ибн Салоҳнинг юқорида ўтган гаплари келтирилади. Унга кўра, имом Муслим бир ҳадис устида изланиб, ишга бутунлай шўнғиб кетганидан ёнида турган бир сават хурмони еб қўйганини сезмай қолади ва шу туфайли касал бўлиб, дунёдан кўз юмади.
Аллоҳ буюк имомимиз Муслим ибн Ҳажжожни Ўз раҳматига олсин, даражотини баланд қилсин, жаннатнинг юксак манзилларида Ўз дийдори билан меҳмон қилсин!
Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ини ўн беш йил давомида таълиф қилган. Бу эса муаллиф ушбу асарни яратиш учун жуда катта куч сарфлаганини билдиради. Ундаги ҳадисларни минглаб саҳиҳ ҳадислар орасидан саралаб, жамлашнинг ўзи жуда оғир меҳнатдир. Имом Муслим бу ҳақда: «Ушбу саҳиҳ муснадни эшитган уч юз мингта ҳадисларим орасидан тасниф қилдим», деган. Бу эса у зотга дунё ҳофизларидан бири деган унвон бежиз берилмаганини англатади.
«Саҳиҳи Муслим»даги ҳадисларнинг адади ҳақидаги турлича фикрлар қадимда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Бундай тафовутлар такрорланган ҳадисларни рақамлаш ёки рақамламай, тавобиъ ва шавоҳид сифатида келтириш натижасида юзага келган. Ҳофиз Абу Қурайш Абу Зуръа Розийга имом Муслим ҳақида сўзлаб туриб, «Бу имом ўз «Саҳиҳи»да тўрт минг ҳадисни жамлаган», деган. Ибн Салоҳнинг таъкидлашича, Абу Қурайш бу ерда «Саҳиҳи Муслим»даги такрорсиз, асл ҳадисларни назарда тутган. Имом Нававий буни «Дарҳақиқат, такрорийлари тушириб қолдирилса, ундаги ҳадислар тўрт минг атрофида бўлади», деб изоҳлаган.
Замондош тадқиқотчи олимлардан шайх Муҳаммад Фуод Абдулбоқийнинг ҳисоби бўйича, «Саҳиҳи Муслим»даги такрорсиз ҳадислар сони уч минг ўттиз учтадир. Тадқиқотчи бу ҳақда қуйидагиларни айтади: «Имом Муслим ҳадиснинг битта санади билан кифояланмай, бошқа санадларни ҳам келтирган. Мен буни кўргач, бир ҳадиснинг ортидан келтирилган турли йўллар (санадлар) кўплигига қарамай, аслий ҳадисларни аниқлаш керак деб билдим ва ҳадисларга китобнинг бошидан охиригача тартиб рақами бериб чиқдим. Шунда асл ҳадисларнинг сони уч минг ўттиз учтага етди».
Асардаги ҳадисларнинг адади такрорлари билан бирга ҳисоблаганда беш минг етти юз етмиштадир. Бунга «Муқаддима»даги ҳадислар кирмайди такрорларини ҳисобга олмаганда еттитадир. Лекин бу ҳисоб тарожумдаги асл ҳадисларга хос бўлиб, тавобиъ ва шавоҳидлар бунга кирмайди. Агар уларни ҳам қўшадиган бўлсак, жами адад бир минг олти юз ўн бештага етади ва муқаддимадаги учта ҳадис зиёда бўлади. Шунда «Cаҳиҳи Муслим»даги жами ҳадислар сони етти минг уч юз тўқсон бешта бўлади. Асардаги ҳадисларнинг адади турлича кўрсатилишининг сабаби ва бу ҳақдаги баҳсларнинг хулосаси мана шулардан иборат.

Тошкент ислом институти
талабаси Қуддусов Абдуллоҳ

371240cookie-checkИмом Муслим ҳаёти ва ижоди.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: